Инсон ҳаётининг камолоти бу ҳунардир.

Маълумки, Аллоҳ таоло барча жонзотлар қатори инсоннинг ҳам ризқини тақдири азалда белгилаб қўйган бўлиб, шариатимиз бизларни ўша ризқни ҳалол пок йўл билан топишга буюрган Аллоҳ таоло қўръони каримнинг бир оятида яратган нарсалари орасидан фақат покизаларини истеъмол қилишга буюриб, «Эй имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, унга шукр қилингиз», деган. Қуръони каримда ҳалол ризқ талаб қилиш, Аллоҳнинг фазлини тилаш, деб таърифланган бўлиб, бу ризқ талабида сайъ-харакат қилиш шаръан матлуб эканлигини билдиради. Имом Байҳақий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват кўрсатиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи ёруғ бўлган ҳолида йўлиқади» (Имом Байҳақий ривояти) Энг улуғ зотлар саналмиш пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол пешона терлари билан топганликлари, яъни касб-ҳунар билан шуғулланганликлари барчамиз учун буюк ибратдир. Улар ризқ Аллоҳ тарафидан эканлигини билган холларида ҳам ҳунарсиз ўтирмадилар. Тарихдан маълумки, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Нуҳ алайҳиссалом дурадгорлик, Довуд алайҳиссалом темирчилик, Идрис алайҳиссалом эса ҳаттотлик билан шуғулланишган. Дарҳақиқат, инсон ҳалол меҳнати билан улуғ савоблар ваъда қилинган даражотларга эришиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси муборакларида: «Албатта Аллоҳ таоло ҳунарманд кишини севади» деганлар. Бундан ташқари ҳалол касб қилиш ҳам ибодат ва солиҳ амаллардан ҳисобланиб, у инсоннинг содир этган баъзи гуноҳларига каффорот ҳам бўлади. Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Гуноҳолар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган харакатгина каффорот бўлади» деб марҳамат қилганлар. Ризқ Аллоҳдан бўлиб, касб-ҳунар эса сабаблигини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак. Ҳар қандай ҳунарли киши ўз касбини бажариши учун сарф қиладиган куч-қуввати ва ақл идрокини ҳам Аллоҳнинг берган неъмати деб билмоғи лозим. Шундай экан Аллоҳ берган қобилияти ва ақл идроки туфайли орттирган касбини фақат хайрли мақсадларга йўналтирмоғи, ўзидан сўнг яхши шогирдлар ҳам қолдирмоғи лозим. Яқин кунларда ўрта мактаб, касб-хунар коллежлари ва Олий ўқув юртларида янги ўқув йили бошланиб, ўқувчи ва талабар илмларини ошириш йўлидаги сайъ-харакатларини бошлаб юборадилар. Албатта, ёшларнинг келажакда бирор касб ва ҳунарли бўлишларида устозлар, ота-оналар ҳам ўз маслаҳат ва тавсиялари билан ҳисса қўшмоқлари лозимдир. Мактабдан тортиб барча ўқув даргоҳлари замонавий технология имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда диний ва дунёвий илмларни пухта ўзлаштириб боришни Аллоҳ таоло барча ёшларимизга насиби рўзий айласин!
Ботиров Баҳодир,
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022