Қоронғи режим
Image
Logo

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ КАМОЛИНИ КЎРАЙЛИК!

ФАРЗАНДЛАРИМИЗ КАМОЛИНИ КЎРАЙЛИК!

     Дунёда шундай иш борки бунда на танаффус ва на дам олиш куни бўлади. Агар инсон бу ишни амалга оширишда танаффус қилса, ёки дам олса кўплаб кўнгилсиз ҳолатлар пайдо бўлади. Дарҳақиқат ушбу шарафли ва масъулиятли вазифа фарзанд тарбиясидир.

     Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳ таоло адолатга, эзгу ишга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузуқчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради. Эслатма олурсиз, деб (У) сизларга (Доимо) насиҳат қилур” (Наҳл сураси 90-оят).

     Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Фарзандларингизга шаръан буюрилган ва қайтарилган нарсаларга риоя қилишни айтинглар, ана шу ишигиз уларни дўзахдан сақлаганингиз бўлади”  (Ибн Жарир ривояти).

     Ёшлар тарбиясидаги энг биринчи ҳимоячи, йўл-йўриқ кўрсатувчи ота-она бўлади. Чунки бола тасаввурида одоб-ахлоқ намуналари, яхшилик уруғлари оилада шаклланади. Эътибордан четда қолдирилган фарзанд ёмон муҳит таъсирига тушиши табиий. Оқибатда эса нафс қурбонига айланиб, ҳаётини издан чиқариши ҳеч гапмас.

   Фарзандлари маънавий бой мамлакатда ривожланиш, тараққиёт бўлади. Усома розияллоҳу айҳудан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларида бўлганимда, бадавийлар сўрашди: “Ё Расулуллоҳ! Инсонга берилган энг яхши нарса нима?” Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Гўзал хулқ” (Имоми Аъзам).

     Шундай экан, фарзандларимизни гўзал хулқли, ватанпарвар, пок эътиқодли қилиб тарбиялаш ҳар биримизнинг зиммамиздаги муҳим вазифадир. Болаларни ёшлигидан касб-ҳунарга жалб этиш, тили ва қўли билан бошқаларга зарар етказишдан сақланишнинг муҳимлигини уқтириш зарур.

   Жарир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан менга энг маҳбубингиз ва Қиёмат куни менга энг яқинингиз хулқи чиройли бўлганингиздир. Сизлардан менга энг ёқмайдиганингиз ва қиёмат куни мендан энг узоқ турадиганингиз сергап, тили узун ва мутафайқиҳингиздир”, дедилар. “Ё Расулуллоҳ, сергап ва тили узун кимлигини биламиз. Аммо мутафайқихдар ким бўлади?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Улар мутакаббирлардир”, дедилар» (Имом Термизий).

   Ёшлигидан ҳалим, беозор бўлиб тарбия топган бола катталарга ҳурмат кўрсатиб, ўзидан кичикларга иззатли бўлишга уринади. Ҳикматларда, қиз ҳаёси билан, йигит илми ва одоби билан гўзалдир, дейилган. Аллоҳ таоло барчаларимизга фарзандларимиз камолини кўриб юришни насиб этсин!

Нурулло Маҳкамов,
Чуст туман “Саид Насимхон тўра” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг