
ИНТЕРНЕТДАН ФОЙДАЛАНИШДА ....
«Интернет» сўзи ажнабий тилдаги кисқартирилган жумла бўлиб, тилимизда «халқаро маълумотлар тўри» деган маънони англатади. Аммо бу ном ихтиёр қилинганидан кейин интернетнинг тинмай ривожланиши оқибатида у фақат маълумотлар тақдим ва кабул қилиш билан чекланиб қолмай, бундан ҳам катта ҳажмдаги ишларни олиб боришга хизмат киладиган бўлиб кетди. Ҳаётнинг барча соҳаларида интернет ёрдамида осонлик, арзонлик ва тезлик фойдалари кўзланадиган бўлди.
Албатта, мусулмон инсон ҳар бир нарсада бўлгани каби, интернетдан фойдаланишда ҳам фақат яхшиликни, шариатда рухсат берилган нарсаларга мувофиқ иш қилишни ният қилиши лозимдир. Ана шундагина бу ишидан фойда топади, кўзлаган мақсадига эришади. Интернетдан олган фойдасига қўшимча равишда, динининг таълимотларига амал қилгани учун савоб хам олади. Агар диний таълимотга амал қилмай, ниятини яхшиласа-ю, интернетдан фақат яхшилик йўлида фойдаланса, ўша олган фойдаси колади, аммо савоб олмайди. Чунки бу ишига диний таълимот асосида яхши ниятни аралаштирмади. Мусулмон киши бир яхшиликни ният билан қилса, бир савоб олади, ўша ниятига амал қилганида эса. савоби ўн марта кўпаяди.
Мусулмон инсон ўзига берилган умр неъмати азиз эканини, ундан унумли фойдаланиш ўзининг муқаддас бурчи эканини. охиратда унинг ҳар бир лаҳзасидан сўралиш борлигини бир зум ҳам унутмаслиги даркор. Шу эътибордан интернетга кириб олиб, беҳуда нарсаларга соатлаб вақт сарфлаш қаттиқ қораланади.
Аҳли донишлар вақтни энг қимматбаҳо нарсага тенглашган. Бир соат, бир дақиқа вақтларини бекор кетказишса, аза тутишган, бойлигини йўқотган тижоратчидай довдираб қолишган. Ҳаёт ўтган кунлар эмас, балки эсда қолганларидир. Шунинг учун ҳар бир кунни, соатни, дақиқани эсда қоладиган қилиш, бесамар ўтказмаслик лозим. Бир донишманд бундай деган экан: «Сен ҳаётни севаман, дейсану аммо вақтнинг қадрига етмайсан. Ахир ҳаёт деган мато вақт ипларидан тўқилади-ку!». Файласуф Теофраст айтади: «Инсон бошига тушиши мумкин бўлган энг оғир йўқотиш вақтни бой беришдир». Зеро, Росули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларирда ҳам мумин-мусулмон инсон вақтини беҳуда нарсаларга сарфлашини, умр деб аталмиш буюк бир омонатни қадрига етишини ва ўзи учун фойдасиз бўлган нарсаларни тарк қилишини таъкидлаганлар.
Али ибн Ҳусайн розияллоҳу аиҳумодаи ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, кишининг ўзи учун бефойда нарсаларни тарк қилиши Исломининг ҳуснидандир», дедилар».
Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Ҳаётимизга диққат билан назар соладиган бўлсак, кишиларнинг кўп вақти, зеҳн-заковати, ақл-идроки ва имкониятлари беҳуда нарсаларга сарф қилинаётганини кўрамиз. Беҳуда нар-салардан четда бўлган киши факат фойдали иш билан машғул бўлаётганини яхши англаб етишимиз лозим. Бинобарин, бефойда ишлардан ўзимизни хамиша четда тутишимиз керак бўлади. Мусулмон инсондан вақти, кучи, акли ва зехн-заковатини фақат фойдали нарсаларга сарфлаши талаб этилади.
Довудхон Исақов,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022