Қоронғи режим
Image
Logo

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДАГИ ГЎЗАЛ ХИКМАТ.

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДАГИ ГЎЗАЛ ХИКМАТ.

Аллоҳ таоло ота-онанинг фарзандига қандай тарбия беришини Қуръонда Луқмони Ҳаким тилидан сўзлайди. Луқмони Ҳаким, асли қул бўлиб, дурадгорлик билан шуғулланган. Довуд алайҳис салом даврида яшаган. Шу Луқмони Ҳаким ўғлига гўзал тарбия бериб борар экан, рўза ойи кириб келди. Уларнинг шариатига кўра, бир кунда, бир марта, яъни бир соат ичида, Қуёш ботган вақтда ифторлик қилинади, саҳарлик йўқ. Луқмони Ҳаким ўғлига: «Ўғлим! Сиз билан бугундан бошлаб,  биргаликда рўза тутамиз. Фақат сизга яна битта қўшимча бўлади. Яъни куни билан кимга сўз қотсангиз, кимга нима деб гапирсангиз, уни қоғозга ёзиб боринг. Кечқурун ифторликдан олдин, барча гапларингизни бир сарҳисоб қилиб, кейин таом еб, ифторлик қиламиз» деди. Ўғли шўх бўлсада, аммо отасига сўзсиз итоат қиладиган бола бўлгани учун: «Хўп бўлади Отажон!» дедида кўчага чиқиб кетди. Бола эртадан кечгача одамларга сўз қотиб, кўп гапириб юборди. Аммо отасининг амрига итоат қилиб, ҳатто бировга салом берган бўлса ҳам ёзиб қўйди. Қорни очиқиб кетган ўғил, ифторлик вақтида шошилиб таомга қўл узатган эди, Луқмони Ҳаким ўғлининг билагидан ушлаб: «Болам! Сиз билан келишган эдик. Олдин кимга нима дедингиз, шуни сарҳисоб қилайлик, кейин биргаликда таом еймиз». Ўғли дарҳол ёнидаги қоғозини олиб, кимга нима деган бўлса, барчасини бир – бир ўқиб кетди. Ҳатто кимгадир салом берган бўлса уни ҳам ёзган, кимгадир йўл кўрсатиб юборган бўлса унида қайд қилган. Кўп гапириб юборгани сабаб, бу сарҳисоб , ҳийлагина вақтни олди. Энди ўқиб бўлган эди, қараса ифторлик вақти ўтиб, рўзани ният қилиш вақти бўлибди. Шунда Луқмони Ҳаким: «Ўғлим! Бугун кўп гапириб юборибсиз. Уни ҳисоб қилгунимизча ифторлик вақти ҳам тугаб қолди. Энди таом емасдан рўзани ният қилишга мажбурмиз. Эртага ҳам шу ҳолда ҳисоб қиламиз. Кимга нима десангиз ёзиб боринг, хўпми» деди. Эртаси куни ҳам бола ёшлик қилиб, кўп гапириб, ёнидаги қоғозини ёзув билан тўлдирди. Энди ифторлик келган вақтида, бола икки кун оч қолгани сабаб, шошиб таомга қўл узатди. Луқмони Ҳаким унинг билагидан тутиб: «Ўғлим! Сиз билан келишганимиздек, аввал сўзларингизни сарҳисоб қилайлик» деди. Бола истамасдан ёнидаги қоғозини олиб, яна бир бошидан ўқий кетди. Қараса, бугун ҳам кўп гапириб юборган экан, ифторлик вақти ўтиб кетиб қолди. Шунда Луқмони Ҳаким: «Ўғлим! Бугун ҳам кўп гапириб юборибсиз, яна таомдан қуруқ қолдик» деб, овқатланмасдан рўзани ният қилишди. Учунчи куни, ифторлик вақти келиб, бола таомга қўл чўзган эди, отаси: «Болам! Аввал кимга нима дедингиз. Бир ҳисоб қилиб олайлик» деган эди, ўғли оппоқ қоғозни отасига кўрсатди. Луқмони Ҳаким: «Нима бўлди ўғлим! Бугун ёзмадингизми?» деган эди, ўғли: «Ҳа дадажон! Бугун ҳеч нарса ёзмадим. Чунки, ҳеч кимга ҳеч нарса демадим. Билдимки, икки кундан бери мени неъматдан тўсиб қолаётган нарса, менинг кўп гапиришим экан. Шу неъматга эришиш учун гапирмадим. Энди таом есак бўладими?» деди. Луқмони Ҳаким, боласининг пешонасидан бир ўпиб: «Болажоним! Мана кўрдингиз. Икки кундан бери кўп гапириб, таомдан қуруқ қолдик. Унитманг ўғлим! Аллоҳ бизнинг барча ишларимизни мана шундай битта – битта ҳисоб қилиб, кейин абадий неъматлари бўлган жаннатига киритади. Энди таомдан олинг, ифторлик қиламиз» деди. Қиссадан ҳисса! Демак, гапимиз қанча кам, гуноҳимиз қанча оз ва қанча кам молу дунё сарфлаган бўлсак, қиёматда ҳисоб китобимиз шунча осон кечади ва тезроқ неъматга эришамиз!

Муроджон Юсупов,
Чортоқ тумани “Болтабой ўғли Мулла Умархон” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг