ИЛМ ОДАМГА ҲУРМАТ ВА ФАЗИЛАТ КЕЛТИРАР

Илм ўрганар экан, инсон маърифат билан Яратган зотнинг розилигини топишни, охиратда саодат эгаларидан бўлишни мақсад қилади. Бунинг учун унинг илми ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам манфаат етказадиган илм бўлишига эътибор қилади. Илму маърифат зиёси билан жоҳилликни кетказиб, динга ҳаёт булоқларини очиш, шариат аҳкомларига амал этиш, инсонларнинг оғирларини енгил қилиш каби олижаноб ниятларни қалбида маҳкам тутмоғи лозим бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир муслим ва муслима илм олиши лозим эканини таъкидлаганлар. Илм ва покиза касб-ҳунар инсонларга дунёда ҳам, охиратда ҳам энг тўғри йўлни кўрсатади. Унинг соҳиби барча яхши хулқларга эришади. У сахий, жувонмард, камтар, шикастадил, иффатли ҳамда бошқа юксак инсоний хислатларнинг файзу баракотларидан баҳраманд бўлади. Бахиллик, қўрқоқлик, журъатсизлик, манманлик, исрофгарлик, зиқналик каби ёмон хулқлардан ўзини сақлаб, гўзал хулқ эгаси бўлиб камол топади. Зеро, илм воситасида инсон нима фойда-ю, нима зарар эканини билади ва ҳаётда олдига қўйган орзу-мақсадлари рўёбини кўради.
Илм олиш, илм ўргатиш, илмга хайрихоҳ бўлиш, умуман илм йўлида хизмат қилиш улуғ ишлардан экани Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда кўп таъкидланган. Муқаддас динимизда кибр-ҳаво, манманлик, бахиллик, мол-дунёга ҳирс қўйиш, қаноатсизлик, неъматлар ва бошқа бойликлар қадрига етмаслик, исроф қилиш, ношукрлик каби мўминга ёт сифатлар ҳаром қилинган. Бу иллатлар инсоннинг обрў-ҳурматини кеткизади, жамоатчилик орасидаги мақомини туширади. Оқибатда эса, аста-секин унинг гуноҳга мойиллиги оша боради, феъл-атвори тубанлашади, муомаласи қўполлашади.
Яхши устоз ва илм инсонни ушбу зулмат ва залолат ботқоғига етакловчи сифатлардан муҳофаза қилиб, ёруғлик сари, бахт-саодат йўли томон бошлайди. Ота-оналар, устозлар ва жамият ҳаётига мутасадди кишилар ёшларни жамият учун зарур илм, касб-ҳунарларга йўллашлари фарз бўлади. Дунёвий илмлар, иқтисодиёт, тиббиёт, саноат ва бошқа соҳа эгалари бўлган мутахассисларни тарбиялаш ва жамият ҳаётига жалб этиш энг савобли ишлардандир.
Ҳасан розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Илм икки хил бўлади. (Биринчиси) қалбдаги илм, мана шу манфаатли илмдир. (Иккинчиси) тилдаги илм, буниси эса Аллоҳнинг махлуқотларига (яъни, бандаларига) ҳужжатидир” (Термизий, Ҳоким, Ибн Абу Шайба ривояти).
Мана шу баҳона касб-ҳунар, илм эканига шубҳа йўқдир. Зеро, халқимизнинг табиати ҳам, муқаддас динимиз таълимоти ҳам боқимандалик ва бекорчиликни қоралайди. Лоқайдлик, боқимандалик ва ҳаракатсизлик нафақат инсоннинг ўзини, балки охир-оқибат бутун жамиятни ҳалокатга йўлиқтиради. Шунинг учун инсон ушбу “баҳона”ни ҳалол-пок йўл билан топмоғи, маърифат билан олдинга интилмоғи керак бўлади. Умр имтиҳон ва синовлардан иборат экани, яхшилик билан ёмонлик ёнма-ён юриши, омадсизлик сўнгида аста-аста толе кулиб боқишини ҳар бир инсон чуқур тушуниб олиши керак. Бу ҳақиқатни қанча яхши англаганини эса таваккул ва сабр деган улуғ инсоний фазилатлар кўрсатиб беради.
Ҳамма иш Аллоҳ таолодан эканини билиш ҳам кишига кучли маънавий қувват бағишлайди. Мўътабар ҳадисларда: “Аллоҳ таоло ишёқмас, дангаса мўминдан кўра ҳимматли ва ғайратли мўминларни яхши кўради”, дейилган. Яхши кўрган бандасини эса, Аллоҳ шундай ташлаб қўймайди. Айниқса, таваккул қилувчиларни дўст тутади. Банда қалбига мустаҳкам ўрнашган илм ҳаммага бирдек манфаат келтиради. Биринчи навбатда ўз эгасига, қолаверса, ён-атрофдагилар ҳам ундан фойдаланадилар.
Дунёвий илм одамга ҳурмат ва фазилат келтирар экан, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида марҳамат қилиб: “Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, — деганлар (Ибн Адий ва Байҳақий ривоятлари). Бундан ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни талаб қилиш фарзлиги маълум бўлади.
Илм ва касб-ҳунар олиш билан инсон Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр этишни ният қилади. Чунки шокир бандаларига неъматларини зиёда ва баракотли қилиб беришга Аллоҳ таолонинг ваъдаси бор. Улуғ донишманд айтади: “Ким илм лаззатини, унинг ҳаловатини изласа ва амал қилиш мазасию роҳатини топса, одамларнинг қўлидаги нарсаларга қизиқмай қўяди. Тамаъни ўзига яқин йўлатмайди”.
“Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, деб марҳамат қилганлар. Тўғри, бола ёшлик қилиб илмнинг аҳамиятини тушунмаслиги мумкин. Шунинг учун биз ота-оналар ўз фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга илму-фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб боришимиз даркор.
Демак, илм эгалари ва касб-ҳунар усталари ўз обрў-ҳурматларини камтаринлик, тавозе-шикасталик билан ҳимоя қилишлари зарур. Обрў-ҳурматларини тўкадиган, хор қиладиган ўринлардан ўзларини эҳтиёт қилишлари керак. Аҳли илмлар, хусусан, ёшлар камтар ва камсуқум бўлишлари мақбулдир.
Нуруллоҳ Маҳкамов,
Чуст туманидаги «Саид Насимхон тўра» жоме
масжиди имом-хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022