Қоронғи режим
Image
Logo
ИСРОФ ЭМАС, ИНСОФ ҚИЛАЙЛИК.

ИСРОФ ЭМАС, ИНСОФ ҚИЛАЙЛИК.

Аллоҳ таоло мўминларни сифатлаб, бундай марҳамат қилади: "Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган  йўллари) бунинг ўртасида - мўътадилдир"(Фурқон, 67).

Исроф чегарадан чиқиш, ортиқча ва меъёрдан кўп ҳаражат қилиш демакдир.   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Тежамкор одам қамбағал бўлмайди", деганлар (Аҳмад ривояти). Аллоҳ  таоло бизга  ҳаёт, соғлик, оила,    мол-мулк каби неъматлар инъом этган. Улардан қандай фойдаланганимиз,      қаерга сарф қилганимиз ҳақида охиратда сўраламиз. Қуръони каримда бундай марҳамат  қилинади: "Сўнгра   ана ўша кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз!" (Такосур, 8).

Муқаддас динимиз барқарор ҳаёт кечириш учун тежамкор бўлиш ва исрофдан    сақланишга буюради. Бунга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир неъматни эъзозлашган, уволидан  қўрқишган. Аммо сўнгги пайтларда баъзилар тўй-маърака  маросимларида ўзини кўз-кўзлашга, кимўзар мусобақасига ўтиб кетяпти. Амалларни бажаришда чегарадан чиқиб, савоб эмас, гуноҳ орттиришяпти.

Табиий  газни, сувни ҳам исроф қиламиз. Баъзи хонадонларда газ пиликлари бехуда ёниб; ичимлик суви жўмрак носозлиги ё эътиборсизлик боис тинимсиз      оқиб туради. Тузатишга шошилишмайди, чунки жўмракни таъмирлашга пул кетади. Ана шу арзимас харажатдан қочиб, ҳар томчиси бебаҳо неъмат бўлган сувни увол қилишади, кимларнингдир насибасини қирқишади. Баъзилар кўп ҳолда исрофдан сақланиш учун эмас, балки ҳисоблагич кўп ёзиб юбормасин,  деб газ ва сувни тежашга  ҳаракат  қилишади.  Мусулмон одам бундай дунёқарашдан воз кечиши керак. Динимизда "Исрофгарчиликка  мутлақо йўл куйманг!" (Исро, 26) деб буюрилгани учун исрофдан қайтсак, ҳам мақсадга эришамиз, ҳам савоб оламиз. Бу икки карра ютуқ бўлади.

 

Улуғбек Рахматуллаев,
Учқўрғон тумани “Абдулҳамидхожи Абдураҳмон ўғли” жоме
масжиди имом-хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг