Дуода қўл очиш масаласи

Дуода қўлни кўтариш борасида жуда кўп ҳадислар келган. Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларини кўтариб дуо қилганлари ҳам, қўл кўтаришга буюрганлари ҳам ривоят қилинади. Жумладан, имом Байҳақий Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсалар қўллари бармоқларининг учлари елкалари баробар бўлар эди" дейилган бўлса, Сойиб ибн Язид разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсалар, қўл кўтарар, кейин юзларига суртар эдилар" дейилади.
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу "Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода қўл кўтарсалар, юзларига суртмасдан уни туширмас эдилар" деганлар.
Набий алайҳиссаломнинг дуода қўл кўтаришни буюрганлари эса қуйидаги Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда ворид бўлган: "Қачон Аллоҳдан сўрасанглар, кафтларингизнинг ички томони билан сўранглар, уларнинг орқа томони билан сўраманглар! Бас, қачон дуодан фориғ бўлсангиз, кафтларингизни юзларингизга суртингиз!”.
Мазкур ҳадислардан дуода кўл кўтариш шариатда жоиз, балки буюрилган амал экани маълум бўлмоқда. Аслида умумий ҳолатларда қўл кўтариш жоиз экани ва бу ишдан қайтарувчи далил йўқлиги намоздан кейинги дуоларда қўл кўтариш жоизлигига далолат қилади.
Айнан намоздан кейинги дуода қўл кўтариш борасида ҳам кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан Ибн Абу Ҳотим тафсирида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам салом берганларидан кейин қиблага қараган ҳолда қўлларини кўтариб "Аллоҳим..." деб дуо қилдилар" дегани ривоят қилинади. Бу борада булардан бошқа бир неча ҳадислар ривоят қилинади. Гарчи бу ҳадислар заиф санад билан келган бўлса-да, аксар деярли барча уламолар наздида фазилат ва савобга оид амалларда заиф ҳадис ҳужжат бўлаверади.
Аср муҳаддиси Анваршоҳ Кашмирий "Намозлардан кейин дуо қилиш инкор этиб бўлмас даражада собит бўлган. Лекин уларда қўл кўтариш нафллардан кейин бир-икки марта ворид бўлган. Баъзилар "қўл кўтаришни бидъат дейдилар". Қизиқ, бир-икки марта собит бўлган нарса мустаҳаб бўлмай бидъат бўладими? Бошқа барча мустаҳаб ишлар ҳам шундай шаклга эга-ку?! Гоҳ-гоҳида содир бўлади, кейин уммат унга амал қилишда давом этади" дейди.
Юқорида ўтган нарсалардан бизга маълум бўладики, намоздан кейинги дуоларда қўл кўтариш жоиз, балки мустаҳаб амаллардан экан.
Баҳодирхон Мирфайзиев,
Косонсой тумани “Содод” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022