Қоронғи режим
Image
Logo

ИЛМ ЭНГ КАТТА БОЙЛИК, ТАРК ЭТИШ ЭСА АЙНИ ХАЛОКАТДИР.

ИЛМ ЭНГ КАТТА БОЙЛИК, ТАРК ЭТИШ ЭСА АЙНИ ХАЛОКАТДИР.

   Инсониятни йўқдан бор қилган Зот, уни илм билан фаришталаридан афзал қилди. Энг аввал Одам алайхиссалом буюрилган амал хам илм олиш бўлгани сир эмас.

Илм ўз эгасини улуғ мукофот бўлган жаннатга олиб боради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаби йўлига чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилади”, дедилар. Муслим ривояти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисларида шундай дейдилар: “Дунё ва охират яхшилиги илм билан, дунё ва охират ёмонлиги жоҳиллик биландир”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни кўп ҳадисларида илм олишга тарғиб қилганлар. Шулар жумласидан:

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Илм олинглар, чунки Аллоҳ розилиги учун илм олиш савобдир, уни ўрганиш тасбеҳ, илм қидириш жиҳод, талаб қилиш ибодат, уни таълим бериш садақа, ўз аҳлларига етказиш, қурбат хосил қилишдир. Чунки илм ҳалол – ҳаромни ўргатувчи, жаннат йўлини кўрсатувчи, қабрдаги улфат, ёлғизликдаги ҳамсуҳбат, ғарибликдаги дўст, ҳурсандликка далолат қилувчи, оғирликда ёрдам берувчи, дўстлар олдида зийнат, душманга қарши қурол бўлади. Илм билан банда олий даражадаги яхшилар мақомига, дунёда подшоҳлар билан ўтиришга, жаннатда мўминлар билан билан бирга бўлишга эришади. Илм ҳақида фикр қилиш, рўза тутиш билан баробар бўлиб, уни музокара қилиш қиём яъни, кечаси намоз ўқиш билан баробардир. Илм билан силаи раҳм қилинади, ҳукмлар ечилади, ҳалол – ҳаром билинади, Аллоҳни танилади, итоат ва ибодат қилинади”.

Абу Умома ал-Бохилий розияллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бири обид, бирлари эса олим бўлган икки киши зикр қилинди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Олимни обидга фазли мени энг пастларингизга бўлган фазлим кабидир”. Термизий ривояти.

Мусо алайҳиссалом муножотида шундай дейди:

Эй Роббим сенга энг суюкли банда ким?

Илм талаб қилувчи олим.

Али розияллоҳу анҳу дедилар: “Илм дарё, ҳикмат денгиз, уламолар дарё бўйида айланиб юрсалар, ҳакимлар денгиз ўртасида шўнғиб юрадилар, орифлар нажот кемасида сузиб юрадилар”. Яна дедилар: “Ким ўзини инсонларга имом деб билса, бошқаларга таълим беришдан олдин ўзига таълим берсин. Тили билан одоб беришдан олдин ўз сийрати билан одоб берсин”.

Айтиладики – олим бу уммат табиби, дунё эса уммат касаллиги, агар табиб касалликни талаб қилса, бошқаларни қандай даволайди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Умматимни ҳалокати икки нарсада, илмни тарк қилиш ва мол дунё жамлаш”. У зотдан амалларни афзали сўралганда шундай дедилар: “Аллоҳ учун илм ўқиш ва динида фақиҳ бўлиш”. У зотга яна савол қайтариб: “Эй Расулуллоҳ сиздан амал ҳақида сўрасам илм ҳақида жавоб бердингиз. Шунда у зот: Илм билан озгина амал сенга фойда беради, жаҳолат билан кўп амал сенга фойда бермайди” дедилар.

Замон ривожланиб, техника тараққий топган бу замонда, тенглар ичра тенг бўлиш учун ҳам, ортда қолиб қолоқ бўлмаслик учун ҳам, ўзгаларга қарам бўлиб, ўзгалар қўлида қўғирчоқ бўлмаслик учун ҳам ўқиш, ўқитиш, илм олиш зарурдир. Зеро илм олиш бойлик, тарк этиш эса айни халокатдир.

 

Манбаълар асосида тайёрлаyди.

Ғиёсиддин Тожимирзаев,
 Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг