ҲАСАДДАН САҚЛАНАЙЛИК!!!

Аллоҳ таоло ўзининг муқаддас ислом динини бандаларига нозил қиларкан, унда инсон ҳаёти давомида яшашлиги учун зарур бўлган барча муомилаларни батафсил тушунтириб берди. Инсон нима амал қилса жаннатга-ю, нима амал қилса дўзаҳга киришлиги, қайси амал Аллоҳни розилигига сабаб бўлади-ю, қайси амал ғазабига сабаб бўлади, буларнинг барчаси ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси муборакларида хабар берилган. Инсониятни қалбини қаттиқ бўлишга, Роббисини ғазабига, Пайғамбарини суннатига хилоф қилишга олиб борадиган амаллардан бири ҳасаддир. Аллоҳ таоло бир қанча оятларда ҳасадни қоралаган ва ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўрашга чақирган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?” деган (Нисо сураси, 54-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жамъ бўлмайди. Бир банданинг ичида иймон билан ҳасад жамъ бўлмайди”, – дедилар. (Ибн Ҳиббон ривояти)
Бу ҳадиси шарифда кўриниб турибтики, иймон билан ҳасад битта қалбда жамланмайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасаддан сақланинг! Чунки, ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади”, – дедилар. (Абу Довуд ривояти)
Бу ҳадисда эса, инсон қилган барча солиҳ амалларини ҳудди олов ёндиргандай, ёндириб юборишлиги таъкидланмоқда. Шунинг учун ҳам, ҳасадгўй одамга эътибор билан назар солинса, унда ҳеч бир яхшилик аломатлари топилмайди. Ҳасад тарқалган жамиятда ҳам худди шу манзаранинг ўзини кўрасиз. Ҳасадчилар жамиятида яхшиликдан асар ҳам қолмайди. Шунинг учун ҳам ҳасадчининг зиёнидан доим Аллоҳ таолодан паноҳ сўрашлик лозим бўлади. Қуръони каримда ҳам: “Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман” деб марҳамат қилинади. (Фалақ сураси, 5-оят)
Ислом уламолари ҳасаднинг зарарларини санаб ўтганлар:
- Ҳасад Аллоҳ таолонинг ғазабига сабабдир.
- Ҳасад гўйнинг қалби ҳасратга тўла бўлади.
- Ҳасад эгасининг обрўсини пасайтиради.
- Ҳасадчини одамлар ёмон кўради.
- Ҳасад неъматнинг заволига сабаб бўлади.
- Ҳасад катта ёмонликларнинг ўчоғидир.
- 7. Ҳасад ахлоқсизлик аломатидир.
Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳасад эгаси мендан эмас”, – дедилар. (Имом Тобароний ривояти) Шундай экан, инсонлар ҳасаддан доим узоқда бўлишлари лозим бўлади. Ҳасад фақатгина инсонга зиён келтиришлиги, Аллоҳ таолонинг қаҳрига дучор бўлишига ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари бўлишдек улуғ мақомдан бенасиб қолишлигига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни мана шундай ҳасад деб аталмиш иллатлардан ўз паноҳида асрасин.
Мансурхон Марупов,
Косонсой тумани “Хазрати Умари Одил” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022