ИЛМ ОЛИШНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Олим мўмин обид мўминдан етмиш даража устундир».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Олим билан обиднинг ораси юз даражали масофа бўлиб, ҳар даражанинг ораси чопқир отнинг етмиш йиллик елиб чопишичалик масофадир».
Пайғамбаримиздан соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қайси амал афзал?» деб сўрашди. У зот айтдиларки: «Аллоҳ азза ва жаллани билиш». Сўнг: «Сиз қайси илмни ирода қиляпсиз?» деб сўрашди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таолони билишни». Шунда : «Биз сиздан амал ҳақида сўрасак, илм ҳақида айтяпсиз», дейишди. Пайғамбаримиз: «Аллоҳ таолони таниб қилинадиган озгина амал манфаатли бўлади, Аллоҳни билмасдан қилинган кўп амаллар фойда бермайди!» дедилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло қиёмат куни олимларни ҳаммадан кейин тирилтиради ва уларга: «Эй олимлар жамоаси, мен аҳволингизни билганим учун илмни сизга бердим. Мен илмни сизларни азоблаш учун бермадим. Боринг, сизларни мағфират қилдим», дейди.
Аллоҳдан хайрли оқибат сўраймиз.
Асарларда (Ислом буюкларининг сўзларида) ҳам илм фазилати ҳақида кўп баёнлар келган.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Кумайлга: «Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса, сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол маҳкумдир. Нафақа қилиш билан мол камайса, илм зиёда бўлади», деганлар.
Али розияллоҳу анҳу яна айтадилар: «Олим киши кечалари қойим, кундузлари рўзадор мужоҳиддан афзалдир. Олим вафот этса, Исломда бир ёриқ пайдо бўлади. У ёриқни фақат олимнинг ўринбосаригина тўлдиради». Сўнг Али розияллоҳу анҳу қуйидаги шеърни ўқидилар:
Илм аҳли шарафли, ҳидоят истаганларга йўл кўрсатгай,
Ҳар кишининг қадри, билки, қилган иши-ла ўлчангай.
Жоҳил - олим душмани, лек канда қилма илм излашни,
Илм бирла умр боқий, илмсизлар ҳаётдан эрта кетгай.
Абул Асвад айтадилар: «Илмдан азизроқ нарса йўқдир. Подшоҳлар одамларга ҳоким бўлсалар, олимлар подшоҳлар устидан ҳокимдир».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Сулаймонга алайҳиссалом ё илмни, ёки мол-дунёни танлаш ихтиёри берилди. Шунда у зот илмни танладилар. Кейин у кишига мол-мулк ҳам ато этилди».
Абдуллоҳ ибн Муборакдан: «Комил инсонлар кимлар?» деб сўрашди. «Олимлар», деб жавоб бердилар. «Подшоҳлар ким?» деб сўрашди сўнгра. «Зоҳидлар», дея жавоб қилдилар. «Пасткашлар ким?» деган саволга эса: «Дин номидан дунё ейдиганлар», дедилар.
Ибн Муборак олимлардан бошқасини комил инсон демадилар. Чунки инсонни ҳайвонлардан ажратиб турадиган асосий хусусияти ҳам илмдир. Инсон нима билан шарафли бўлса, ўша нарса билан инсондир. Унинг афзаллиги жисмоний қувватида эмас. Зеро, туя инсондан анча бақувватдир. Жисмнинг катталиги билан ҳам афзал эмас, зеро, фил ундан каттароқдир. Афзаллик шижоат билан ҳам ўлчанмайди, чунки йиртқич ҳайвон ундан кўра шижоатлироқдир. Еб-ичиш билан ҳам афзал эмас, Ёкизнинг қорни уникидан каттароқ. Жимоъ қилишига қараб ҳам белгиланмайди, зеро, чумчуқ жинсий қувватда инсондан кучлироқдир. Демак, инсон фақат илм учун яратилган.
Олимлардан бири айтади: «Илмни бой берган киши нимага эришдию, илмга етишган киши нимани йўқотди?!»
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимга Қуръон илми берилган бўлса-ю, бошқа одамни ўзидагидан яхшироқ нарсага эга деб билса, Аллоҳ таоло улуғлаган Қуръонни камситган бўлади».
Фатҳ Мусалий: «Касалга обу таом берилмаса, ўладими?» деб сўрадилар. Атрофдагилар: «Ҳа, ўлади», дейишди. Айтдилар: «Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, ўлади».
Дарҳақиқат, шайх Мусалий рост гапирдилар. Зеро, жасаднинг озиғи таом бўлганидек, қалбнинг озиғи ва ҳаёт манбаи илму ҳикматдир. Ким илмни бой берган бўлса, унинг қалби касалдир, у қалб ўлимга маҳкум, лекин ўзи сезмайди.
Анвархон Абдуллаев,
Наманган тумани “Мирхомид” жоме
масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022