ИЛМ ОЛИШНИНГ ФАЗИЛАТИ

Ҳадиси шарифларда илм фазилати қуйидагича баён этилади:
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўлни кўрсатади».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Олимга ердаги ва осмондаги барча нарсалар истиғфор айтади». Ердаги жонзотлар ва осмонлардаги малоикалар истиғфор айтиб турувчи кишиларнинг мансабидан зиёда мансаб борми?!
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна марҳамат қиладилар: «Ҳикмат шарафли кишининг шарафини зиёда этади ва қулни подшоҳлар даражасигача кўтаради». Бу ҳадисда илмнинг дунёдаги самараси баён қилиняпти. Аммо охиратдаги меваси ундан-да хайрли ҳамда абадийдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Икки хислат борки, (улар) мунофиқда ҳаргиз бўлмайди: чиройли хулқ ва динда фақиҳлик».
Замонамиздаги баъзи фақиҳларнинг мунофиқлигини кўриб, бу ҳадисга шубҳа билан қарама. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сен гумон қилган маънони ирода этмаганлар. Фиқҳнинг маъноси энди келади. Фақиҳликнинг энг паст даражаси охират диёри бу дунёдан яхшироқ эканини билишдир. Агар бу маърифат фақиҳда тасдиқ топса, нифоқ ва риёдан халос бўлади.
Асарларда (Ислом буюкларининг сўзларида) ҳам илм фазилати ҳақида кўп баёнлар келган.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Кумайлга: «Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса, сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол маҳкумдир. Нафақа қилиш билан мол камайса, илм зиёда бўлади», деганлар.
Али розияллоҳу анҳу яна айтадилар: «Олим киши кечалари қойим, кундузлари рўзадор мужоҳиддан афзалдир. Олим вафот этса, Исломда бир ёриқ пайдо бўлади. У ёриқни фақат олимнинг ўринбосаригина тўлдиради».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Сулаймонга алайҳиссалом ё илмни, ёки мол-дунёни танлаш ихтиёри берилди. Шунда у зот илмни танладилар. Кейин у кишига мол-мулк ҳам ато этилди».
Абдуллоҳ ибн Муборакдан: «Комил инсонлар кимлар?» деб сўрашди. «Олимлар», деб жавоб бердилар. «Подшоҳлар ким?» деб сўрашди сўнгра. «Зоҳидлар», дея жавоб қилдилар. «Пасткашлар ким?» деган саволга эса: «Дин номидан дунё ейдиганлар», дедилар.
Ибн Муборак олимлардан бошқасини комил инсон демадилар. Чунки инсонни ҳайвонлардан ажратиб турадиган асосий хусусияти ҳам илмдир. Инсон нима билан шарафли бўлса, ўша нарса билан инсондир. Унинг афзаллиги жисмоний қувватида эмас. Зеро, туя инсондан анча бақувватдир. Жисмнинг катталиги билан ҳам афзал эмас, зеро, фил ундан каттароқдир. Афзаллик шижоат билан ҳам ўлчанмайди, чунки йиртқич ҳайвон ундан кўра шижоатлироқдир. Еб-ичиш билан ҳам афзал эмас, ҳўкизнинг қорни уникидан каттароқ. Жимоъ қилишига қараб ҳам белгиланмайди, зеро, чумчуқ жинсий қувватда инсондан кучлироқдир. Демак, инсон фақат илм учун яратилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимга Қуръон илми берилган бўлса-ю, бошқа одамни ўзидагидан яхшироқ нарсага эга деб билса, Аллоҳ таоло улуғлаган Қуръонни камситган бўлади».
Иброҳим Исмоилов,
Наманган шаҳар “ Абдуллоҳ ибн Масъуд ” жоме
масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022