Исломда Ватанга муҳаббат...

Исломда Ватанга муҳаббат бу – туғилиб ўсган юртини эъзозлаш, унинг равнақи учун бор имкониятини сарф қилишдир! Мусулмон киши Ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, хурсанд бўлса – хурсанд, хафалик етса – қайғуради. Инсоннинг ўз Ватани олдида бир неча вазифалари бўлиб, улардан бири:
- Ватаннинг ҳаққига дуо қилиш. Чунки пайғамбарлар ўз ватанлари ҳаққига дуо қилганлар. Масалан, “Пайғамбарларнинг отаси” Иброҳим халилуллоҳ ўз ватанлари бўлмиш Маккаи мукаррамa ҳақига Қуръони каримда дуо қилганлари баён қилинган: яъни: “Эсланг, Иброҳим: “Эй, Раббим, буни (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!”, – деганида, Аллоҳ: “(Улардан) кофир бўлганларини эса, бироз ризқлантириб, сўнгра дўзах азобига мубтало этурман. Бу ўта ёмон оқибатдир”, – деди” (Бақара сураси 126-оят).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мадинаи мунавварага борганларида, унинг ҳаққига қуйидагича дуо қилдилар: яъни: “Эй Аллоҳ! Мадинани бизга Маккани суйганимиздек ёки унданда зиёдароқ суюкли қилгин! Ва уни тошу тарозусига – соъу муддига баракот бергин!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Кўриниб турибдики, пайғамбар алайҳиссаломлар яшаб турган юртларига тинчлик ва ризқ сўрадилар. Зеро бу икки неъмат – Ватан фаровонлиги омилларидандир! У иккиси ёки бири топилмаса, бахт саодат йўқолади. Инсоннинг ўз Ватани олдидаги вазифаларидан яна бири;
- Ватан ободлиги учун моддий ва маънавий ҳисса қўшиш. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди: яъни: “У (Аллоҳ) сизларни ердан пайдо қилиб, сизларни уни обод этувчи этди” (Ҳуд сураси 61-оят). Демак, инсон ер юзини, хусусан яшаб турган юртини, ўз Ватанини обод қилиши – унинг бурчи ҳисобланади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: яъни: “Қиёмат қоим бўлиб қолса-ю, бирингизнинг қўлида кўчат бўлса, у қоим бўлгунича экишга улгурса, экиб қўйсин” (Имом Бухорий ривоятлари).
Ҳадиси шарифда инсон ўз ҳаётининг охирги лаҳзасини ҳам ғанимат билиб, яшаб турган жойини обод қилиш, уни гуллаб-яшнатишга тарғиб қилинмоқда.
Шарифхон Юсуфхўжаев,
Косонсой тумани “Мулла Раҳим қори” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022