Қоронғи режим
Image
Logo

Илм – икки дунё саодати

Илм – икки дунё саодати

Инсон жамиятда яшар экан умр давомида турли билим ва кўникмаларга эга бўлади. Бу билим ва кўникмалар яхши ёки ёмон, фойдали ё зарарли бўлиши мумкин. Динимиз бизни ўзимизга ва жамиятга, дунё ва охиратга фойдаси тегадиган илм олишга тарғиб қилади.

Илм – моддий ёки маънавий нарсаларни воқеъликда қандай бўлса шундайлигича идрок этишдир. У – нафсларнинг ҳаёти ва озуқаси, ақлнинг нуридир. Илм олишга тарғиб маъноси бир қанча ояти карима ва ҳадиси шарифларда ўз аксини топган. Илм соҳиблари – имон келтирганлар ичида хос бир мақом ва даражаларга кўтарилиши ҳақида Қуръони каримда хабар берилади: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир” (Мужодала сураси, 11-оят).

Ояти каримада зикр қилинган “даражалар” ҳақида муфассирлар икки хил сўз айтганлар. Биринчиси – дунёдаги мартаба ва шараф. Иккинчи сўз – бу даражалар охиратда бўлади. Оят ҳақида ҳар икки сўзни жамланса, янада гўзал маъно бўлади. Зеро, илм икки дунё саодатига  етаклайди.

Илм йўлида пок ният ва ихлос билан ҳаракат қилиш бандага жаннат йўлини осон қилади. Ҳадиси шарифда шундай дейилади:   “Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди” (Имом Муслим ривояти).

Мусулмон киши ҳар куни дини ва ўз соҳасини ўрганиш учун вақт ажратиши, тушунмаган жойини устозлар ва имом домлалардан сўраб-билиб олиши зарур. Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Аллоҳ таоло барчамизни илмга муҳаббатли бандаларини қаторида айласин.


Қодирхон Азизов,
Косонсой туман “Аълохон махдум” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг