Қоронғи режим
Image
Logo

ҲАЁТИМИЗДА ВАҚТ ҚАДРИ.

ҲАЁТИМИЗДА ВАҚТ ҚАДРИ.

Ҳар биримиз ўтаётган кунимиз, вақтимиздан  ибрат олмоғимиз лозим.

Зеро кеча ва кундуз янгиларни эскиртиради, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни қаритади.

Бахоуддин Нақшбанд хазратлари бундай деб марҳамат қилган эканлар.

Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафасни зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эхтиёт бўлинг.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар. Мен бир куннинг қуёши ботиб, ажалим билан орамиздаги масофа қисқариб ўша кунга яхши ишларим кўпаймаганига қилган пушаймонимдек пушаймон қилмадим деганлар.

Бир улуғ зот айтган эканлар

 

Ўтмиш ўтиб кетди, келажак орзу

Шу турган онинга қилавер ружу.

 

Ўтган ҳар бир лахза, дақиқа ва куннинг айни ўзи қайта келмайди. Балки уларнинг янгиси келади. Донишмандлардан бири шундай деган экан. " Уч кунлик дунёни бир кун деб ҳисобла, бир кун ўтиб кетди, яна бир кун келадими йўқми Аллоҳ таоло билади, сен хозирги кунингни ғанимат билгин, харакатдан тўхтама" .

Динимиз вақтни ғанимат билишга ундаб, саҳар вақтида ибодат учун туришга буюради. Куннинг аввалги қисмидан унумли фойдаланган киши қолган қисмини ҳам зое кетказмайди. Бунинг учун қуёш чиқмасдан илгари уйқудан уйғониш ва бомдод намозини белгиланган вақтда адо этиш керак. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

" Эй Аллоҳим, эрта саҳардан уйқуларидан турган умматларимга баракот ато қилгин ". Чошгоҳ вақтигача ухлаш ғафлат уйқусидир. Бошқалар дунёси ва охиратлари учун қимирлаб - ҳаракат қилиб турган бир вақтда ухлаб ётиш ҳеч дуруст эмас. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳо онамиз айтадилар:  Эрталаб ухлаб қолган эканман, отам мени уйғотиб, шундай дедилар: " Эй қизим, уйғонинг, ғафлат уйқусида бўлманг, Аллоҳ субҳидан то қуёш чиққунича ризқларни тақсимлаб беради". Демак, дангаса ёки дангаса эмасликни ўша вақтда уйғониш ёки уйғонмасликка қараб билса бўлар экан. Банданинг зиммасига юклатилган вазифалар унинг вақтини олади. Лекин шу билан бирга, у вазифаларни адо этишда вақтлари кетса ҳам ундан ибрат ва сабоқ олишлари мумкинлигини эслатиб қўяди.

Бир киши дўстидан " уйингиздан ишхонангизга боргунча қанча вақт кетади деб сўрабди. Дўсти агар йўл тиқилинч бўлса, саккиз юзта тасбиҳни, агар йўл очиқ бўлса икки юз элликта тасбиҳни олади деб жавоб берибди." Жавобни гўзаллигини қаранг.

Демак, олтиндан қиммат бебаҳо вақтларимиз, кунларимиз, соатларимиз ва дақиқаларимиз ҳамда ҳар бир кираётган ва чиқаётган нафасларимиз ҳисоб - китобли эканини асло унутмайлик.

Аллоҳ таоло барчамизга инсон учун берилган бебаҳо умр ва олтиндан ҳам қимматли вақтни фойдали ва савобли ишларни амалга оширишда, умрнинг ҳар бир дақиқаси  буюк фурсат  ва ғанимат эканини доимо эсда тутиб саъю - ҳаракат қилишда Аллоҳ таоло ёрдамчимиз ва мададкоримиз бўлсин.

Маъсумхон Турғунов
Наманган шаҳар “Шайх Эшон” жоме
масжиди имом - хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг