ИЛМЛИ ЁШЛАР ЮРТ ТАЯНЧИ

Муқаддас Ислом дини илм-маърифат ва зиё улашувчи дин бўлиб, у мўминларни доимий равишда ўқиш, изланиш ва тафаккурни эзгуликка бошловчи билимлар билан бойитиб боришга чақиради. Зеро, ҳадиси шарифларда инсон туғилгандан бошлаб то қабрга киргунча илм талабида бўлишга чақирилади. Чунки дунёвий ва диний билимларни ўзлаштириб бориш комилликка эришишдаги энг асосий воситалар саналади.
Ҳасан Басрий айтадилар: «Олимлар бўлмаганида, инсонлар чорва моллари каби бўлиб қолардилар». Яъни, олимлар инсонларни илм ўргатиш йўли билан ҳайвонлик даражасидан инсонлик мартабасига кўтаради.
Ўқишдан тўхтаган одам фикрлашдан ҳам тўхтайди. Дарҳақиқат, ёшларнинг билим олиш йўлида собит қадам бўлиши юртни тараққиёт сари етаклайди.
Давлатимиз раҳбари ўтган йил 25 декабр куни Ўзбекистон ёшлари форумида “Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!”, деган сўзларни таъкидлаб ўтганди.
Мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги нуфузини ошириш кўп жиҳатдан ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини юксалтиришга боғлиқ. Шу сабабли иқтидорли йигит-қизларни аниқлаш ва рағбатлантиришга, ёш авлоднинг замонавий дунё қарашини, ижодий ва шахсий хусусиятларини миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур имкониятлардан оқилона фойдаланаётган эртамиз эгалари ўз истеъдод ва салоҳиятини тўла намоён этиб, юксак натижаларга эришмоқда.
Зеро, илм кўр қалб кўзини очувчи, қоронғу зулматда нур бағишловчи ва заиф баданларга куч-қувватдир. Илм билан банда аброрлар даражасига кўтарилади, олий мартабаларга етишади. Илм устида тафаккур қилиш кундузи рўза тутганга, уни музокара этиш кечани ибодат билан бедор ўтказганга тенгдир. Аллоҳга тоат-ибодат, тавҳидни англаш, Аллоҳни улуғлаш ва тақво қилиш илм билан бўлади. Илм билан қариндошлик алоқалари боғланади, ҳаром билан ҳалол ажратилади. Илм пешво-имомдир, амал унга эргашади. Илмдан баҳраманд инсонлар бахтли, маҳрумлар эса, бахтсиздир.
Ибодуллоҳ Усмонов,
Косонсой туман “Эшонбобо”
жоме масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022