Қоронғи режим
Image
Logo

Ҳалол касб..

Ҳалол касб..

Аллоҳ таоло ўзининг ояти каримасида инсон ризқини ҳалол йўл билан топиб истемол қилиш борасида марҳамат қилиб айтадики:  “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза (ҳалол) нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!.

Ҳадиси муборакда эса; Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлган ҳолида йўлиқади”.

Бошқа бир ояти каримада  мўмин бандалар  шу нарсага  амр қилинганки: Эй иймон келтирганлар, касб қилган пок нарсаларингиздан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан садақа қилинглар

Ушбу ояти карима билан Аллоҳ таоло бандаларини ҳунар ўрганиш ёки бирорта касбни эгаси бўлишга ундамоқда. Ҳадиси муборакда ҳалол касб борасида: Жону таним қўлида бўлган зотга қасамки, бировнинг олдига бориб у ҳали садақа берадими ёки йўқми тиламчилик қилганингиздан кўра, ўтин териб, арқон  бирлан орқалаб, тирикчилик қилганингиз маъқулроқ

Ривоятларда бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, ўзига керакли нарсани сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: “Уйингда бирор бир нарсанг борми?” деб сўрадилар. “Ҳа, бор, Эй Аллоҳнинг расули, бир наматимиз бор. Аммо унинг баъзи жойлари куйган. Бизлар унинг устида ўтирамиз, ётамиз, бир четини устимизга ёпамиз, бир четини тагимизга тўшаймиз. Ёғоч товоғимиз ҳам бор, унда овқат еймиз, сув ичамиз ва бошларимизни ювамиз” деди ҳалиги киши. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икковини менга олиб кел” дедилар. У киши намат билан товоғини олиб келганидан сўнг, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у нарсаларни қўлларига олиб: “Бу иккаласини ким сотиб олади?” дедилар. Бир киши: “Буни  бир дирҳамга сотиб оламан”, деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бунга яна бир дирҳам қўшиб сотиб оладиган киши йўқми?” дедилар. Бошқа киши: “Мен икковини икки дирҳамга сотиб олиб оламан”, деди. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам у одамга намат ва товоқни бериб, икки дирҳамни олдилар ва молнинг эгасига топшира туриб: “Бир дирҳамига овқат сотиб олиб, уйингга бор. Бир дирҳамига эса, болта харид қил ва менинг олдимга кел” дедилар. Ҳалиги киши кейин болта сотиб олиб қайтиб келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Бориб, ўтин териб, бозорда сот. Сўнг 15 кундан кейин менинг олдимга кел”, дедилар. Кейин у киши кетди, ўтин сотиб, ўн беш  дирҳам ишлади. Пулининг бир қисмига таом, озроғига кийим сотиб олди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга айтдилар: “Бу ишинг сенга қиёмат куни юзингда қора доғ бўладиган, уни фақат олов ўчирадиган тиланчиликдан яхши эмасми?”

Мана бу оятга қараладиган бўлса Аллоҳ ўз бандаларига чиройли маслаҳат берганки; Агар Аллоҳ таоло барча бандаларининг ризқларини мўл-кўл қилса, албатта, улар ер юзида зулм-тажовузкорлик қилган бўлур эдилар

Шақиқ ибн Иброҳим р.а. ушбу ояти каримани шундай шарҳлаганлар:

 “Агар – дейдилар олим – Аллоҳ таоло бандаларига касб-ҳунарсиз ризқ-рўз берганида, улар бекор қолиб, оқибатда бузилиб кетардилар. Лекин бузғунчиликка бўш вақт топмасинлар, дея уларни касблар билан шуғуллантириб қўйди”

Бизларнинг атрофимизда ҳам мана шунақа кимсалар учраб туради. Ҳалол касб қилиш ёки бирор бир ҳунар эгаси бўлишга ялқовлик қилиб, пул топишнинг энг осон ва енгил йўлини ахтаришга тушадилар. Ҳаром йўл билан бўлган мўмай пул топиш ҳирсида бўладилар. Бу гапимизнинг жуда кўп мисоллари бор. Масалан: энг кўп тарқалган ҳолат бу ҳам бўлса, рибо – судхўрлик. Ёки порахўрлик. Энг ёмони ва энг ашаддийси, инсон фарзанидини насли бузулишига сабабчи бўладиган ҳар хил оғу  нарсаларини сотишдир.

Тинч ватаннинг аҳолисини хотиржамлигини кўролмайдиган кимсалар ҳақида Аллоҳ таоло Ўзининг китоби Қуръони каримда;

Албатта иймон келтирган кишилар ўртасида бузуқликлар ёйилишини истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир” деб марҳамат қилади.

Шуни англаб етмоқ лозимки бундай касбларни қилган кимсаларнинг икки дунёси ҳам хароб бўлади. Ваҳоланки ҳалолликни ўзига касб қилган шу йўл билан ризқ топишга интилган инсонни Аллоҳни ўзи қўллайди ва ризқини улуғ қилади.

                                                                         Ботиров Баҳодир,
Чуст тумани “
Охунбобо жоме
масжиди имом
-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг