
ИСЛОМДА ЁШЛАР ТАРБИЯСИ
Фарзанд – инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжири. Яхши, солиҳ фарзанд – ота-онанинг бахт-иқболи, икки дунё саодатига етказувчи дилбанди. Фарзандлар “жаннат райҳонлари” деб тавсифланиши бежиз эмас. У одобли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ва қобил бўлганда ота-онасига раҳмат ва бахт-хурсандчилик келтиради. Фарзандларини ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим бўлади. Зеро, илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиб, ўқиб ўрганиб, маълумот ҳосил қилган киши, албатта, ўзи, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади.
Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг “Иҳё улумид-дин” китобида бундай дейилади: “Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшилликка ундалса ва ўргатилса унинг устида ўтаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота – онаси ҳамда одоб, таълим – тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади.
Ҳозирги вақтда ёшларни буюк аждодларимиз каби гўзал хулқ ва одобли, кенг қамровли билимли, дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган даражада камолотга эришишларини, юксак маънавий мезонлар билан уйғунлашган умуминсоний қадриятларни чуқур ҳурмат қилиш руҳида улғайишларини таъминлаш борасида барча бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилиши энг муҳим ва энг долзарб вазифалари бири бўлиб ҳисобланади.
Ёшларнинг келажак ҳаёт бўсағаларига қўядиган қадамлари қутлуғ бўлишида ва жамиятда муносиб ўринларни эгаллашида уларнинг комил одоб-ахлоққа эга бўлишлари жуда муҳимдир. Ёшларнинг барча соҳада етакчи бўлишлари учун энг аввало, одоб—ахлоқли бўлишлари лозим. Чунки одоб охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади. Қуръони каримда ҳам, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам одоб-ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти). Ҳуснихулқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Чунки ҳуснихулқ эгасидан доимо яхшилик кутилади: ўзига, оиласига, жамиятга, балки бутун атроф-муҳитга ундан фақат манфаат етади.
Луқмони Ҳакимдан:
Насиҳатларингизнинг кўпи ёшларга оид, аммо ёши каттароқларга камроқ бўлади, бунинг сабаби нима? – деб сўрадилар.
Луқмони Ҳаким шундай жавоб бердилар:
Боғбон ерни юмшатиб кўчат ўтқазиб, унинг атрофини хас – хашакдан, зарарли ёввойи ўтлардан тозалаб, керак бўлган вақтда сув билан ўғит бериб турса, тез вақтда дарахт етилади, унумли, серҳосил бўлади.Болани ҳам ёшлигидан бошлаб яхшилаб тарбия қилинса, гўзал ахлоқли, одобли этиб ўстирилса, у бола нафақат ўзига, ота – онасига бахт – саодат келтиради, жамият учун фойдали, керакли инсон бўлиб етишади
Юқорида келтирилганлардан хулоса қилиб айтамизки, одоб, чиройли хулқ фарзандлар камоли сари қўйилган илк қадам ҳисобланар экан. Одоб ва ҳусни хулқ эгаси бўлган ёшларгина илм ва касб – ҳунарда юксак чўққиларга етиша оладилар.
НУРУЛЛОҲ МАҲКАМОВ,
Наманган шаҳри "Ҳазрати Лангар"жоме
масжиди имом-ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022