ҲАЖ ИБОДАТИНИ БАЖАРУВЧИЛАРГА ТАВСИЯЛАР:

Ҳаж Ислом динининг бешинчи рукни ҳисобланади. Аллоҳ таоло Ўзининг байтига ҳаж ибодатини бажариш учун насиб эттими, демак ҳаж қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир. Шунинг учун ҳаж қилувчилар олий даражадаги одоб билан одобланишлари зарурдир.
“Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса (яъни эҳромга кирса), ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз Аллоҳ уни билади” (Бақара сураси, 197-оят).
Ҳажга ният қилиб йўлга чиққан инсон тилини турли фаҳш, ғийбат ва ноўрин сўзлардан тийиши зарур. Ҳаждан кўзланган мақсад ҳам шуки, бир қанча қалб амаллари ва одобларни бажо келтириш билан бўлади:
- Ҳажга кетаётган инсон аввало Аллоҳ ризолигини ният қилиб, ибодатда бўлиши керак. Шунингдек, фахрланиш ва риёкорлик каби иллатлардан йироқ бўлиши зарур.
- Барча гуноҳлардан тийилиб, Аллоҳ таолога тавба қилиб кўп истиғфор айтсин.
- Кимнинг дилини оғритган, зулм қилган бўлса, улардан сафар олдидан узр сўрасин. Ўзи ҳам кечиримли бўлсин.
- Ҳаж сафари тайёргарлиги билан овора бўлиб, намоз ва бошқа ибодатларга эътиборсизлик қилмасин.
- Кимдан қарзи бўлса, сафарга кетгунча барча қарзларни тўлаб қўйсин.
- Ҳаж сафари чоғида ҳар дақиқанинг қадрига етиб ибодат ва зикрлар билан машғул бўлиш.
- Сафар чоғида ғийбат, чақимчилик ва беҳуда сўзлардан тилини тийсин.
- Ҳаж давомида ҳаёллари савдо тижоратдан ҳоли бўлган ҳолда бўлсин.
- Қалбида ибодатларини Яратганнинг ҳузурида қабул бўлишини чин ихлос ила сўрасин.
ҲАЖ САФАРИГА БОРУВЧИ АЁЛЛАРГА ТАВСИЯЛАР.
Аёллар эҳром ҳолатида бошларини ёпадилар, юзлари эса очиқ ҳолда бўлади. Кўйлаклар гулсиз, сидирға, ичи кўринмайдиган даражада бўлиши, тор бўлмаслиги.
Сочлар доимо рўмол тагида бўлиши керак.
Сочлар ибодат чоғида халақит қилмаслиги учун турмакланади ёки бирор нарса билан боғлаб олинади.
Аёллар талбияни маҳфий, яъни паст овозда айтадилар.
Меҳмонхоналардаги хоналар тақсимотида тартибли бўлиш талаб этилади. Меҳмонхонада оз вақт бўлишликни, ҳаж сафарига нима мақсадда боришликни доим ёдда сақлаган ҳолда эллик бошининг кўрсатмаларига қатъий амал қилиш шарт.
Меҳмонхоналардаги хоналар озодалигига эътибор бериш, сувни исроф қилмаслик талаб этилади.
Меҳмонхоналарда ҳам сатри аврат қоидаларига амал қилиш лозим.
Ошхонадаги тартиб-интизомга қатъий риоя қилиш керак.
Шахсини тасдиқловчи ҳужжат (кўкрак нишони) ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)си доим ёнида олиб юриш керак.
Ибодат вақтларида аёлларнинг ҳайз кунлари бошланиб қолса, Каъба тавоф қилинмайди, намоз, Қуръон ўқилмайди ва аёл шифокорлар билан маслаҳатлашиб иш кўрилади.
Аёллар икки ёки уч киши бўлиб ибодатга чикиши, кечаси ёлғиз ибодатга чиқмасликлари тавсия этилади.
Масжидул Набавийдаги бир ракаат намознинг савоби минг ракаат намозга, Масжидул Ҳарамдаги бир ракаат намознинг савоби эса юз минг ракаат намоз савобига тенглигини доимо эсда сақлаб, вақтни ғанимат билиб, доимо ибодатда бўлиш керак.
Ҳаж ва умра охирида аёлларнинг сочларидан, соч учидан бир бармоқ айлантирарлик узунлигида соч кесилади. Соч узун бўлса, сочнинг учидан, соч калта бўлса ўнг томондан қайчи билан кесилади.
Ҳажга борувчи аёллар ибодат вақтида улкан ажрлар берилишини ҳисобга олиб, ўзи ва бошқалар учун савобли амаллар қилишга ҳаракат қилиши талаб қилинади.
Бегоналардан аудио, видео, турли китоблар олмаслик талаб этилади.
Ҳамхоналарда кексалар бўлса, қўлдан келганича ёрдам бериш тавсия этилади.
Биз Абу Ҳанифа мазҳабига мувофиқ ибодат қиламиз, шунинг учун ибодат вақтида бошқа мазҳабдаги аёлларнинг ибодатларига эътибор бермаслик талаб этилади.
Ҳозирги вақтда турли совғалар тасбеҳлар, жойнамозлар ўзимизнинг юртда ҳам сероб бўлгани боис у ердан юк қилиб кўтариб юрмаслик, тавсия этилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига ҳар хил матоларни турли ниятларда суртиш, Уҳуд тоғи тупроғидан олиб кетиш, Уҳуд тоғига қараб намоз ўқиш, Каьба атрофидаги қушларга буғдой сепиб ортганини уйига олиб келиш каби турли бидъат амаллардан сақланиш зарур.
Самолётда, меҳмонхоналарда, масжидлардаги таҳоратхоналарда озодаликка эътибор бериш талаб этилади.
Ҳажга бораётганлар нима мақсадда кетаётганлигини аниқ билиб олишлари лозим, шунингдек, ибодат вақтларида аёлларни пардозланиб юришлари манн этилади.
Ибодатларни тугатиб меҳмонхонага қайтиш йўли ёддан кўтарилган вақтда саросимага тушмаслик, яқин атрофдаги полиция ёки бирон кишига бейжик ва меҳмонхона ташриф қоғози (визитка)ни кўрсатиш мақсадга мувофиқдир.
Шифокорлар доим хизматда бўлганлиги боис ўзингизми, ҳамхонангизними тоби қочиб қолса, даров шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Меҳмонхоналарда юк йўқолиш каби ҳодисалар бўлганида, саросимага тушмасдан дарҳол эллик бошига мурожаат қилиш керак.
Ҳаж сафарига кетаётганда ва қайтишда аэропорт маъмурияти томонидан талаб этилган меъёрдан ортиқ юк олмаслик талаб этилади.
Ҳаж сафаридан қайтиб келгандан кейин мусулмон кишига хос бўлган ишларни мукаммал бажаришда, маҳалла ва жамоат ишларида, тўй ва маъракаларни исрофгарчиликсиз ўтказиш, ёшлар тарбиясида ибрат бўлишлари тавсия этилади.
Ҳаж сафари давомида бажарган ибодатларингиз Аллоҳ таоло даргоҳида ҳусни қабул этишини сўраб қоламиз.
Кенжабек Солиев,
Чуст тумани “Ғоиб Эронлар” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022