Қоронғи режим
Image
Logo
ИККИ ДУНЁ САОДАТИГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ.

ИККИ ДУНЁ САОДАТИГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ.

Динимиз инсониятни  бешикдан қабргача илм ўрганишга буюради. Инсонга берилган ақлни илм билан безатмаса ундай ақлни маъноси қолмайди.

Инсон бу ёруғ оламга келиши билан илк мехру муҳаббатни ота ва онада кўради. Бу меҳр илоҳий ҳис туйғуки, шу сабабли ота-оналар фарзандларига нисбатан ана шу илоҳий ҳис-туйғулар оғушида яшайдилар. Фарзаддларини ўз ҳой-ҳавасларига берилмасдан, қунт билан тарбиялашга интиладилар. Чунки болалар ҳаёт қонуниятларини англаб етолмаслиги сабабли яхшини ёмондан, оқни қорадан ажрата олмайдилар. Оловни нур ҳисоблаб, қўлларини оташга узатадилар.

Боғбон боғ яратишда қанчалик кўп меҳнат қилса, ота-оналар фарзандларини моддий ва маънавий тарбия бериб, камолга етказгунча, унданда кўп меҳнат сарф қиладилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам  бу борада ота-оналарга: «Фарзандларингизга гўзал хулқ-атвор ўргатингиз, уларни ўз ҳолларига ташлаб, ҳой-ҳавасларга берилиб кетишларига йўл қўймангиз», дея марҳамат этганлар.

Қуйидаги ҳадиси шарифда ота-оналарнинг фарзандлар билан қандай муомалада бўлиши ҳақида хабар берилган:

«Ҳеч бир ота-она фарзандларига гўзал тарбия ва яхши одобдан ортиқ бир туҳфа инъом этолмайди». Демак, ота-онанинг фарзандига берган яхши тарбияси энг буюк неъмат экан.

Фарзандлар ота-оналаридан гўзал диний талқинлар, билимлар олиб, камолотга эришадилар. Моддий озуқа инсонга қанчалик лозим бўлса, маънавий озуқа инсон ақлини, руҳиятини юксалтиришда, дунёни билиш, Ҳақни таниш ва ҳақиқатларни англаш қобилиятини ўстиришда шу қадар аҳамиятлидир.

Ҳазрати Али  розияллоҳу анҳу тарбия хусусида: “(Кимнинг ва) кандай одамнинг фарзанди бўлсанг ҳам, одоб-тарбия ўрган. Гўзал хулқ сени бошқа залолатларга дучор этмас”, дея марҳамат қилганлар. Чунки инсоннинг борлиғи, юксалиши тарбия ва одобдан иборатдир. Ҳаётда тарбия кўрмаган инсон ҳаёсиз бир ҳайвон кабидир. Зеро, инсон ўзининг фаҳм-фаросати, ақли, ҳаёси ва билими билан бошқа жонзотлар, жумладан, ҳайвонлардан фарқланади. Ўтган барча улуғ мутафаккирлар Ислом динини, энг аввало, тарбия ва одоб дини дея қабул қилганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом энг юксак одоб, тарбия ва энг гўзал хулқ соҳиби сифатида бутун инсониятга олий ўрнакдирлар. Ҳазрати Али  асолатнинг асли наслда эмас, таълим ва тарбияда эканини айтганлар. Масалан:

«Эй, қавми-уруғи билан ифтихор этган тарбиясиз одам, қавмингнинг асолати сенга фойда бермас. Ҳақиқий инсон ўзлигига ишонади, «отам фалончидир» деб мақтанмас», дея марҳамат қилганлар.

Ҳазрати Али  умрининг сўнгги кунларида ўғилларига шундай насиҳат қиладилар:

- Эй, ўғилларим Ҳасан ва Ҳусайн! Оила аҳлим, дўст-ёрларим!.. Васиятномам қўлига тушган қардошларим!.. Васият этиб дейманки, аввало, қалбингизни Аллоҳга итоатли қилинг. Ихлос билан ибодат этинг. Шунда сизни гўзал оқибатлар кутади. Мўмин-мусулмон бўлиб бу дунёни тарк этасиз.

Қурьони Каримга ёруғ юз билан, меҳр билан боқинг. Амалда бир-бирингизни камситманг. Расулуллоҳ   икки мўмин орасида аразлашув пайдо бўлса, дарҳол ислоҳ этишни, яраштиришни буюрганлар. Токи ораларида гина-қудурат қолмасин. Бундай ислоҳингиз умр бўйи ўқиган намозларингиздан ва тутган рўзаларингиздан ҳам ҳайрлидир.

Дўсту ёр, ақраболарга ҳурматда-илтифотда бўлинг. Дунёга майл этманг. Йўқотган ёки бировга берган нарсангизга ачинманг. Рост сўзланг, етимларга шафқат кўрсатинг. Золимларга доимо хусуматда бўлинг. Аллоҳнинг Китобига ва Расулуллоҳ  суннатларига амал қилинг. Ҳеч бир кимсанинг бу хусусдаги ёлғон сўзларидан қўрқманг. Шунда жаннатга осон эришасиз, ғам-алам нелигини билмайсиз.

Аллоҳдан қўрқинг, етимларнинг ҳуқуқини муҳофаза этинг. Аллоҳдан қўрқинг, қулингизни норози қилманг, ҳаққини беринг. Расулуллоҳ  менга шундай васият қилганлар. Қуръонга муносабатда Аллоҳдан қўрқинг, яхши, савобли амаллар қилишда бир-бирингиз билан ким-ўзарда бўлинг. Аллоҳдан қўрқинг, намоз ўқинг. Зеро, намоз динимизнинг устунидир. Дин намоз билан қоимдир. Аллоҳдан қўрқинг, имкони борича масжидларга бориб, жамоат билан намоз ўқинг.

Муборак Рамазон ойларида рўза тутинг. Зеро, рўза жаҳаннамдан қутқара оладиган қалқондир. Аллоҳ йўлида нафсингиз билан доим курашда бўлинг.

Фуқаронинг ҳаққи бўлган закотни вақтида беринг, зеро, закот Аллоҳ таолонинг ғазабидан паноҳ беради. Аллоҳдан қўрқинг, Расулуллоҳ Муҳаммадга  ҳурматда бўлинг. Зеро, саҳобалар ва аҳли байтга ҳурмат ва таъзимда бўлиш хусусида илоҳий ваҳий тушган. Аллоҳдан қўрқинг, фақир ва йўқсил (камбағал)ларга яхшилик қилинг.

Ўзингизда бўлган ноз-неъматлар билан (одамларни) сийланг. Аллоҳдан қўрқинг. Раҳбар бўлсангиз, қўл остингиздаги кишиларга ҳурмат ва рағбатда бўлинг. Зеро, Расулуллоҳ  умрининг сўнгги дақиқаларида уч сўзни такрор-такрор таъкидлаб айтдилар:

Биринчиси намоздир. Иккинчиси идора этилаётган кишилар, етим-есирлар, бева-бочоралар, қуллар, жориялар ҳақларининг муҳофазаси, ва сўнггиси шайтони лаъин йулига кирмай, ҳамиша рост сўзлашдир. Агар гапириш лозим бўлса, Аллоҳ амрига мос тарзда бандаларга фақат яхши сўзлар айтинг, Аллоҳ амрларини англатинг. Насиҳатларимни унутманг. Акс ҳолда кўп фалокатларга учрайсиз. Қилган дуоларингиз ижобат бўлмас. Ўрталарингиздаги қариндошлик (дўстлик) ришталарини мустахкамлаш учун силаи раҳмни унутманг. Доимо бир-бирингизни йўқлаб туринг. Савоб ишларда бир-бирингизни қувватланг. Гуноҳ ишларга яқинлашманг. Аллоҳдан қўрқинг, Аллоҳнинг азоби шиддатлидир.

Авлодларим! Мен сизни Аллоҳга омонат топшираман. Аҳли жамоангизга салом ва ҳурмат билан сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилишини тилаб қоламан», дея Ҳазрати Али «Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ» калимасини такрорлаб, сўнгги нафасини чиқардилар.

Ҳазрат Алининг   ушбу ўгитларидан ҳар бир ота-она хабардор бўлиши ва фарзандларига насиҳат беришда улардан ўрнак олиши даркор. Фарзандларига исломий гўзал исм қўйиш, яхши таълим-тарбия бериш ота-онанинг бурчидир. Уларни едириб-ичириш, келажаги ҳақида қайғуриш, истиқболи учун беғараз ёрдам кўрсатиш, уларни доимо диний йўлларга ташвиқ этиб, ҳақларига хайрли дуолар қилиш ,илм маърифатга даъват этиш ва қўлдан келганча моддий ёрдам бериш керак. Хуллас, фарзандларининг бахт-саодати учун ота-оналар масъулдир. Демак, бу масъулият фарзандлар таълим-тарбияси, одоб-ахлоқи, бахт-саодати устида катта эътибор ва ҳассослик билан ҳаракат қилишга ундайди. Сабаб   жаннат райҳонларини тарбиялашда собитқадам бўлиш инсонни икки дунё саодатига элтади.

Баҳодир Ботиров,
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг