Қоронғи режим
Image
Logo

ИЗН СЎРАБ КИРИШ ОДОБИ..

ИЗН  СЎРАБ  КИРИШ  ОДОБИ..

Муқаддас ислом дини инсонларни ҳамиша одоб-ахлоқли, маданиятли бўлишга чорлайди. Юксак маънавият намунаси бўлган баъзи одатий ишлар борки, тез-тез такрорлангани боис кундалик одатга айланиб қолган. Жумладан, изн сўраш ҳам шулардан бири бўлиб, унинг ўзига хос бир қанча одоблари бор. Кимки уларга амал қилса, аҳли хонадонининг ҳурмати сақланади ва ўзи тинч-хотиржам ҳаёт кечиради.

Бировнинг хонадонига кирмоқчи бўлган киши, аввало, изн сўраб, рухсат берилганидан сўнг салом бериб кириш кераклиги борасида “Нур” сурасининг 27-оятида бундай марҳамат қилинган: Эй иймон келтирганлар! Ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча ва уларнинг аҳлига салом бермагунингизча кирманг. Ана шундай қилмоғингиз сиз учун яхшидир, шоядки эсласангиз.

Жоҳилият даври арабларида бир-бирининг ҳақ-ҳуқуқлари, шахсий, оилавий сир-асрорларини ҳурмат қилиш маданияти йўқ эди. Бировнинг уйига “Эрталабки салом!” “Кечки салом!” деб тўғри кириб борилаверарди. Уйда аёллар борлиги, хонадон эгаларининг турли ҳолатда бўлиши мумкинлиги мулоҳаза қилинмасди. Бу эса ўтакетган беодоблик бўлиб, турли ёмонликларга, гап-сўзларга сабаб бўладиган ҳолат эди.

Исломда бу каби беодобликларга ояти карима билан чек қўйилди. Ҳар бир кимсанинг шахсий ҳурмати, хонадон дахлсизлиги ҳаққи собит этилди. Биров яшаб турган жойга бошқа шахснинг, у ким бўлишидан қатъи назар, ўша жой соҳибининг рухсатисиз киришга ҳаққи йўқ. Чунки бунинг ортида манзил эгасининг сири, ор-номуси ётибди. Ҳатто исломда бегоналар тугул, ўз ота-онасининг олдига ҳам изн сўрамасдан кириш ман қилинган.

Имом Бухорийнинг “Ал-Адаб ал-муфрад” китобида изн сўраш одоби ва маданиятига оид кўплаб ҳадислар келтирадилар.Бир киши Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг олдига келиб: “Онамнинг олдига кириш учун изн сўрашим керакми?” деди. У: “Нима, у (онанг)ни ҳар қандай ҳолатида ҳам кўравермоқчимисан?” дедилар.

Киши ўз фарзанди ва онасининг олдига киришда ҳам – гарчи онаси қариб, кампир бўлиб қолган бўлса ҳам – изн сўрайди. Шунингдек, ака-укасининг, опа-синглисининг ва отасининг олдига киришда ҳам изн сўрайди.

Изн сўрашнинг дастлабки одобларидан бири аввал салом бериб, ундан сўнг киришга изн сўрашдир.

Исломда уйга, ҳовлига ёки бошқа хос жойларга бегона кишининг назари тушиши қаттиқ ман килинган. Шахсий жойларнинг дахлсизлиги кафолатланган. Бировнинг уйига изнсиз назар ташлаш жуда катта гуноҳ ҳисобланади. Чунки уй эгаси ўз уйида ечинган, ювинаётган, аёли ёки вояга етган қизлари ўранмаган ҳолатда бўлиши мумкин. Бу муҳим қоидани мўмин-мусулмонлар яхши билиб олиб, қатъий амал қилиши лозим бўлади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб намоз ўқиётган эдилар. Бир киши у зотнинг уйлари ичига қаради. Ўқдонларидан бир ўқни олиб, унинг кўзига ўқталдилар.

Мазкур ривоятлар бировнинг хонадонига рухсатсиз назар солиш оғир жиноят ҳисобланишидан далолатдир. Бу ишни қилган кўз хиёнатчи кўз ҳисобланиб, унга бериладиган жазо ҳам қаттиқ бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдек олий хулқ соҳибининг бир киши у зотнинг уйларига рухсатсиз қарагани учун ўқ билан унинг кўзига ўқталганлари бу ишнинг нақадар оғир гуноҳ эканини кўрсатади.

Аслида ноқулай ҳолат ва нарсаларни бехосдан кўриб қолмаслик учун шариатда бировникига киришдан олдин изн сўраш жорий қилинган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бирор киши ўзига тегишли бўлмаган жойга кирмоқчи бўлса, албатта, изн сўраши ва рухсат берилгандан сўнггина у ерга кириши керак. Ҳар бир мўмин-мусулмон бу муҳим қоидаларга қатъий амал қилса, ноқулай ҳолат ва нарсаларга бехосдан кўзи тушиши ва уларга гувоҳ бўлиши каби ҳолатлар юз бермайди.Яратган барчамизни илмда, ақлда, тафаккурда айласин.

Кенжабек Солиев,
 Чуст тумани "Ғойиб  эронлар"  жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг