
ИСЛОМДА БИРОДАРЛИК ВА ЎЗАРО ҲАМЖИҲАТЛИК
Муқаддас Ислом динимиз бизни тинч-тотув, ўзаро аҳл-иноқ, ҳамжиҳат, кечиримли, бир-биримизга дўст ва биродар бўлиб ҳаёт кечиришга буюради. Тарихдан маълумки, динимизни мана шу кўрсатмасига амал қилиб яшаган мусулмонлар доимо бахт ва саодатда яшаганлар, тинч-тотув ҳаёт кечирганлар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мусулмонлар ўзаро ака-ука ва биродар экани ҳақида шундай марҳамат қилган:
“Албатта, мўминлар биродардирлар” (Ҳужурот сураси 10-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир қанча ҳадиси шарифларида мусулмонлар ўзаро ака-ука ва биродар экани ҳақида бундай деганлар:
“Мусулмон мусулмоннинг биродаридир (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, мўмин-мусулмонлар бир-бирларига ака-ука ва биродар бўлганларидан кейин, улар ўрталарида ўзаро риоя қилиниши керак бўлган ҳақ-ҳуқуқлар ва вазифалар мавжуд. Қуйида улардан энг долзарбларини баён қиламиз:
Биринчидан, мўмин мўминга кўзгу бўлиши керак. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида шундай деганлар:
“Мўмин мўминнинг кўзгусидир” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Демак, мўмин киши биродари учун кўзгу вазифасини бажариб, уни билиб-билмасдан қилган саҳву хатоларини чиройли йўллар билан кўрсатиб, унга насиҳат қилади ва тўғри йўлга бошлайди.
Иккинчидан, мўмин киши тилини ўзгаларни ғийбати ва обрўсини тўкишдан тийиши лозим. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Киши ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳ рози бўладиган сўзни айтиши мумкин. Бу билан Аллоҳ унинг жаннатдаги даражасини кўтаради. Шунингдек, киши ўзи эътибор бермаган ҳолда Аллоҳни ғазаби келадиган сўзни гапириб қўйиши мумкин. Бу билан Аллоҳ уни жаҳаннамга тушуради” (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, киши нима гапираётганига эътибор қилиши ҳамда ўзгалар ҳақида сўзлаш ва фикр билдиришда ниҳоятда эҳтиёт бўлиши керак. Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзилар тилларига эрк бериб, ёлғон ва бўҳтонларни тарқатмоқда. Бундай ҳолатлар ижтимоий тармоқларда жуда авж олган. Натижада, киши ўзини мусулмон биродарини ғийбат қилади, обрўсини тўкади ва ояту ҳадисларда айтилган азобу уқубатга гирифтор бўлади.
Учинчидан, мўмин кишининг қалби бошқаларга нисбатан ҳасад, гина ва адоватдан холи бўлиши лозим. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифда шундай деганлар: “Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, таножуш қилманглар (яъни, сотиб олиш қасди бўлмаган ҳолда бошқа бировни қизиқтириш учун бирингиз бошқа бирингизнинг молини ошиқ нархда сўрамасин), бир-бирингизга адоват қилманглар, бир-бирингиздан юз ўгирманглар, бирингиз бирингизнинг савдоси устига савдо қилмасин, ўзаро биродар бўлинг, эй Аллоҳнинг бандалари! Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз қўймайди, уни камситмайди. Тақво мана бу ерда – муборак қалбларига ишора қилиб, уч марта шундай дедилар. Мусулмон биродарини камситиши кишининг ёмонлигига кифоядир. Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли ва номуси мусулмонга ҳаромдир” (Имом Муслим ривоятлари).
Демак, мўминнинг қалби бошқаларга нисбатан соф ва ҳар қандай ғиллу-ғашдан холи бўлиши керак.
Тўртинчидан, мўмин киши ўзгани ҳожатини чиқарадиган ва мушкилини аритишда ёрдамчи бўлиши керак. Чунки Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга энг севимли банда – одамларга кўпроқ манфаати тегадиганидир! Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал – мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киргизишингиз, ундан ғам ташвишларини аритишингиз, зиммасидаги қарзини узиб беришингиз, очлигини кетказишингиздир! Мусулмон биродаримни ҳожатини чиқариш йўлида юришим Масжидун Набавийда бир ой эътикоф ўтиришимдан яхшироқдир. Ким ўч олишга қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ унинг қалбини Қиёмат кунида ўзининг розилиги билан тўлдиради. Ким биродарининг ҳожати билан юриб, уни раво қилса, Аллоҳ қадамлар тоядиган Кунда унинг қадамларини собит қилиб қўяди”, – дедилар (Имом Табароний ривоятлари).
Бешинчидан, мўмин киши ўзгаларни айбини ошкор қилмаслиги лозим. Динимиз кўрсатмаларига кўра, киши бошқа биродарининг айбини қидириб юриб, уни ўзгаларга ошкор қилиши асло мумкин эмас. Чунки банда хатокор, ҳеч ким айб иш қилишдан холи эмас. Бунинг устига айб иш қилган киши тавба қилиб, Аллоҳ таолонинг наздида гуноҳидан покланган бўлса, уни ноҳақ айблаш бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини Қиёмат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади” (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Демак, киши ўзгани айбини кўрганда, уни яшириши ва унга насиҳат қилиши – ҳақиқий мўминлик вазифасидир.
Жобирхон Халимхон ўғли
Мингбулоқ тумани “Мулла Тожи Аҳмад” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022