
ИЛМ ТАЛАБ ҚИЛИШ ФАРЗДИР!
Билимли киши асло пушаймон бўлмайди. Бошқалар олдида унинг қадри-қиймати ошади, ҳурмат қилинади. Пайғамбар алайҳис салом илмни шундай таърифлаганлар: “Илм эгалланг! Илм-саҳрода дўст, ҳаёт йўлларида таянч, ёлғизлик дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларда раҳбар, қайғули онларда мададкор, одамлар орасида зебу зийнат, душманларга қарши курашда қуролдир”.
Анас розияллоҳу анхудан ривоят килинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талабида чиқса, у қайтгунича Аллоҳнинг йўлидадир”, деганлар (Термизий ривояти).
Бу ҳадисдан олинадиган фойда шуки, илм талабида уйидан чиққан киши то уйига қайтиб боргунича Аллоҳнинг йўлида юргандек олий мартабага кўтарилар экан.
Илм фақат уни эгаллашдангина иборат эмас. Унга амал қилиш ҳам фарздир. Шунингдек, уни бошқаларга етказишни омонат деб билмоқ ҳам зарур. Аждодларимиз бунга ниҳоятда қаттиқ эътибор қаратишган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирор илмли кишининг илмидан сўралганида, у буни била туриб яширса, қиёмат куни Аллоҳ уни оловдан бўлган юган билан юганлайди”, дедилар” (Аҳмад ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида илмни яшириш, уни бошқаларга тарқатмасликнинг оқибати ниҳоятда ёмон бўлишини баён қилиш билан бирга уни ёйишга кенг тарғиб қилганлар.
Шунга биноан барча мўмин-мусулмонлар билган нарсаларини кишиларга етказиш учун астойдил ҳаракат қилишган. Бунинг савобидан умид қилишган. Улар ким илмни беркитса, уни кишиларга етказмаса, қиёмат куни алоҳида азоб билан азобланиши муқаррарлигини билишган.
Шу ўринда яна бир нарсани эслаб ўтиш фойдадан холи бўлмасди. Илмни олиш ва уни тарқатишда шахсий мақсадни ўйламасдан биринчи ўринда Аллоҳнинг розилигини талаб қилиш талаб этилади. Маърифатдан кўзланган асл мақсад ҳам ана шу. Илм талаб қилишнинг ибтидоси ва интиҳоси ҳақида кўпчилик ҳар хил муносабатда бўлишади. Бунга ҳам ҳадиси шарифлардан етарлича жавоб оламиз. Муборак ҳадисда “Бешикдан қабргача илм изла” дейилган. Шунга кўра бу ҳаёти дунёни ғанимат билиб ўз вақтида илмга рағбат қилмоқ марғуб ва матлубдир. Хусусан, ёшликнинг қадрига етмоқ керак. Муборак ҳадисларнинг яна бирида “Ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, дейилган.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳақ йўлдан адаштирмасин, қалбларимизни илм нури билан мунаввар этиб, барча ёмон иллатлардан пок айласин.
Абдуллатиф Одилов,
Чуст тумани “Мавлоно Лутфуллоҳ” жоме
масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022