Қоронғи режим
Image
Logo

ҒИЙБАТ ГУНОҲИ КАБИРАДИР

ҒИЙБАТ ГУНОҲИ КАБИРАДИР

Ғийбатнинг таърифи шуки, бирор кишининг ёмон сифатини унинг ўзи йўқлигида, эшитса унга оғир ботадиган, дили ранжийдиган тарзда баён этишга айтилади. Бундай ғийбат қилувчи тили билан айтсин, қўли билан ёзсин ёки тана аъзоларининг бириси билан ишора қилсин, ғийбат қилинган киши ҳоҳ кофир, хоҳ мусулмон бўлсин, бунинг аҳамияти йўқ. Кишида мавжуд бўлмаган айб ҳақида гапириш эса туҳмат ва бўҳтон ҳисобланади

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 148-оятида шундай марҳамат қилади: «Аллоҳ ёмон гапни ошкор қилишни хуш кўрмайди. Магар, мазлумдан бўлса, майли. Аллоҳ эшитувчи ва билувчи Зотдир». Қалбида тақвоси, виждонида ҳассослик бўлмаган одам ҳар қандай ёмон сўзни осонгина ошкора қилади, атрофга ёяди. Ёмон гапни ошкор қилиш икки одамнинг бир-бирини сўкишидан, ёмонлашидан ва ғийбат-бўҳтон қилишидан бошланади. Сўнгра, аста-секин катталашиб, жамиятни ҳалокат жари ёқасига олиб келади.

Ҳужурот сурасининг 12-оятида: «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳимлидир».Демак, ғийбат қилиш биродарининг гўштини ейиш билан баробар экан. Ким биродарининг гўштини ейишни истайди, ахир?!

Ҳумаза сурасининг аввалги оятида: “Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига «вайл» бўлсин. Одамларнинг обрўсини ғийбат йўллари билан кўп тўкувчи одам «ҳумаза» дейилади. Уларнинг айб ва камчиликларини имо-ишора ила масхара қилувчи «лумаза» дейилади.«Вайл» жаҳаннамдаги бир водий ёки «ҳолига вой» , «ҳалок бўлсин» деган маънода. Ушбу икки сифатга эга бўлганларнинг барчаси дўзахга тушади ва уларнинг аҳволига вой бўлади, дейди Аллоҳ таоло. Чунки мўмин кишининг қонини тўкиш қанчалик гуноҳ бўлса,обрўсини тўкиш ҳам шунчалик гуноҳ. Одам ўлдириб, қон тўкиб гуноҳ қилганлар жаҳаннамга тушганидек, ғийбат қилиб, обрў тўкиб кишиларни хафа қилганлар ҳам жаҳаннамга тушади.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайхи васаллам саҳобаи киромлардан: "Ғийбат нима эканини биласизларми?", деб сўрадилар. Сахобалар "Аллоҳ ва унинг Расули билгувчироқ”, деб жавоб беришди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ғийбат –биродарингни у ёқтирмайдиган нарса билан зикр қилишингдир", дедилар. "Эй Аллоҳнинг Расули, мен айтган нарса биродаримда бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?", деб сўрашган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сен айтган нарса унда бор бўлса, ғийбат қилган бўласан. Сен айтган нарса унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, деб марҳамат қилдилар.

Абу Ҳафс Кабир ҳам бу мавзуда шундай деган эди:

“Бировни иғво қилишнинг гуноҳи бир рамазон рўзасини тутмасликнинг гуноҳидан ёмонроқдир”. Ва илова қилади:

“Ким бир фиқҳ олимини иғво қилса, қиёмат куни пешонасида «Бу, Аллоҳнинг раҳматидан умид узувчидир!» деб ёзилган ҳолда келади.

Анас ибн Молик ривоят қилади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билдирдиларки:

“Меърож кечаси бир тўда инсонларни кўрдим, тирноқлари билан юзларини тимдалардилар ва ифлос нарсалар еярдилар. Жаброил (алайҳиссалом) дан:

“Булар ким?” — деб сўрадим. Дедики:

“Булар дунёда инсонларнинг гўштини еганлар, ғийбат қилганлардир!”

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дейдики:

“Сизларнинг баъзи бирларингиз мусулмон биродарингизнинг кўзига тушган бир чўпни қўрадию, ўзининг кўзидаги ходани кўрмайди

Аллоҳ таоло барчамизни ғийбатдан ва унинг ёмон оқибатларидан асраб, роҳи ростга бошласин.

 

Муҳаммад Айюб Фахриддинов,
Тўрақўрғон тумани "Исфахон" жоме
масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг