
Меҳр берайлик, эҳтиром, эътибор кўрсатайлик, алалоқибат келгусида улар ҳам бизга худди шундай жавоб қайтаришлари шубҳасиз
Фарзанд тарбияси... Бу борада халқимизда кўп ва хўп гапирилган. Фарзандга қандай эътибор бериш, уни гўдаклик чоғиданоқ тўғри тарбиялаш борасида буюк бобокалонларимиз бемисл панд-насиҳатлар айтиб ўтганлар. Зеро бизнинг келажагимиз бўлмиш ёш авлод тарбияси ҳар қайси замонда ва ҳар қандай маконда муҳим аҳамият касб этгани шубҳасиз.
Буюк ватандошларимиз Амир Темур, ҳазрат Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абу Наср Форобийлар ўзларининг нодир асарларида фарзанд тарбияси хусусида қимматли маслаҳатлар қолдирганлар. Тиббиёт илмининг отахони Абу Али ибн Сино ёш авлод тарбиясининг ибтидоси қандай ва нималар билан бўлиши ҳақида қуйидагиларни эътироф этади: «Ёш бола бошланғич таълим ва тилга доир қоидаларни ёд олганидан кейин у машғул бўлиши мумкин бўлган касб-ҳунар ва санъатга мойиллигига қараб, уни шунга йўллаймиз. Агар у котибликни хоҳласа, тил, хат ёзиш, нутқ сўзлаш ва одамлар билан муомала қилиш кабиларга далолат қиламиз. Албатта, бу ўринда, боланинг майли аҳамиятга эга».
Бола мактабга боргунича уни подшоҳдек кўриб, муомала қилинади, яъни рисоладаги барча илтимослари сўзсиз бажарилади, шўхлик ва эркаликлардан қайтарилмайди. Шундан сўнг унга аста-секин тушунтириш, катталарнинг ўзи ибрат бўлиши орқали тарбия берилади.
Болаларга ёшлигидан бошлаб Қуръони карим қиссаларидан, пайғамбарларнинг ҳаёти ҳақида нақл қилувчи турли ривоятлардан, халқ эртаклари ва достонларидан, топишмоқлар, мақол ва маталлардан ўқиб бериш, сўзлаш ёки уларнинг ўзларига ўқитиш ҳам керак. Бу билан болаларнинг зеҳни ўсади, фикри кенгаяди, дунёқараши бойийди, хотираси кучаяди. Энг асосийси, бола эшитганларидан ибратланиб, яхши одамларга эргашишга интилади, уларнинг хулқу одобидан баҳраманд бўлади.
Бола кичиклигида унинг тарбиясини ўз ҳолига ташлаб қўйган, онги, зеҳни, ақли, одобини шакллантириш билан шуғулланишга вақт тополмаган ёки бунга ҳафсала қилмаган ота-она фарзанди улғайгач, аччиқ надомат ҳосилини теради. Фарзандлари қалбига йўл топа олмаётган, улар билан муросалари келишмаётган ота-она аввало ўзларини уларнинг ўрнига қўйиб, шу ёшда мен қандай фикрлаган ва қандай иш тутган бўлур эдим деб, шу ҳақда бироз мулоҳаза юритиб кўришса, ҳамма нарса жойига тушади. Бунинг устига давр, замонлар орасидаги фарқни ҳам унутмаслик керак: замон ҳеч қачон бир жойда қотиб турмайди. У ўзгариб, тараққий этиб боради. Бу ҳақда ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): «Фарзандларингизни ўзларининг даврига мослаб тарбияланглар», деганлар. Чунки кечагина ардоқланган нарса бугун эътибордан қолиши ёки аксинча, кеча қадри бўлмаган нимадир бугун энг қимматли нарсага айланиши мумкин. Шу омиллар эътиборга олинмаса, «Ҳозирги ёшларга қойил қолмадим, биз ўз давримизда бундоқ қилардик, бизлар мана бундоқ эдик» каби маломат ва надоматлар кўпаяверади, катталар ва болалар ўртасидаги зиддият-тўқнашувлар авжига чиқаверади.
Бола улғайиш жараёнида ҳамма нарсани асосан атрофидаги катталардан ўрганади. Улардан ибрат олиб, уларга тақлид қилиб, ҳаётий тажриба орттира боради. Энди ўзингиз қўпол ва бадхулқ бўлсангиз-у, болангизни чиройли хулқли ва одобли қилиб тарбиялайман деб ўйласангиз, хато қиласиз. Агар ўзингиз чексангиз ёки ичсангиз-у, фарзандингизни бу ёмон иллатлардан қайтараман десангиз, умидингиз ва ҳаракатларингиз пучдир. Ўзингиз ёлғон гапирувчи ёки алдоқчи экансиз, болангиздан ростгўйлик ва омонатдорлик кутиб овора бўлманг.
Фарзандларнинг келажакда гўзал ахлоқли ва чиройли тарбияли бўлишида ота-она фарзанди ҳақига қиладиган хайрли дуолар ўрни беқиёсдир. Чунки дуо ибодат мақомида. Аллоҳ таоло ҳар бир ишда Ўзидан ёрдам сўрашимизни яхши кўради. Бундан ташқари, ота-онанинг фарзанди ҳақига қилган дуоси мустажобдир. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
“Уч кишининг дуоси қабулдир: отанинг фарзандига қилган дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”, деганлар. Ота-она бундай неъмат ва имкониятдан унумли фойдаланиши ва фарзандларининг келажакда солиҳ ва тарбияли инсон бўлиб камол топишини Аллоҳдан сўраши лозим.
Ота-она фарзанди ҳақига ёмон дуо қилиб қўйишдан эҳтиёт бўлиши керак. Чунки уларнинг фарзандлари ҳақига қилган дуолари қабулдир. Абдуллоҳ ибн Муборакдан ривоят қилинишича, унинг олдига бир ота ўз ўғлидан шикоят қилиб келади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у отадан, сиз ўғлингиз ҳақига яхши дуо қилармидингиз ёки ёмон дуо қилармидингиз, деб сўрайди. Ота эса ёмон дуо қилишини айтади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак у одамга ўғлингизни ўзингиз бузган экансиз, деб койийди. Демак, боланинг келажакда комил инсон бўлиб етишиши ёки жоҳил бўлишига ота-онанинг дуолари катта таъсир қилар экан.
Ислом дини инсон ҳаётининг фақат руҳий, маънавий камолотига эътибор берибгина қолмай, айни вақтда унинг жисмоний жиҳатларига ҳам жиддий эътибор қаратади. Уламолар руҳий ва моддий ҳаётни худди нарвоннинг икки зинапоясига ўхшатишади. Яъни, икки тараф баравар – тенг бўлиши учун ҳаракат қилиш лозимлиги уқтирилади. Инсоннинг эътиқоди кучли бўлиши билан бирга бадани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай машаққатларга бардошли бўлмоғи лозим.
Бола қалбига ёшлигиданоқ имон, эътиқод уруғларини сепиш, унга Парвардигоримизни ва Пайғамбаримизни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) танитиш ҳамда севдириш лозим. Чунки имони, диёнати, виждони бўлмаган бола жоҳил, нодон, ёвуз, жамият ва эл манфаатларини назар-писанд қилмайдиган худбин кимса бўлиб ўсади. Давлатимиз ва миллатимиз учун бундай каслар эмас, балки қалби тоза, уйғоқ, илмли ва мўмин инсонлар зарурдир. Болани шу йўсинда тарбиялаш ҳамманинг муҳим вазифаси бўлиши керак. Юртбошимиз «Биз фарзандларимизни Имом Бухорий ҳадислари, Яссавий ҳикматлари, Термизий ўгитлари, Нақшбанд таълимоти асосида тарбиялашимиз керак», деганларидек, фарзандимизни Аллоҳдан қўрқадиган, жамиятга фойда келтирадиган, халқига хизмат қиладиган диёнатли инсон этиб тарбиялашимиз келажакда унинг комил инсон бўлиб улғайишига замин бўлади.
Ота-оналар фарзандлари билан муомала қилишда адолатли бўлишлари, бирини бошқасидан, ўғилларни қизлардан ёки аксинча, ажратмасликлари керак. Совға беришда, лутф ва меҳрибончиликлар кўрсатишда, эркалаш ва илтимосларини бажаришда барча фарзандларни тенг кўриш лозим. Чунки улар орасида совға-саломда тенглик йўқолса ёки бирини койиб, унинг ёнидаги иккинчиси мақталиб эркалатилса, ака-ука ёки опа-сингиллар орасида бир-бирига ҳасад қилиш ва кўролмаслик келиб чиқади. Тадқиқотлар натижасида болаларда ҳасад, кўролмаслик ва бировга нисбатан душманлик ҳиссини туйиш каби ёмон туйғулар шаклланишига оилада фарзандлар ўртасидаги адолатнинг йўқолиши кўпроқ таъсир кўрсатиши аниқланган. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ таоло ўрталарингизда адолат қилишингизни яхши кўргани каби фарзандларингиз орасида ҳам адолат қилишингизни яхши кўради», деганлар.
Агар болаларга атаб бирор нарса олиб келсангиз, тарқатишни энг олдин қизлардан бошланг. Чунки қиз бола таъсирчан, кўнгли нозик, салга хафа бўлиб қоладиган бўлади. Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) бундай ҳадис бор: «Ким қиз болаларни хурсанд қилса, Аллоҳдан қўрқиб йиғлагандек бўлади, ким Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғласа, Аллоҳ таоло унинг баданига дўзах ўтини ҳаром қилади».
Фарзандларга меҳр-шафқатли бўлиш, уларни суюб эркалаш, ҳамиша очиқ чеҳра билан мулойим муомала қилиш, зарурий эҳтиёжларини қондириш, ҳар жабҳада уларга шахсий ибрат кўрсатиш, Аллоҳ таоло берган омонат бўлмиш ўғил-қиз фарзандларни гуноҳ ва ёмон ишлардан қайтариб туриш ота-онанинг муҳим вазифаларидандир. Шундай экан, фарзандларимизга меҳр берайлик, эҳтиром, эътибор кўрсатайлик. Алалоқибат келгусида улар ҳам бизга худди шундай жавоб қайтаришлари шубҳасиз.
Фатхиддин Ахунов,
Наманган шаҳридаги “Шайх Эшон” жоме
масжиди имом ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022