Қоронғи режим
Image
Logo

БИРОВНИНГ УЙИГА ИЗНСИЗ ҚАРАМАСЛИК.

БИРОВНИНГ УЙИГА ИЗНСИЗ ҚАРАМАСЛИК.

БИРОВНИНГ УЙИГА ИЗНСИЗ ҚАРАМАСЛИК.

Жоҳилият  даври арабларида кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, уларнинг шахсий, оилавий сир-асрорларини эҳтиром қилиш маданияти йўқ эди. Бировнинг уйига, эрталабки салом, кечки салом, деб тўғри кириб боришаверарди. Уйда аёллар борлиги, уй эгаларининг турли ҳолда бўлишлари мумкинлиги ҳеч мулоҳаза қилинмасди. Бу эса, ўтакетган беодоблик ва турли ёмонликларга, гап-сўзларга сабаб бўладиган ҳолат эди.

Шунинг учун ҳам Исломда ушбу ояти карима билан ҳар бир шахснинг шахсий ҳурмати, уйнинг дахлсизлиги хаққи собит этилди. Қуръони каримни Нур сураси 27- оятида,

Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча, кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки эсласангиз.

Исломда биров яшаб турган жойга бошқа шахснинг, ким бўлишидан қатъи назар, ўша жой соҳибининг изнисиз киришга ҳаққи йўқ. Ушбу ояти каримага биноан, бировнинг уйига кирмоқчи бўлган одам уй эгасининг изни билангина ва у ердагиларга салом бериб кирмоғи лозим. Шундай қилсалар, мўминларнинг ўзлари учун яхшидир.

Ушбу оятга амал қилинса, бировнинг хонадонига изн сўраб, салом бериб кирилсагина, турли ноқулай ҳолатларнинг олди олинади. Изн сўрамай кирган одам уй эгаларининг ноқулай ҳолда турганларини кўриб қолса, гуноҳ бўлади. Икки томон ҳам ҳижолатга тушади. Балки хусумат, уруш-жанжал чиқиши ҳам мумкин. Баъзи ҳолларда уйда аёл киши ёлғиз бўлиши, устига бегона эркак кириб, орада иғво, бўҳтон, фитна чиқиши мумкин. Ёки, аксинча, ёлғиз эркак олдига бегона аёл киши кириб қолиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатлардан доимо узоқ бўлиш керак.

Исломда нафақат бировнинг уйига рухсатсиз кириш, балки назар солиш ҳам, ҳатто мактубини изнсиз ўқиш ҳам тақиқланади.

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир қавмнинг ҳовлисига уларнинг изнисиз қараса, бас, улар унинг кўзини ўйиб олсалар, хун тўламайдилар», деганлар.

Имом Абу Довуд Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган бошқа ҳадисда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким биродарининг мактубига унинг изнисиз назар солса, худди дўзах оташига назар солгандек бўлади», дерлар. Ушбу икки ҳадиси шарифдан Исломда шахснинг дахлсизлиги ниҳоятда юқори даражада ҳимоя қилиниши кўриниб турибди. Бировнинг уйига рухсатсиз кириб бориш у ёқда турсин, рухсатсиз қараш, кўз ташлаш ҳам мумкин эмас. Чунки кўз ташлаган одам ичкарида уй эгаси, унинг аҳли аёлини ҳар хил ҳолатда кўриши, бошқалардан сир тутган нарсаларидан воқиф бўлиб қолиши мумкин. Яна бошқа кўпгина ноқулай ҳолатлар вужудга келиши эҳтимоли бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бировнинг ҳовлисига рухсатсиз назар солган одамнинг кўзини ўйиб олса, уй эгаси хун бермаслиги ҳақидаги гаплари эса, бировнинг ҳовлисига изнсиз қараган одам катта жиноят қилганидан дарак беради. Шунингдек, бировнинг мактубини ўғирлаб олиш ёки зўрлик қилиб ўқишга интилиш у ёқда турсин, изнсиз назар солиш ҳам мумкин эмас. Ким бировнинг мактубига изнсиз назар солса, дўзах оташига назар солган билан баробар эканлиги оддий гап эмас.

Уламоларимиз назар солишга оид ҳукмни эшитишга, қулоқ солишга ҳам қиёс қилганлар. Яъни, бировнинг ҳовлисига, мактубига изнсиз назар солиш қанчалик ҳаром бўлса, ўша ҳовли ва уйдаги овозларга, гап-сўзларга яширинча қулоқ солиш ҳам шунчалик ҳаромдир. Бировнинг ҳузурига киришга изн сўрашнинг ҳам ўзига яраша одоблари бордир. Мусулмон кишилар ушбу исломий одобларга амал қилмоқлари лозимдир. Аввало, изн сўраётган одам ҳовлига, уй ичига назар солмасдан, бошқа томонга қараб туриб изн сўраши керак.

Имом Абу Довуд Ҳузайл ибн Шарҳабийлдан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинади: «Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эшикларига қараб туриб изн сўрай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга, сен ундоқ ёки бундоқ тур, изн сўраш назардан сақланиш учун жорий қилингандир, дедилар».

Яъни, бировнинг уйига назар тушмаслиги учун изн сўраш жорий қилинган, ичкарига қараб туриб изн сўрашнинг нима кераги бор.

Шунинг учун ҳам изн сўрамоқчи бўлган кишилар эшикка юзма-юз ҳолатда эмас, балки ўнг ёки чап тарафлари билан турмоқлари лозим.

Имом Абу Довуд Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар зикр этилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қавмнинг эшиги олдига келсалар, эшикка юз тикиб турмас эдилар. Балки ўнг ёки чап томонлари билан турар ва «Ассалому алайкум, Ассалому алайкум», дер эдилар».

Изн сўраш тўғрисида бошқа бир хадиси шарифда

Имом Абу Довуд қилган ривоятда айтилишича, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келсалар: «Ассалому алайка, ё Расулаллоҳ, Умар кираверсинми?» дер эдилар.

Изн сўровчи уч марта сўраши, ундан оширмаслиги лозим.

Агар изн сўровчи уйда бировни топа олмаса, қайтиб кетади. Шунингдек, ичкарига киришга рухсат берилмаса ҳам қайтиб кетади. Демак ҳеч ким жавоб бермаса ёки изн бермаса ҳафа бўлмасдан қайтиб кетиш керак.

Маъсумхон Турғунов,
 Наманган шахар “Шайх эшон” жоме
масжиди имом хатиби
.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг