Қоронғи режим
Image
Logo

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ...

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ...

Фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, наслининг давомчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Солиҳ фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига элтувчи дилбанди. Фарзандларни «жаннатнинг райҳонлари» деб сифатланиши ҳам бежиз эмас. Бироқ, фарзанд одоб-ахлоқли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ҳамда қобил бўлгандагина ота-онасига раҳмат ва сурур бахш этади.

Ислом таълимоти кишилик жамиятида ўз ўрнини топиб, унинг дунёвий ва диний ҳаётида амалий суратда тадбиқини топган илк саодат асридан ёш авлод сиҳат-саломатлигига ва таълим тарбиясига катта аҳамият бериб келади. Бу таълимот ва унинг йўл-йўриқлари жамият асосининг пойдевори, Ватан истиқболи бўлган ёшларнинг ҳар томонлама комил инсон бўлиб етишишларини талаб қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифлари айни шу маънога далолат қилади:

«Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа беришидан яхшироқдир» (Имом Термизий ривояти).

Фарзанд дунёга келишидан аввал ота-оналарнинг ўзлари фарзандларига намуна бўлишлари учун турли салбий қусурлардан сақланишлари, руҳиятларини доимо пок тутишга ҳаракат қилишлари зарур. Бу ҳақда халқимизнинг буюк маърифатпарвар тарбиячиси Абдулла Авлоний шундай дейди: «Тарбия қилувчилар табиб кабидирки, табиб ҳастанинг баданидаги касалига даво қилгани каби тарбияни боланинг вужудидаги жаҳл иллатига «яхши хулқ» деган давони беради. Ортидан «поклик» деган давони бериб катта қилмоғи лозим бўлади». Бу сўзлар замирида юксак тажриба самараси ўлароқ, тарбини тарбиячи ўзидан бошламоғи зарурлиги келиб чиқади. Зеро бола эшитганларидан кўра кўпроқ кўрганларига эргашади.

Донишмандлар фарзанд тарбиясига у ҳали ҳомила ҳолида эканида киришишни маслаҳат беришади. Бунга қандай эришиш мумкин? Бўлажак онанинг емиши ҳалол, пок бўлиши, у ҳамиша тоза, покиза юриши, дуо ва зикрни мунтазам айтиб юришининг туғилажак фарзанднинг келгусида яхши тарбияли, одобли, эътиқодли, чин инсон бўлиб камолга етишида катта фойдаси бор. Ҳатто замонавий тиббиёт ҳам она ҳомиладорлик пайтида кўпроқ қандай кайфиятда бўлса, буларнинг ҳаммаси болага ҳам кўчишини исботлаган. Масалан, ҳомиладорлик вақтида кўп асабийлашган аёлларнинг фарзандлари инжиқ бўлиб туғилиши кўп марта кузатилган.

Ота-оналарнинг муҳим вазифаларидан яна бири фарзандлари ёшлик чоғларидан бошлаб илму-маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш бўлади. Илму фаннинг қайси соҳасиқа булсада қизиқиб, ўқиб ўрганиб маълумот ҳосил қилган киши, албатта, ўзи, ота-онаси, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади.

Кишилик жамиятининг бир қисмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётда турмуш ташвишларинг кўп қисми улар зиммасидадир. Она – бу тарбиячи, уй бекаси, хонадонимиз кўрки ва чиройидир. Аёл – биринчи навбатда онамиз, қолаверса жуфту ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса демак, жамият соғлом бўлади. Чунки келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни оналардан ўрганадилар. Шундай экан, юрт таянчи бўладиган келажак авлоднинг солиҳ, гўзал хулқли, Ватани равнақи учун тиришадиган бўлиб вояга етиши бугунги кун аёлларининг соғлом ва солиҳа бўлишларга ҳар жиҳатдан боғлиқдир. Ҳикматларда «Ҳар бир буюк шахснинг ортида бир буюк аёл бор» деб бежиз айтилмаган.

Ғуломжон Каримов,
Наманган шаҳри “Баҳоуддин Нақшбандий” жоме
масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг