Қоронғи режим
Image
Logo

ГУНОҲЛАРГА КАФФОРАТ АМАЛ

ГУНОҲЛАРГА КАФФОРАТ АМАЛ

Маълумки, Динимизда ўз аро низолашиб қолган инсонлар ўртасини ислоҳ қилиш савобли амаллардан саналади. Бу борада аллох таоло: “Албата, мўминлар ўз аро биродарлардир. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳим қилинсангиз”, дея мархамат қилинган. (Ҳужжирот сураси, 10-оят).

Абу Дардо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса Расулуллоҳ саллалоҳу алайи васаллам: “Сизларга (нафил) рўза, намоз, садақа даражасидан афзал ишнинг хабарини берайми?” дедилар. Сахобалар: “Ҳа, ё Расулаллох!” дейишди. Шунда у зот: “Келишолмай қолганларнинг орасини ислоҳ қилиш. Чунки келишмовчиликнинг фасоди “қирувчидир” (худди сартарош сочни қириб олганидек)”, дедилар (Имом баззор ривояти).

Инсонлар ўртасини ислоҳ қилиш шу даражада муҳимлигини қарангки, бу иш бандачиликда қилган баъзи гуноҳларимизга каффорот бўлар экан.

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким инсонлар ўртасини ислоҳ қилса, Аллоҳ унинг ишини ислоҳ қилади ва улар учун айтган хар бир сўзига бир қул озод қилганлик савобини беради, у улар олдидан гуноҳлари кечирилган ҳолатда қайтади”, дедилар (Имом Асбахоний ривояти).

Абу Ҳурарайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хадиси шарифда бундай дейилади: Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи васаллам: “Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этиш садақадир. Бир кишининг уловига минишига ёрдам бериш ва юкини уловига юклаб бериш садақадир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтиш садақадир. Намоз сари босган ҳар бир қадам баробарида садақа бор ва одамларга азият берадиган нарсаларни йўлдан олиб қўйиш садақадир”, дедилар”  (Имом Бухорий ривояти).

Инсонларнинг ўзаро аҳил-иноқ яшашлари жамият фаровонлиги асосидир. Шу боис ўзаро келишмовчилик, адоват, гина-кудрат сабабли хафалашиб, аразлашиб юрган кишилар орасини ислоҳ қилиш динимиз амри эканини, бу хайрли амал нафил ибодатлардан афзал эканлигини асло унутмаслик лозим.

Аллоҳ таоло халқимизнинг ўзаро аҳил-иноқ, меҳр-оқибатли бўлиб яшашини доимо бардавом айласин!

Назиржон Қўчқаров,
Наманган тумани “Умарбой хожи” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг