
ИСЛОМ ДИНИ – ТИНЧЛИК ДИНИДИР!
Тинчлик ва ҳотиржамлик. Ушбу сўзлар замирида қанчалар буюк неъмат борлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Бу неъмат қиёси йўқ бўлган буюк неъмат ҳисобланади.
Ислом дини ана шундай улуғ неъмат бўлмиш тинчлик ва ҳотиржамликка тарғиб қилиш билан бирга зулм қилиш, озор бериш, бировнинг ҳаққини ейиш, жосуслик қилиш, ғийбат, ёлғончилик, ёлғон гувоҳлик бериш, чақимчилик, иғво-фитна чиқариш, беҳуда қон тўкиш каби ёмон иллатларни қоралайди.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Исломга (тинчликка) тўлиғича кирингиз ва Шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят).
Исломнинг маъноларидан бири – тинчлик. Исломда тинчлик инсон қалбидан бошланади. Сўнг қалбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Оиладаги тинчлик қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар орасига кўчади. Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Давлат миқёсидаги тинч яшашга эса жамият тинч бўлгандагина эришилади. Низом шундай. Тинчлик ҳукм сурмоқдами, демак барча нарса ўз ўрнида амалга оширилади. Барча бахтли ҳаёт кечиради.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳобалар: “Мукаммал инсон ким?”, деб сўрашганда, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тили ва қўли билан бошқаларга озор бермаган киши”, дея марҳамат қилганлар. Бошқа ҳадисларида ҳатто ҳидидан ҳам бошқалар озор топмаслигига буюрганлар.
Дарҳақиқат, мусулмон киши жамият учун нафақат яхшиликни раво кўрмоғи, ёмонликлардан тийилмоғи ва бошқаларга азият беришдан узоқ бўлмоғи лозим.
Диндан дунёвий мақсад учун фойдаланиш, дин ниқоби остида динга ёт бўлган ишларни амалга ошириш аслида динда бўлмаганларнинг ишидир. Бу ишлари орқали улар одамларни диндан бездириб, бошқаларни мусулмонларга салбий назар билан қарашига сабаб бўладилар.
Бугунги кунда баъзи бир мутассиб оқим вакиллари динни ўзларича талқин қилиб, фирқаларга бўлиниб, мусулмонлар орасида қанчдан-қанча кўнгилсизликлар келтириб чиқарганликлари барчага маълум.
Ислом динининг мусаффолиги, унда барча инсоний фазилатларнинг мужассамлиги, инсонларни гўзал ахлоқу одобга тарғиб қилишдадир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Пайғамбар бўлиб келишимнинг асосий боиси, гўзал ахлоқларни тамомига етказишдан иборатдир” (Имом Молик ривояти), деган сўзларида Ислом динининг асл мазмун-моҳияти ифодалаб берилгандир.
Хулоса қилиб айтганда, Ислом дини ҳар бир жамиятга ва ҳар бир замонга муносиб келишининг асосий сабабларидан бири у инсон табиати хусусиятларини тўлиқ ҳисобга олганидадир.
Абдулвоҳид Исоқов,
Наманган шаҳридаги “Мирёқуббой-Мирҳакимбой”
жомемасжиди имом-хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022