ДУОНИНГ КУЧИ

Дуо – ибодатнинг қаймоғидир, деган таъкидга ҳаммамиз ҳам кўп бора дуч келганмиз. Нуроний кексаларимиз, кўпни кўрган отахон-онахонларимизнинг дуолари билан униб, ўсганмиз. “Олтин олма дуо ол, дуо олтин эмасму” деган ниҳоятда пурмаъно ҳикмат ҳам дуонинг кучи, қудрати, аҳамияти ҳақидаги аниқ далиллардан, назаримизда.
Пайғамбарларнинг дуолари ҳақида Қуръони каримда қатор оятлар мавжуд. Улардан бирига тўхталайлик. Маълумки, Закариё алайҳиссалом Ҳорун алайҳиссаломнинг фарзандларидан бўлиб, Бану исроилнингг набийларидан эдилар. Аллоҳ таоло у кишини бефарзандлик билан синайди. Аммо Закариё алайҳиссалом ноумид бўлмадилар. Аллоҳ таолонинг дуоларни эшитувчи эканига тўла ишонч, чин ихлос билан дуо қилдилар. “Шу чоқда Закариё Роббига дуо қилиб: “Роббим, менга ўз ҳузурингдан покиза зурриёт ҳадя эт. Албатта, Сен дуони эшитувчисан”, деди”(Оли Имрон сураси, 38-оят).
Эътибор беринг, тўла ишонч ва чин ихлос ила қилинган ушбу дуо ижобат бўлди – Аллоҳ таоло Закариё Алайҳиссаломга ўғил фарзанд беришни ирода қилди. Ваҳоланки, катта ёшдаги кишиларнинг фарзанд кўриши эҳтимолдан анча йироқ бўлади. “Меҳробда намоз ўқиб турганида фаришталар унга: “Албатта Аллоҳ сенга Аллоҳдан бўлган “калима”ни тасдиқловчи, пешво, шаҳвати тийилган, набий ҳамда солиҳлардан бўлган Яҳёнинг хушхабарини бермоқда”, деб нидо қилдилар”(Оли Имрон сураси, 39-оят). Эътибор беринг, чин дилдан, ихлос, ишонч билан қилинган дуо ижобат бўлди ва бунинг хабарини фаришталар етказмоқдалар.
Демак, дуода катта куч бор ва унинг ижобати билан кишининг ҳаёти фаровон бўлади, кўнглида хотиржамлик мустаҳкамланади. Айниқса, мана шу жиҳат, яъни қалб хотиржамлиги ниҳоятда муҳим масала. Қалб хотиржамлигига эришган инсон аввало суннатга амал қилибди ва ҳар икки дунё саодатига ноил бўлиш имкониятини қўлга киритибди.
Манбаларда фаришталарнинг дуосини олишга сазоворлик ҳақида сўз юритилган ўринлар бор. Наҳотки, фаришталарнинг дуосига ноил бўлинса? Қачон, қайси амали учун эришади бундай зафарга киши? Фаришталар кимларни дуо қиладилар?
Абу Ҳурайра розияллоҳи анҳудан ривоят қилинган ҳадис кўрсатмаси ана шу саволларга жавобдир. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Модомики биронтангиз номоз ўқиган намозгоҳида (масжидида) экан, таҳорати синмагунча фаришталар унинг ҳақига “Аллоҳим! Уни мағфират қил. Аллоҳим! Унга раҳм қил!”, деб салавот айтиб туришади, дедилар”(Бухорий ривояти).
Маълумки, дуо ижобат бўладиган манзилларни биламиз. Шу билан бирга муқаддас манбаларда дуо ижобат бўладиган вақтларга ҳам ишоралар мавжуд. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиснинг кўрсатмаси фикримизга исбот, аниқ далил. “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Азон билан қомат орасидаги қилинган дуо қайтарилмайди(яъни, ижобат қилинади)”, дедилар”(Абу Довуд ривояти).
Шундай экан, барчамиз аввало олиму уламоларимизни, дуогўй отахон-онахонларимизни, кекса нуронийларимизни тез-тез йўқлаган ҳолда дуоларини олишга ҳаракат қилайлик.
Баҳодирхон Валихонов,
Давлатобод туманидаги
“Муҳаммад паноҳ” жоме
масжиди имом-хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022