ЖАННАТ ЭШИКЛАРИНИ ТАЛАШИНГ

Динимизда ота-онага муносабат Аллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги энг муқаддас бурч ва шараф ўлароқ эътироф қилинади. Фарзанд уларга хизмат қилар экан, албатта икки дунё саодатига эришади. Ранжитиш ёки хизматларини қилмаслик, дунё ва охиратдаги фойдалардан маҳрум бўлиш деганидир.
Мусулмон одам ота-онаси ҳатто кофир бўлса ҳам уларга яхшилик қилиши, нафақа бериши ва зиёрат этиши вожибдир. Соф Ислом таълимотини яхши англамаган баъзи ёшларимиз уларнинг эътиқодларини муҳокама қилиб, ҳурматсизлик қилишлари бугунги кундаги энг ачинарлари ҳолатлардан биридир.
Хўш, ота-она ва фарзанднинг фикрлари турлича бўлиб қолса, қандай йўл тутиш керак, бунга динимизнинг қараши қандай? Бу борадаги динимиз кўрсатмаларини очиқ-ойдин баён қиламиз. Биринчидан, уларга бўладиган муомалотлар динга боғлаб қуйилмаган. Яъни, улар қайси динда бўлсалар ҳам, итоат, ҳурмат ва хизмат вожиблигича қолаверади. Иккинчидан, ўзаро фикрлар турлича бўлиб қолганда, отадир, онадир шариатда ҳаром ишларга буюрмас экан, уларга итоат қилинади. Бу ҳолатда улар тақводорми, ёки шариатга тўлиқ амал қиладими, йўқми, эътиборга олинмайди. Чунки ота-онанинг дин-диёнати қай даражада бўлса ҳам, боланинг зиммасидан фарзандлик бурчи соқит бўлмайди. Бу хақида Қуръони каримда шундай дейилади: «Уларга (гарчи кофир бўлсаларда,) дунёда яхши муомалада бўлгин!» (Луқмон сураси, 15-оят).
Ривоят қилинади, Асмо бинти Абу Бакр разияллоҳу анҳонинг оналари мушрика бўлган пайтида қизини соғиниб, уни кўриш учун Маккадан Мадинага келади. Шунда Асмо Набий алайхиссаломдан онасига қандай муомалада бўлиши кераклиги хақида сўраганда, у зот силаи раҳм қилишга буюрганлар. Демак, она ҳатто залолатда бўлса хам, фарзанд унга гўзал муносабатда бўлиши, дунёвий ишларда ёрдам қилиб, яхши гапириб, эҳтиромини жойига қўйиши керак экан. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг тўртта оятида ўзига ибодат килишни буюргандан кейин биринчи навбатда ота-онага яхшилик қилишга буюради: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки хар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» (Исро сураси 23-оят).
Яна бир кўп учрайдиган ҳолатлардан бири, айрим фарзандлар ота-онасига бошқа жигарларидан кўпроқ ҳизмат қилган бўлсалар миннат қилишга ўтадилар, «нега мен бошқалар ҳам қилсин», қабилида. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Ота-она жаннат эшикларидир ҳоҳласанг кир, ҳоҳласанг зое қил!», деганлар. Демак, фарзанд уларга хизмат маъносида жаннат эшигини талашгандек талашиши керак.
Аллоҳ таоло бахтимизга ҳаёт бўлмиш қиблагоҳу-волидаларимизни саломат айлаб, хизматларини қилиб, дуоларини олмоғимизни насиб айласин! Ўтмишларини эса жаннатда Жамолига меҳмон қилсин!
Муталлибхон Муҳаммадхонов
Поп тумани «Чинор»жоме
масжидининг имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022