Илм ҳақида

Илм инсонга тўғри йўл кўрсатувчи, саодат калитларини инъом этувчи, зулуматдан нурга олиб чиқувчи воситадир. Илм ишончли ҳамроҳ, мушкул пайтларда сирдош, ғамгин онларда доно маслаҳатгўйдир. Унинг фазилатлари шу қадар кўпки, инсон илм ўрганиб, унга амал қилган сари буни англаб етаверади.
Ислом-илму маърифатга тарғиб қилувчи дин. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундалганининг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканининг ёрқин далилидир.
Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифларда илмга тарғиб қилинган, илмсизлик қораланган. Илк нозил бўлган оятда ҳам “Ўқи!”, “Ўқи!”деб буюрилади. “Илм”сўзи Қуръони каримда 811 ўринда турли маъноларда келади.
Тамаддун, тараққиёт, ривожланиш ҳам бевосита илмга боғлиқ. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Илм молу-дунёдан яхшидир, чунки илм сени ножоиз ишлардан сақлайди. Молни эса ўғирлаб кетмасликлари учун ўзинг қўриқлайсан. Мол-дунё сарф қилинса, камаяди, илм эса тарқатиш билан янада зиёда бўлаверади.
Ҳадиси шарифда: "Ким илм талаб қилиш учун йўлга чиқса, то уйига қайтиб келгунича у Аллоҳ йўлидадир" (Имом Термизий ривояти), дейилган.
Имом Бухорий бобомиз: "Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай" деганлар.
Ушбу сўз том маънода замонавий дунёнинг шиорига айланди. Замонлар ўтиши билан бу иборанинг долзарблиги ортса ортдики, асло камайгани йўқ. Олтинга тенг бу сўз айнан бугун учун, барча даврлар учун сўзлангандек, гўё.
Шиддат билан ривожланаётган бугунги давр инсонга моддий эҳтиёжларини қондиришдек заруриятлар қаторига сув ва ҳаводек керак илмни ҳам қўшдики, шу туфайли у ўзлигини англаб, тараққиёт сари дадил қадам қўймоқда. Таъбир жоиз бўлса, уммонлар қаърига шўнғиш, коинотни забт этиш ҳам айнан илмни маҳсули эканини бугун ҳеч ким инкор эта олмайди.
Истиқлол туфайли юртимизда инсониятни бағрикенглик, поклик ва меҳр-оқибатга чорловчи муқаддас динимизни асраб-авайлашга, ёш авлодни халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилётир.
Ёвузлик устидан эзгулик, разолат устидан адолат, ёмонлик устидан яхшилик ғалаба қозонгани сингари илм ҳам хамиша жаҳолатдан устун келган. Ислом илмсизлик ва жоҳилликни қоралайди. Жаҳолат ҳаётимизни барбод, турмушимизни касод қилади. Маърифат эса қалбга сайқал бериб, маънавиятимизни гўзаллаштиради, шон-шуҳрат келтиради.
Аллоҳ таъоло ҳаммамизни маърифатли, маънавиятли қилсин.
Анваржон Мирзаев,
Мингбулоқ тумани “Шохи Жалил” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022