Қоронғи режим
Image
Logo

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДАГИ НОЗИК НУҚТАЛАР...

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИДАГИ НОЗИК НУҚТАЛАР...

Фарзандларнинг келажакда гўзал ахлоқли ва чиройли тарбияли бўлишида ота-она фарзанди ҳақига қиладиган хайрли дуолар ўрни беқиёсдир. Чунки дуо ибодат мақомида. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда Ўзидан ёрдам сўрашимизни яхши кўради. Бундан ташқари, ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси мустажобдир.

Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган ҳадиси шарифда. Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”, деганлар. Ота-она бундай неъмат ва имкониятдан унумли фойдаланиши ва фарзандларининг келажакда солиҳ ва тарбияли инсон бўлиб камол топишини Аллоҳдан сўраши лозим. Ҳатто пайғамбарлар ҳам яхши фарзанд сўраб дуо қилишган.

Жумладан, Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 38-оятида бундай деган: «Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб, деди: “Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан”».

Ота-она фарзанди ҳақига ёмон дуо қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки, юқорида айтганимиздек, уларнинг фарзандлари ҳақига қилган дуолари қабулдир.

 Абдуллоҳ ибн Муборакдан ривоят қилинишича, унинг олдига бир ота ўз ўғлидан  шикоят қилиб келади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у отадан, сиз ўғлингиз ҳақига яхши дуо қилармидингиз ёки ёмон дуо қилармидингиз, деб сўрайди. Ота эса ёмон дуо қилишини айтади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у одамга ўғлингизни ўзингиз бузган экансиз, деб койийди. Демак, боланинг келажакда комил инсон бўлиб етишиши ёки жоҳил бўлишига ота-онанинг дуолари катта таъсир қилар экан.

Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дин» китобида бундай дейилади: «Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади».

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир”. “Ота болага гўзал одобдан ҳам кўра каттароқ мерос қолдиролмайди”, “Фарзандларингизга одоб берингизлар ва уларнинг одобларини чиройли қилингизлар дейилган.

Донишмандлар болани ёш ниҳолга қиёслашади. Ниҳол эгри ўса бошласа, дарахтга айланганида уни тўғирлаш ниҳоятда қийин бўлади. Худди шу каби болага ҳам ёшлигидан тўғри тарбия берилмаса, улғайгач уни тўғри йўлга солиш амри маҳол ишга айланади. Унга яхши тарбия бериш дегани айтганини ўша заҳоти муҳайё қилиш ёки яхши едириб, яхши кийинтиришдангина иборат эмас. Энг аввало, боланинг халқумини пок тутиш, яъни унга бериладиган озуқанинг ҳалол бўлишига эришиш лозим. Агар озуқа пок, ҳалолдан топилмаган бўлса, бундай боладан яхши одам етишиб чиқиши гумон иш.   Аллоҳ таоло фарзандлармизни илмли одоби хулқи чиройли бўлишини насиб этсин.

Қодирхон Азизов,

Косонсой тумани бош имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг