Қоронғи режим
Image
Logo
ИСЛОМДА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ..

ИСЛОМДА ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ..

Тарбия ҳам ота‑оналарнинг бурчи ва фарзандларнинг ҳаққидир.

«Тарбия» сўзи арабча «робба» феълидан олинган бўлиб, ўстирди, зиёда қилди, риоясига олди, раҳбарлик қилди ва ислоҳ қилди маъноларини билдиради.

Мусулмон уламолар «тарбия»ни бир неча хил таъриф қилганлар.

Жумладан, имом Байзовий қуйидагича таърифлайди:

«Тарбия бир нарсани аста-секин камолига етказишдир».

Роғиб Асфиҳоний тарбияни қуйидагича таъриф қилади:

«Тарбия бир нарсани бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтказа бориб, батамомлик нуқтасига етказишдир. Тарбиянинг маъноларидан бири, инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат ила ўстиришдир».

Исломда болалар тарбияси ота‑онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота‑онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чиқади. Фарзанд тарбиясида ота‑онанинг ўрни қанчалар катта эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидан билиб оламиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота‑онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.Аввало тарбия ва одоб масаласида ота-оналарнинг ўзлари болаларга яхши намуна бўлишлари керак.

Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирганларида онам мени чақириб:

«Бери кел, бир нарса бераман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Нима бермоқчисан?» дедилар.

«Мен унга хурмо бермоқчи эдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Аммо агар унга ҳеч нарса бермаганингда, сенга ёлғон ёзилар эди», дедилар».

Абу Довуд ва Байҳақий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда онанинг бир оғиз гапида ҳам бола тарбиясига катта таъсир қиладиган омил борлиги уқтирилмоқда. Одатда оналар фарзандларини гапларига киргиза олишмаса, алдашга ўтишади. Ёлғондан бирор нарса беришни ваъда қилиб, ушлаб олиб, калтаклашга тушишади. Бу ишлари билан улар боланинг тарбиясига зарар етказадилар, уларга ёмон намуна кўрсатадилар. Ҳар бир бола учун унинг ота-онаси дунёдаги энг улуғ кишилар бўлади. Бола ота-онасига тақлид қилади ва улардан ўрнак олади. Боланинг назаридаги ана шу энг улуғ ва ўрнак олишга сазовор инсон уни алдаганидан кейин, болада, мен ҳам шундай қилсам бўлар экан, деган тушунча пайдо бўлиши табиий.

Шунинг учун ҳам ота-она фарзандларига доимо яхши ва гўзал ўрнак бўлишлари лозим. Барча яхши сифатларни намойиш қилиб, барча ёмон сифатлардан узоқда бўлишлари керак. Ота-она болаларига шахсий намуна кўрсатишлари билан бирга, уларга одобларни қунт билан, зерикмасдан ўргатиб боришлари зарур. Чунки ота-онанинг болаларга берадиган нарсалари ичида энг қимматлиси ва зарурийси одобдир.

 

Манбаълар асосида тайёрланди
Эргашев Абдуқодир,
 Учқўрғон туман “Ҳошимхон қори” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг