Қоронғи режим
Image
Logo

Фарзанд тарбиясида онанинг ўрни

Фарзанд тарбиясида онанинг ўрни

      Фарзанд – инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Яхши, солиҳ фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбанди. Фарзандлар “жаннат райҳонлари” деб тавсифланиши бежиз эмас. Аммо у одобли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ва қобил бўлгандагина ота-онасига раҳмат ва бахт-хурсандчилик келтиради. Бунинг акси бўлишидан Аллоҳ сақласин!

      Оила ва солиҳ фарзандлар кўришни орзу қилмаган инсон бўлмаса керак. Фарзанднинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан онасига боғлиқ бўлади. Шунинг учун динимиз кўрсатмаларида бўлғуси келинни танлашга алоҳида эътибор қилинади. Келажакда туғилажак фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан қайғурилади. Оиша онамиздан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фарзандларингизга муносиб онани ихтиёр қилинглар”, деганлар.

     Бўлажак келин соғлом, дину диёнатли, солиҳа, гузал тарбияли бўлмоғи барака омилидир. Оила қуришдан асосий мақсад наслни давом эттиришдир. Инсониятнинг кўпайиши, наслнинг бардавомлиги қиёматгача давом этадиган илоҳий ирода ва муҳим жараёндир.

      Фарзанд тарбиясидаги онанинг муҳим вазифаси – болаларимизни ёшликдан оиласи, маҳалласи, она Ватанига меҳр-муҳаббатли этиб тарбиялаш саналади. Зеро, уламоларимиз таъкидлашларидек, “Ватанни севмоқ иймондандир”. Ватан она каби муқаддасдир. Шу сабабли, ислом динида оилага, юртга ҳиёнат оғир гуноҳ ҳисобланади. Ҳозирги кунда ота-онаси, оиласи ҳақида қайғуриш ўрнига узга юртларда муқаддас ислом динимизда фитна чиқариб, бегуноҳ мусулмонларнинг қонини тўкаётган жангариларга қўшилиб, ўзи ва ота-онасига тавқи-лаънат орттираётган кимсаларнинг аччиқ қисмати бошқаларга сабоқ бўлиши лозим. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: яъни:“Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз…”, дейди. Дўзахдан сақланиш учун эса, дўзахга тушадиган ишлардан узоқ бўлиш, жаннатга дохил қиладиган солиҳ амаллар билан шуғулланиш даркор бўлади. Бу ояти карима билан Ҳақ таоло фарзандларимизнинг тарбияси билан ҳам қаттиқ шуғулланиб, уларни ахлоқсиз, итоатсиз, оила ва Ватанига меҳрсиз бўлиб ўсиб, охир оқибат дўзахийлардан бўлиб қолмасликлари учун доимо ҳаракатда бўлишимиз кераклигини уқтирмоқда. Шундай экан, фарзандларимизда киндик қони тўкилган юртга садоқат шакллантириб, оиламиз ва жамиятимизнинг келажаги пойдеворини мустаҳкамлайлик.
Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси борасида оилада онанинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Фарзандга меҳр деган улуғ туйғуни онадан бошқа ҳеч ким бера олмайди.

   Аёллар агар болаларига яхши тарбия бермасалар, уларга ўзини, милла¬тини, динини, Ватанини танитмасалар ва севдирмасалар, оналик ҳақини адо этмаган бўлишади.

       Донишмандлар бола тарбиясига у ҳали ҳомила ҳолида эканидаёқ киришишни маслаҳат беришади. Бунга қандай эришиш мумкин? Бўлажак онанинг емиши ҳалол, пок бўлиши, у ҳамиша тоза, покиза юриши, дуо ва зикрни мунтазам айтиб туришининг туғилажак фарзанднинг келгусида яхши тарбияли, одобли, эътиқодли, чин инсон бўлиб камолга етишида катта фойдаси бор.

      Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси борасида оилада онанинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Фарзандга меҳр деган улуғ туйғуни онадан бошқа ҳеч ким бера олмайди.

     Афсус, баъзан оналар учун бола тарбияси жамият ва рўзғор юмушлари олдида эътиборсиз нарса бўлиб қолмоқда. Агар аёллар болаларига яхши тарбия бермасалар, уларга ўзини, милла¬тини, динини, Ватанини танитмасалар ва севдирмасалар, оналик ҳақини адо этмаган бўлишади. Зеро, Ислом олимларидан бири айтганидай, «Авлодларни вояга етказиш ва муносиб инсон қилиб тарбиялаш мақсад қилиб олинмаган никоҳ шунчаки бир айш-ишрат ва маишатдан бўлак нарса эмас. Бу никоҳдан туғилган болалар ҳам ўткинчи ҳирснинг қурбони бўлган бечо¬ралардир».
Оилада фарзанд тарбиясида аёл кишининг ўрни деганда фахр билан айтамизки, бугунги кунда ўзбек оилалари хусусан оналаримиз, аёлларимиз оиланинг соғлом иқлимли, оила бағрида фарзандларини эл-юртнинг муносиб ўғил-қизлари, Ватанининг ҳақиқий содиқ фуқароси бўлиб вояга етишларида жон кўйдирмоқдалар.

    Аллоҳга шукрки, мамлактимизда аёл зотининг ҳурмати, эҳтироми ва нуфузи, хотин-қизларнинг турли жабҳа ва йўналишларда қилаётган ишлари муносиб баҳоланади ва қадрланади, ҳар қайси хонадоннинг уй бекаси бўлмиш опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилишга доимий равишда алоҳида эътибор қаратилади. Шунинг учун мамлакатимизда “Соғлом она ва бола йили” деб номланган жорий йилда оилада меҳр-муҳаббат ва ўзаро ҳурмат муҳити, оналикни муҳофаза қилиш, она ва бола соломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ўз иқтидорини руёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратиш, уларнинг кундалик рўзғор юмушларини енгиллаштириш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилиб келмоқда.

     Биз Аллоҳ таолодан оила, фарзанд ва жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча муҳтарама оналаримизга, меҳрибон ва садоқатли хотин-қизларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик беришини ва икки дунё саодатига мушарраф этишини сўраб дуолар қиламиз! Илоҳо, уларнинг сабр-бардошлари, оила ва бола тарбияси йўлидаги беқиёс меҳнатлари ва меҳрибонликлари эвазига Парвардигорнинг Ўзи муносиб мукофотлар ато айласин! Омин, ё Роббал оламин!

 

  Абдусалом Тожиходжаев,
Чуст  туман “Имомқулибой”   жоме
       масжиди  имом- ҳатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг