Қоронғи режим
Image
Logo

ИЛМ ЎЗ ЭГАСИНИ ҲАМИША АЗИЗ ЭТАДИ.

ИЛМ ЎЗ ЭГАСИНИ ҲАМИША АЗИЗ ЭТАДИ.

Илм олиш фазилати ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!» (Тавба сураси, 122-оят).

Билим олган киши одобли, ахлоқли,  камтарин, комил инсон бўлади. Ўша комил инсон, унинг олган билими ҳаёт йўлларида таянч, ёлғиз дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларида раҳбар, қайғули дамларида мададкор бўлади. Билим инсонни ақл-идрокли, билимдон, ҳунарманд, иродали, эътиқодли қилади. 

Ҳадиси шарифда: «Кимки дунёни хоҳласа, илм олсин, кимки охиратни хоҳласа,  ҳам илм олсин», —деб айтилган. 

Илм — бу ҳикмат, поклик рамзи, илмсизлик жоҳилликдир. Илм олийжаноб ва савоб иш. Ҳаттоки, илм олиш ибодат,тақводан афзал. Чунки илм диннинг асосини, устунини ташкил этади. Илм ҳикмат, илм фазилат, илм диннинг ривожини таъминлайди. Илмни ўқиш, такролаш, ёзиш билан мустаҳкамлаш лозим. Илм янгиланиб турмаса, фойдасиз бўлиб қолади. 

Илм олиш фазилати ҳақида

Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам илм олиш фазилатини шундай баён қилдилар: “Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди”. (Имом Муслим ривояти)

Абдуллоҳ Ибн Муборак айтадилар: “Илм ўрганмасдан туриб улуғликка интилган кишига ҳайронман”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Илмдан бир боб ўрганиб тонг оттиришинг юз ракат намоз ўқишингдан афзалдир” (Имоми ибн Абдулбар Абу Зарр ривоят этган).

Абу Зарр ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Олимнинг мажлисида ҳозир бўлиш минг ракат намоздан, мингта касални бориб кўришдан, мингта жанозада иштирок этишдан афзалдир”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, Қуръон тиловатидан ҳам яхшироқми?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Илм бўлмаса, Қуръон тиловати фойда берадими?” (Ибн Жавзий “Мавзуъот”да зикр қилган). 

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кундузлари рўзадор ва кечалари қоим бедор бўлган мингта обиднинг ўлими, ҳалол ҳаромни ажрата олувчи бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир”.

Зеро, илм ҳаёт ва турмушда  орттирилган тажрибаларнинг амалий ва умумий  — назарий натижасидир. Инсон илм туфайли ҳар қандай қийинчиликдан енгилликка чиқиб кетиши мумкин. 

Аллоҳ таоло барчамизни  илмига амал қиладиган ихлослик бандалардан  қилсин.

Хайрулло Абдуллаев,
Косонсой тумани “Қўқумбой” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг