ИЛМДАН ЎЗГА НАЖОТ ЙЎҚ ВА БЎЛМАГАЙ

Фуқаҳолар илмни учга тақсимлашган ва ҳар-бирига оятдан далил қилишган. Шаръий, кавний ва инсонийга.
1) Шаръий илм. Аллоҳ таоло Қуръони каримда, Тавба сурасининг 122-оятида шундай марҳамат қилади: “Ҳар жамоадан бир нафар тоифа бўлсайди. Улар динни чуқур англаб, қайтиб келган вақтларида қавмларини огоҳлантирардилар. Шоядки, улар ҳазир бўлсалар”.
Мазкур ояти карима баъзи мусулмонларни диний илмда ҳақиқий мутахассис бўлишга даъват этади. Яъни, тафсир, ҳадис, фиқҳ, сийрат, усул ва шу каби илмларга. Содда қилиб айтганда, одамга мусулмончиликни ўргатадиган илмларда пешво бўлишни тарғиб қилган оят ҳисобланади. Яна ҳам содда қилиб айтганда, жамиятда ҳаммани ҳам олим бўлишга салоҳияти йўқ. Воқелик ҳам шуни тақозо қилади. Демак, бизнинг вазифамиз олим бўлмаганимиздан кейин уларга эргашишдир. Айнан шу маъноларга мувофиқ, бир жамиятнинг орасида олим чиқиши фарзи кифоя бўлади. Яъни, одамларнинг яхши ва ёмон кунида шариатни тушунтирадиган, ҳалол-ҳаромни ўргатадиган олим бўлиши. Дейлик, агар бир қишлоқда, ёки бир шаҳарда шаръий масалаларни одамларга етказадиган бир олим бўлмаса, уша қишлоқ ёки шаҳар аҳли тўлалигича гуноҳкор бўлади. Бир олим бўлиши эса, қанчадан-қанча инсонларни гуноҳкор бўлишидан тўсиб қўяди. Олимнинг хайри-баракаси ҳам шунда. Шунинг учун ҳам биз олимларни ҳурмат қилишимиз лозим.
2). Кавний илм. Борлиқни ўрганадиган илм. Аллоҳ таоло Фуссилат сурасининг 53-оятида шундай марҳамат қилади: “Биз уларга уфқлардаги оят-белгиларимизни кўрсатамиз”. Юнус сурасининг 101-оятида эса: “Сен: «Осмонлару ердаги нарсаларга назар солинглар. Иймон келтирмайдиган қавмларга оят-мўъжизалар ва қўрқитувлар фойда бермас», деб айт”, деб марҳамат қилган. Луқмон сурасининг 20-оятида эса: “Аллоҳ сизларга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйганини ва сизга зоҳирий ва ботиний неъматларни мукаммал қилиб берганини билмадингизми?!”, дейилган. Айнан ушбу ояти карималарга мувофиқ борлиқ билан боғлиқ илмларни ҳам ўрганиш талаб этилади. Мазкур мезонни яхши билганлари учун ҳам юртимиздан фалаккиёт, жуғрофия ва ҳоказо фанларни чуқур ўзлаштирган уламолар етишиб чиқдилар. Ал-Беруний, Ал-Хоразмий, ал-Фарғонийлар. Ўзларининг салоҳиятлари, илмлари билан дунё тамаддунига тамал тошини қўйдилар. Бугунги кунда қаерда мана шу фанлар ривожланаётган бўлса, шу азизларимизнинг ҳиссаси бор. Бизга бу албатта фахр беради. Аммо ҳозирга келиб мана шу фахр билан чекланиб қолдик. Бизнинг мезонимиз, ўлчовларимиз, мақсаду-матлабларимиз ўзгариб кетгани учун ҳам бу борада етакчиликни қўлдан бой бердик, азизлар. Шу ўринда Беруний роҳматуллоҳи алайҳнинг илмга бўлган рағбатлари ҳақида ибрат ўлароқ у кишига берилган эътирофни айтиб ўтамиз.
Ёқут Ҳамавийнинг «Муъжамул удабо» асарида буюк астроном, математик олим, тарих, луғат ва адабиёт соҳаларининг етук билимдони Абу Райҳон Беруний (362-ҳижрий санада туғилиб, 440-санада вафот этган) раҳматуллоҳи алайҳнинг таржимаи ҳоли ҳақида қуйидагилар айтилган: «Абу Райҳон ўзлаштириши кенг ва умумий ишларда юксак мавқеда бўлишига қарамасдан илм таҳсилига қаттиқ киришган, китоблар тасниф этишга астойдил берилган эди. У тинимсиз илмлар эшикларини очар, уларнинг сир-асрорларини ҳамда маълум ва номаълум қирраларини эгалларди. Унинг қўлидан қалам тушмас, кўзлари доимо китобга қараган, қалби эса фикрлаш билан машғул бўларди. Йил давомида икки кунгина эҳтиёжига ярайдиган озиқ-овқат ва ёзиш учун керакли ашёларни тўплашга вақт ажратарди. Сўнгра йилнинг бошқа кунларида фақат илм билан машғул бўлганларидан бошқа ташвишларга вақт ажрата олмасди».
Фақиҳ Абул Ҳасан Алий ибн Ийсо Валвалижий шундай гапириб берган: «Абу Райҳон Берунийнинг вафот этиши арафасида ёнига кирганман. У зўрға нафас олиб юраги сиқилиб ётганди. У етмиш саккиз ёшда эди. У шу ҳолатида менга қараб: «Бугун менга она томондан момоларнинг меросдаги улуши ҳақида нима дейсан?» деди. Мени унга раҳмим келганидан: «Шундай ҳолатда ҳам-а?» дедим. У: «Эй, менга қара! Дунёдан ушбу масалани билиб кетганим уни билмасдан кетганимдан яхшироқ эмасми?» деди. Мен унга ўша масалани айтиб бердим. У зот бу масалани ёдлаб олди ва ёдлаганларини менга айтиб берди. Ҳузуридан чиқиб кўчага етган ҳам эдимки, унинг вафот этгани учун йиғлаганларини эшитдим».
Илмда донишманд бўлган ушбу имом бешта тилни: араб, сурёний, санскрит, форс, ва ҳинд тилларини мукаммал эгаллаганди. Бу зот фалакиёт, тиббиёт, математика, адабиёт, луғат, тарих ва булардан бошқа илм соҳалари бўйича бир юз йигирмадан ортиқ асарлар ёзиб қолдирган. Катта шарқшунослардан бири Сахов бу зот ҳақида шундай деган: «У тарих таниган энг ақли буюк кишидир».
3). Инсоний илмлар. Аллоҳ таоло Рум сурасининг 42-оятида шундай марҳамат қилади: “Сен: «Ер юзида сайр қилинглар. Олдин ўтганларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинглар. Уларнинг кўплари мушрик бўлган эдилар», деб айт”.
Яъни, инсоният тарихи, адабиёти, маданиятини ўрганиш маъноларини ўз ичига олган илмлар. Буни ҳам ўрганиш талаб қилинадиган нарса экан. Замонавий тилда гуманитар фанлар дейилади. Чунки, инсон, айниқса бирон юртга сафар қилганда буни аҳамаиятини билар экан.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Одам фарзандлари, яъни мусулмонлар Аллоҳнинг ердаги халифаси сифатида шу уч илмни яхшилаб ўзлаштириб олмоқлари ва шу билан барча махлуқотга етакчи бўлмоқлари диний мажбуриятларидир. Ҳозирги замонда ривож топган барча фанлар юқоридаги уч илмнинг ичига дохил бўлади. Биз билган ва билмаган фанлар. Шунинг учун, юқорида келтирилган мулоҳазалардан ўзимиз учун ибрат олиб, энг аввало ўзимизни маърифатли қилайлик. Фарзандларимизга эса улуғларимизга муносиб издош бўлишларида вақтимизни аямайлик. Зеро, вақт кескир нарса. Араб ҳикматларида, вақт қилич кабидир, агар уни кесмасанг, сени кесиб кетади, деббежиз айтилмаган. Вақт, имкон, фурсат борида, жигарбандларимизни жамиятга салоҳиятли мусулмон сифатида тақдим этайлик. Токи, бизнинг ҳақимизга қилинадиган дуолар “отанга раҳмат” кўринишида бўлсин!
Манбалар асосида тайёрланди
Қодиржон Умурзақов,
Поп тумани "Муҳаммаджон қори" жоме
масжидининг имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022