Қоронғи режим
Image
Logo

ИСЛОМДА ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИШ ОДОБИ.

ИСЛОМДА ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ҚОИДАЛАРИГА РИОЯ ҚИЛИШ ОДОБИ.

    Исломда йўллар ва жамоат жойлари улуғ даража ва мақомга эга. Масжидлар ҳам улуғ ва муқаддас макон экани барчамизга маълум. Зеро, мусулмонлар масжидни Аллоҳнинг уйи деб, дунёвий ва ухровий мақсадларга эришиш учун шу ерга келиб, бошларини саждага қўйиб, ибодат ва илтижо қиладилар. Бинобарин, масжидни вайрон ва хароб қилмоқ, ҳатто масжиддан бир тола хасни уйга олиб кетишдан ёки ундаги вақф ерини олишдан қаттиқ ҳазар қиладилар. Чунки бу амалларни қилган инсон хароб, фақир ва муҳтож бўлишини яхши биладилар.

   Масжиднинг шунча улуғлигига қарамай, агар йўл масжидга тўғри келиб, бошқа жойдан иложи бўлмай қолганда, масжидни бошқа жойга кўчириб, ўрнига йўл қилишга исломда рухсат берилган. Аммо бугунги кунда биз мусулмонлар бу нарсани тушунмаймиз ва тушунишни ҳам хоҳламаймиз. Бизнинг хоҳиш ва фикримиз доим омма йўлини ўзлаштиришга мойилдир.

   Хусусан, қишлоқларда агар бировимизнинг девори ағанаса ёки янги девор қуришга тўғри келса, қасддан йўлга ажратилган ердан олишга ҳаракат қиламиз. Бу иш баъзи жойларда ҳатто одатга айланган. Баъзи туман ва қишлоқларда пиёдалар юриши учун ажратилган йўлак (тротуар) ўзлаштириб олинганки, натижада, пиёдалар ва нақлиётнинг юриши оғир бўлиб, неча нохуш воқеаларнинг содир бўлиши ва ҳатто баъзан йўловчиларнинг ҳаётига ҳам зомин бўлишига сабаб бўлмоқда.

    Билмоқ лозимки, омма йўлини ўзлаштиришнинг ҳукми масжид ерини олиш ҳукмига баробардир. Яъни, фойдаланиш мақсадида олинган бу ерлар, аксинча, бу хонадондан файзу баракотни кўтариб, пулу моли нуқсонли ва ўзларининг фақиру хору муҳтож бўлишларига боис бўлади. Шунинг учун йўлларни равон ва текис сақлаш ва йўл устидаги лой, кесак, тош, темир, шунингдек, йўловчи ва нақлиётга зарар етказадиган нар-саларни йўлдан четлаштириш ҳар бир комил мўъминнинг вазифасидир.

    Балки бу амал иймоннинг бир жузъи эканлигини ушбу ҳадисдан билишимиз мумкин: «Иймоннинг шохи етмиш нечадир. Афзали ва аълоси «Ла илоҳа иллаллоҳу» калимасини айтмоқ, ва пастроғи эса халққа озор етказадиган нарсаларни йўлдан четлаштиришдир». Баъзилар равон йўлларни тоза ва текис сақлаш ўрнига, аксинча, тош, темир, шиша, мих каби зиёнли нарсалар ва ҳатто чиқиндиларни йўлга чиқариб ташлайдилар. Бу мазкур ҳадисга биноан уларнинг иймонлари ноқислигидан нишонадир.

    «Йўл Аллоҳнинг дастурхони» деган халқ мақоли ҳам бор. Шунинг учун уни доимо тоза ва озода сақлаш ло¬зим. Ўрни бўлганда гул ва чиройли дарахтларни ўтқазиш кишининг таъбини равшан қилиб, умр, ризқу рўз ва файзу баракотнинг зиёдалигига ҳам боис бўлади.

    Аммо баъзан йўлларда кул, чиқинди ва бошқа нопок нарсалар ташлангани кўзга кўриниб қолади. Бу йўлга бавл ва қазойи ҳожат қилиш билан баробардир. Бу борада ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган: «Лаънат ва нафратта сабаб бўладиган икки нарсадан парҳез қилинглар». Саҳобаи киромлар «Бу икки нарса нима?» деб сўраганларида Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Йўлларда ёки одамлар ўтириб дам оладиган дарахтлар соясида бавл-ғойит қилмоқ (яъни, қазойи ҳожат қилмоқ)» деб жавоб бердилар.


Бахтиёр Домлажонов,
Учқўрғон туман “Бузрукхўжа эшон” жоме
масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг