ИНТЕРНЕТНИНГ ЗАРАРЛАРИ

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида шундай деганлар: “Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчининг босқонига ўхшайди. Мушки анбар сотувчи атридан совға қилиши ёки ундан сотиб олишингиз, ҳеч бўлмаса унинг хушбўйидан баҳра олишингиз мумкин. Аммо темирчининг босқони эса, ё кийимингизни куйдиради, ҳеч бўлмаса тутуни димоғингизни ачитади” (Имом Бухорий ривоятлари).
Ёшларимизни қуйидаги иллатлардан ҳимоя қилишимиз керак.
Инсон умри – унинг энг қимматли бойлигидир. Мана шу бойлигини исроф қилган, ундан унумли фойдаланмаган киши икки дунёда ҳам обрў топмайди. Албатта, Аллоҳ таоло инсонга эслатма-ибрат олгудек умр беради, лекин бу умрни бекорга совуриш охирида қаттиқ пушаймонликка сабаб бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар; “Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, касалликдан олдин саломатликни, камбағалликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин тирикликни ғанимат билинг!” (Имом Термизий ва Имом Байҳақийлар ривоят қилишган).
Демак, ёшларимиз ҳаётининг баҳори бўлган даврни турли бекорчи ўйин-кулгу ва гуноҳ ишлар билан эмас, балки билим-маърифат ва касб эгаллаш, ибодат ва савобли ишлар билан ўтказиши керак. Тарихда ном қолдирган барча улуғлар ёшлигини ғанимат билган, ўша даврда керакли билим ва касбни ўзлаштирган зотлардир.
Кейинги пайтларда интернет (ижтимоий тармоқлар)да қимор ўйинлари сезиларли даражада кўпайди. Қимор ўйнаб хонавайрон бўлган, чиқиб бўлмас кўчага кирганлар талайгина. Бу кишилар бошқаларга ибрат бўлиши керакки, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишларни қилишнинг охири войдир! Шу ўринда ижтимоий тармоқларда зўр бериб қиморни тарғиб қилаётган блогерларга эслатамизки, уларнинг рекламаси сабаб ким қиморга қўшилса, уларнинг гуноҳига ўша блогерлар ҳам тенг шерик бўладилар.
Ҳозирги кунда ёшларимизни фахш домига осонгина тортадиган турли сайт ва каналлар мавжуд бўлиб,ёшлигидан бундай виртуал зинога мубтало бўлган ёшларнинг онгидан бу разолатнинг чиқиб кетиши жуда қийин бўлади. Фахшнинг ёмонлиги шундаки, жамиятнинг асоси бўлган оилага жиддий ва катта путур етади. Оила қуриб ҳалол покиза яшашнинг аҳамияти камаяди. Насл-насаб бузилади. Шу сабабли динимизда бу катта гуноҳ ҳисобланади.
Фарзандларимизни бу балодан қутқаришнинг янг яхши йўли, уларни доим назорат қилиб туриш, ёмон дўстларга қўшилиб қолишдан сақлаш, солиҳ инсонлар билан дўстлашишига ёрдамлашиш, бўш вақтларини турли фан ва спорт тўгаракларида ўтишини таъминлашдир.
Яна иллатлардан бири, кейинги пайтларда ёшларимизни тўғри йўлдан чалғишига сабаб бўлган омиллардан бири ижтимоий тармоқларда беркиниб олган кимсалардан илм олишларидир. Дин илмини ҳар кимдан олинмайди. Уни насл насаби маълум, устози, мазҳаби, эътиқоди маълум кишилардан олинади. Гапираётган гапи бошқа, мақсади бошқа, одамлар умматга катта зарар келтиради. Мусулмонларни фирқаларга бўлиб ташлайди. Ҳаммага маълумки ижтимоий тармоқ орқали мусулмонларни фитнага солаётган Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфар номли кишиларнинг марузаларини телефонда сақлаш, тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантириш келди. Бундан тегишли хулоса чиқариб жавобгарликка сабаб бўладиган ишни қилиб, ўзимизни ҳам, яқинларимизни ҳам ташвишга қўймайлик. Таъкидлаш жоизки, айрим кишилар келган хабарга қизиқиб номи зикр қилинган кимсаларнинг видео, аудиоларини қидириб кўришмоқда. Бу хато устига хатодир. Асло бундай қилмаслик керак. Динни ишончли, эътиборли, ҳамма эътироф қилган устозлардан ўрганиш тўғри йўлдир.
Ёшларимиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб билимларини оширишмоқчи бўлишса, расмий сайтларга мурожаат қилишсин, расмий масжидлар ва имом-домлаларимизнинг каналларига аъзо бўлишсин. Зеро, ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсадлар билан фаолият олиб борадиган сайт, канал ва шахслар жуда кўп. Улар жамиятимиз ва ёшларимиз тарбиясига катта таҳдид бўлиб, фирқаланиш, динда ғулу кетиш ва мазҳабсизлик уруғларини сочмоқдалар.
Ёшларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандларимиздан ҳам буюк олиму алломалар чиқади.
Яратган ёшларимизни камолотга эришиши, ҳам маънавий, ҳам жисмоний етук бўлиши, инсофли, тавфиқли бўлишини насиб қилсин.
Анваржон Мирзаев,
Мингбулоқ туман бош
имом –хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022