Билим ҳақида

“Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ , ва ҳеч қачон бўлмагай”.
Имом Бухорий
Биз илм ҳақида, унинг моҳияти хусусида сўз юритишдан олдин, илм олгувчи шахснинг моҳияти ҳақида суҳбалашиб олсак. Чунки илм ушбу шахсни комилликка етказиш учун тақдим этилган илоҳий инъомдир. Инсон ким эканини биламизми? Инсон Аллоҳ таоло яратган махлуқотлари орасида энг олийси бўлиб, ақл билан сийлангандир. Ер юзидаги барча нарсалар унга хизмат қилиш учун буйсундириб қўйилган ва у барча нарсалардан афзал этилган ва бутун замин, обод эцин деб, инсоннинг қўлига топширилган. Қуръони каримда шундай дейилади:
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида:
“Мўмин киши Аллоҳ таоло наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир” – деган эканлар. Инсон вужудидаги моддий тарафни ислоҳ қилиш билан биргаликда маънавий жиҳатни ҳам ёддан чиқармаслиги лозим.Агар моддий томон маънавий томондан устунлик қилса, киши ҳақиқатни англамай қолади, фаросат, ақл-идрок кўзи беркилади ва маънавий хасталикка учрайди. Бу хасталикни даволашнинг бирдан-бир йўли эса тарбия чашмаларидан қониб сув ичиш, яъни мустаҳкам билимга суяниш, уларни ўрганиб,қатъий амал қилишдир. Юқорида зикр этилган инсонийлик моҳиятига муносиб бўлиш учун кишининг табиий ақли қосирлик қилиб қолиши мумкин. Шунинг эътиборидан ақлни сайқаллаш, руҳни буҳронлардан ҳимоя қилиш, маънавий юксалтириш учун илм воситасидан фойдаланишга буюрилганмиз.
Илм маънавиятнинг муҳим таркибий қисмларидан бўлиб инсонни камолотга етаклайди, унга ҳурмат ва эътибор келтиради. Билимли кишилар самарали ижодий ва илмий ишлари билан эл орасида ҳурмат топадилар, жамиятнинг ривожланишига ҳисса, халқининг ва ватанининг обрўсига обрў қўшдилар. Имом Бухорий бобомизнинг шоҳ асари, Қуръони каримдан кейинги иккинчи манба сифатида кўрилувчи “Суҳиҳул Бухорий” асарининг “Илм китоби” қисми биринчи боби “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”(Мужодала сураси, 11 оят) ояти билан бошлаган бўлиб, мазкур оятда имон сўзи илмдан муқаддам келтирилган. Бу эса имон ва илм бир-бири билан чамбарчас боғлиқлиги, илм олишдан мақсад жамиятнинг тараққиёти ва охират саодати экани, имонсиз илм эса инсониятга зарардан бошқа нарса келтирмаслиги баён қилинган.
“Илм” сўзи луғатда “билиш, англаб, тушунча ҳосил қилиш, бир нарсанинг ҳақиқатини, моҳиятини билиш” каби маъноларни англатади. Шунинг учун Ислом уламолари илмга “ҳақиқатни худди воқеликдагидек идрок қилиш илмдир” деб таъриф беришган. Бунинг маъноси шуки, олинган маълумот бир нарсанинг асл моҳиятини тўғри англатсагина, ундан дунё ва охиратимизга манфаат ҳосил бўлсагина чинакам илм ҳисобланади. Кишилик ҳаётини илмсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Қуръони каримда илм сўзи ва унинг шаклдошлари 811 жойда зикр қилинган. Бу эса Аллоҳ таолонинг наздида илмнинг нақадар муҳимлигини кўрсатади. Илм – энг фазилатли амалдир, чунки у икки дунё саодатининг калитидир. Инсон илм ва маърифат билангина чинакам ҳаётдир. Инсоннинг ҳаётини тўғри йўлга солмаган, унинг феъл-атворида, амалида таъсири билинмаган, тўғри йўлга етакламаган илмда яхшилик, хайр-барака йўқдир. Шунинг учун ўрганилган эмас, амал қилинган илм ҳақиқий илм саналади. Ўқиган, билганига амалнқилмаган одам буилмнинг ҳаммоли бўлади, холос.
Илм инсонларга дунё ва охиратда энг тўғри йўл кўрсатувчидур. У толиби илмни сахий, жувонмард, камтарин, журъатли, шикастадил, иффатли бўлиш бахтига эриштиради. Бахиллик, қизғанчиқлик, қўрқоқ ва журъацизлик, манманлик, исрофгарчилик каби ёмон ахлоқлардан ўзини сақлаб, кишилар кўрганларида суҳбатига ошиқадиган гўзал ҳулқ эгаси бўлиб камол топишига сабаб бўлади. Илм инсонга нима фойда-ю, нима зарар эканини билдиради. Инсон орзу мақсадларига илм орқали етишади. Кишининг билим олиши, салоҳиятли фуқаро бўлиб улғайиши, эл-юрт манфаати учун хизмат қилиши ва илм фан тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиши ҳамма замонларда долзарб саналган масалалардан ҳисобланади.
Хулоса қилиб айтганда, қайсики бир жамият илм йўлидан бориб, унинг воситаларини тўғри танлаган ҳолда тараққиётини қурган бўлса, юксак чўққиларга эришади. Бунга замонавий дунё гувоҳ.
Ибодуллохон Усмонов,
Косонсой тумани "Эшонбобо" жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022