Қоронғи режим
Image
Logo

ҲУСНИ ХУЛҚ МЎЪМИННИНГ ЗИЙНАТИ

ҲУСНИ ХУЛҚ МЎЪМИННИНГ ЗИЙНАТИ

Маълумки, динимиз  ҳусни хулқли, хуш муомалали, ўзаро меҳр-оқибат, катталарга иззат-ҳурмат, кичикларга эса раҳм-шафқатли бўлиш, ўзгани айб-нуқсонларини ва саҳв-хатоларини кечириш каби гўзал ахлоқларга чақиради. Гўзал хулқли бўлиш – пайғамбарлар, сиддиқлар ва солиҳ зотларнинг хулқларидан бўлиб, бу билан киши буюк мақом ва мартабаларга эришади.  Барча гўзал хулқлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламда мукаммал ва бенуқсон ҳолда ўз аксини топган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло У Зотни мақтаб бундай деган:  Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз! (Қалам сураси 4-оят). Ҳақиқатан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом биринчи даражадаги комил инсон ва барча яхши хулқларни ўзларида жамлаган Зот эканларига асло шубҳа йўқ.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳазрати Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳуга қуйидагича насиҳат қилганлар:  “Эй Абу Ҳурайра! Ўзингизга ҳусни хулқни лозим тутинг!”. Шунда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу: Ё Расулаллоҳ! Ҳусни хулқ нима? – деб, сўрадилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Сиздан силаи раҳмни узган билан уни боғлашингиз, сизга зулм қилган кишини кечиришингиз ва сизни маҳрум қилган кишига инъом қилишингиз ҳусни хулқдир”, - дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).

Динимизда гўзал хулқ соҳибларига катта ажру савоблар ва юксак мақом ва мартабалар ваъда қилинган. Гўзал хулқ – жаннатга киришга сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:  “Гарчи ҳақ бўлса ҳам тортишмаган кишига жаннатнинг четидан уй берилишига кафилман. Гарчи ҳазиллашиб бўлса ҳам ёлғон гапирмаган кимсага жаннатнинг ўртасидан уй берилишига кафилман. Хулқи чиройли бўлган кишига эса жаннатнинг энг олий жойидан уй берилишига кафилдирман” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Гўзал хулқ – Пайғамбаримиз алайҳиссалом энг яхши кўрган инсон бўлишга сабабдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: “Қиёмат куни менга маҳбуброғингиз ва яқинроғингиз хулқлари чиройлироғингиздир.

Хусусан, ҳозирги пайтда ҳусни хулқ мавзусига ижтимоий тармоқлардаги мулоқотларимизда ҳам жуда муҳтожмиз. Айниқса, айрим ёшлар ҳаётда ўзларини одобли тутсаларда, ижтимоий тармоқларда мутлақо ўзгача хулқда бўлишлари ачинарли ҳол. Ўзаро ёзишма ва мулоқотларда бировларни ҳақорат қилиш, камситиш, инсонларни ғийбат қилиб, обрўсизлантириш оддий ҳолга айланмоқда. Аслида, шариатимизга кўра “Ал-мактуб – кал-махтуб” яъни, “Ёзилган сўз – айтилган гап билан баробар” деган қоида бор. Шунинг учун мусулмон киши ҳар бир гап-сўзини ўйлаб ёзиши,  ғийбат ва бўҳтон ҳамда ўзгаларга қўполлик ва зулмдан жуда эҳтиёт бўлиши зарур.

Гўзал хулқ – умр зиёда бўлиши ва юрт обод бўлишига сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Кимга мулойимликдан насиба берилган бўлса, унга дунё ва охират яхшилигидан насибаси берилибди. Силаи раҳм, ҳусни хулқ ва яхши қўшничилик диёрларни обод, умрларни зиёда қилади” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Демак, киши доимо ким билан мулоқот қилишидан қатъий назар одоб ва ҳусни хулқ билан муомала қиладиган бўлса, юқоридаги ва ундан бошқа кўплаб савоб ва баланд мартабаларга эришади. Инсонлар ўртасида ҳушмуомилалик ва ҳусни хулқ оқибатида жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик ва тараққиёт таъминланади.

Демак, ҳусни хулқ кишида ўз-ўзидан шаклланиб қолмас экан. Балки уни илм аҳллари билан ҳамсуҳбат бўлиш, улардан илм олиш билан бирга одоб-ахлоқларини ўрганиш билан касб қилинар экан. Ушбу хислат  ўтган салафи солиҳларимизнинг гўзал одатларидан бўлган.

Яҳё ибн Муъоз раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: “Ёмон хулқ ёмон хусусият бўлиб, у билан кўп яхшиликлар ҳам фойда бермайди. Яхши хулқ эса, яхши хусусият бўлиб, у билан кўп ёмонликлар зарар бера олмайди”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шариъатимизда гўзал ахлоқли бўлишга тарғиб қилинган бўлиб, ҳар бир инсон хулқ атворини чиройли қилишга ҳаракат қилиши лозим. Зеро, инсон чиройли хулқи сабабли дунё ва охиратда юқори даражаларга етади. Бунинг учун аввало шариъатимизни яхши ўрганишимиз ва унга амал қилишимиз керак бўлади.

Аброрҳўжа Рашидов,
Чортоқ тумани Абу Бакр Сиддиқ жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг