ҲАР БИР МУСУЛМОНГА ИЛМ ОЛИШ ФАРЗДИР.

Маълумки, Ислом дини инсонларни илм олишга кенг тарғиб қилади. Аллоҳ таоло илм дини бўлмиш Ислом билан инсониятни жаҳолат зулматидан ҳидоят нурига олиб чиқди. Ислом дини илмни имонга тасдиқ, амалга эса йўлбошчи қилган диндир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир мусулмон киши илм олиши фарз экани ҳақида шундай деганлар: Яъни: Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир",дедилар ( Имом Ибн Можа ривояти). Дунёда илм - фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм - фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Ваҳоланки, тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар. Кашфиётларнинг кўпи аниқ фанларга тўғри келган, яъни математика, геометрия, астрономия, физика, кимё ҳамда тиббиёт фанлари ривожланган.
Маълумки, динимизда илмни диний ва дунёвийга ажратилмайди. Қадимда ота - боболаримиз бу қоидага амал қилганлари ҳолда Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Муҳаммад Хоразмий, Ибн Сино ва Улуғбек каби қомусий олимлар етишиб чиқдилар. Улар ҳам диний, ҳам дунёвий илмларда пешқадам бўлганлар. Биз ҳам фарзанларимизнинг пухта билим олишлари, жамиятнинг етук аъзолари бўлмоқлари учун тинмай ҳаракат қилмоғимиз лозим. Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилган. Ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишлари лозим. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, баъзи фарзандлар, хоссатан, мактаб ёшидагилар вақтларининг аксарини интернет ва компьютер ўйинлари ( playstation ) клубларида ҳар хил ножўя ўйин ўйнаб, инсоннинг қалби ва имонига зарар келтирадиган расм ва видеоларни томоша қилиб, тўғри йўлдан адаштирувчи нотаниш кишилар билан алоқа ўрнатиб, умрларининг олтин даврини зое қилмоқдалар. Ваҳоланки, бу даврда вақтнинг қадрига етиш, ундан унумли фойдаланиш лозим. Яъни: Хасан Басрийдан ривоят қилинади. У зот: " Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир ", деганлар.
Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари, айниқса, ота - оналар миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқи бузилмаслиги, сохта ва бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар. Ёшларнинг мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришларига алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота - она ва устозларнинг масъулиятидир. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмаслигингиз оқибати аянчли бўлади. Аллоҳ таоло асрасин!
Маъсумхон Турғунов
Наманган шаҳар " Шайҳ Эшон "
жомеъмасжиди имом-хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022