БУГУНГИ КУН ЁШЛАРИГА МУҚАДДАС ДИНИМИЗДА ЭЪТИБОР

Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ёшлар тарбияси бутун миллат олдидаги улкан масъулиятли вазифа эканлигини таъкидлаб: “Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илм-у ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас”,-дея таъкидлайдилар.
Барчамизга маълум ва равшанки, ҳар бир ота-она ўз фарзандларининг истиқболи, бахт-саодати ва келажакда мустақил ҳаёт кечириб, жисмоний, маърифий, маънавий ва руҳий жиҳатдан баркамол авлод бўлиб етишишини ният қилади. Шундай экан, мана шу мақсадларга етишишда муқаддас Ислом динининг том маънодаги улуғвор таълимотига амал қилиш муҳим аҳамиятга эгадир. Ислом динида болаларни ҳали мурғаклигиданоқ гўзал ахлоқ ва одобга ўргатиб бориш тавсия этилади. Чунки доно халқимиз: “Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди”,-дейишган. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса, бу масалада бирорта бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.
Агар ота-она диёнатли бўлса, фарзандини ҳам диёнатлик қилиб тарбиялайди. Кўп жиҳатдан фарзанднинг тарбиясида нафақат устоз, балки ота-онанинг таъсири катта бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:
مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نَحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَنٍ
яъни: “Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди” (Имом Термизий ривояти).
عَنْ أَبِي رَافِعٍ، قَالَ: «قُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ، أَ لِلْوَلَدِ عَلَيْنَا حَقٌّ كَحَقِّنَا عَلَيْهِمْ؟» قَالَ: نَعَمْ، حَقُّ الْوَلَدِ عَلَى الْوَالِدِ أَنْ يُعَلِّمَهُ الْكِتَابَةَ وَالسِّبَاحَةَ وَالرَّمْيَ، وَأَنْ يُؤَدِّبَهُ طَيِّبًا
Абу Рофиъ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен: “Ё Расулуллоҳ! Бизнинг болаларимизда ҳаққимиз бўлгани каби, уларнинг ҳам бизда ҳақлари борми?” – деб сўрадим. Ул зот: “Ҳа, боланинг отадаги ҳаққи унга ёзишни, сузишни, камондан отишни ўргатмоқлиги ҳамда ҳалол ва покиза нарсалар бериб тарбияламоқлиги”,-деб жавоб бердилар”. (Имом Байҳақий ривояти).
Ота-боболаримиз таълим-тарбиянинг асосини оиладан бошлаганлар. Оила тарбия масканидир. Оилада баркамол фарзанд тарбияси унинг жисмонан бақувват, руҳан тетик, маънан етук, ақлан ва ахлоқан гўзал бўлиб етиши билан белгиланади.
Муборак ҳадиси шарифларда тарбия ахлоқни шакллантирувчи муҳим шартлардан бири сифатида белгиланган. Жумладан, Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирингизнинг боласига одоб бермоғи, ҳар куни ярим соъ миқдорида садақа қилиб тургандан афзалдир”,-дедилар”. (Термизий ривояти)
Бундан равшан бўладики, фарзандга гўзал хулқ ва таълим-тарбия бериш мол-дунё сарфлаб, садақа қилишдан ҳам кўра савобли ишдир. Ҳар бир оилада фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоғи керак. Чунки, инсоният ҳар неки ишни амалга оширмасин, унинг амалга ошираётган ишлари тарбия маҳсули ҳисобланади.
Шундай экан биз фарзандларимизнинг таълим-тарбия олишида асло хато ва сусткашликка йўл қўймаслигимиз зарур. Айнан ёшлар тарбияси биз катталар учун масъулият, зиммамиздаги кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифадир. (интернетдаги манба асосида тайёрланди)
Музаффар Тўрақулов,
Наманган тумани "Орифхон ҳожи” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022