ЖОБИР ИБН АБДУЛЛОҲ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

Мадинада бир яҳудийдан Жобир розияллоҳу анҳу бир муддатни келишиб қарз олганди. У кишининг хурмозорлари бўлиб, келишувга кўра хурмонинг ҳосилидан беришлари керак эди. Аллоҳнинг иродаси экан, Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу қарзни тўлайдиган, ҳосилдан қарзга улуш ажратишлари керак бўлган вақтда ҳосилдорлик яхши бўлмади. Шунда у яҳудийнинг олдига бориб, қарз тўлайдиган муддатни чўзиб беришни илтимос қилди. Яҳудий эса кўнмади. Жобир розияллоҳу анҳу нима қилишни билмай қолди. Одатда саҳобалар шу каби қийинчиликларга рўбару келганларида ўзларининг йўлбошчилари бўлмиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилардилар ва табиийки, Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам йўл кўрсатардилар, ёрдамларини берар эдилар. Мазкур анъанага мувофиқ, Жобир розияллоҳу анҳу Расули акрам алайҳиссаломга ҳолатни баён қилди. Яъни, яҳудийдан қарздор эканини, ҳосиллари қарзини тўлашга етмаслигини ва у муддатни узайтиришга кўнмаётганини изҳор қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир нечта саҳобаларга қарата: "Юринглар, яҳудийдан Жобир учун муҳлат сўраб келамиз", дедилар. Яҳудий билан бориб гаплашишди, лекин у кўнмади. "Эй Абул Қосим, муҳлат бермайман!", деди. Ҳатто, бир неча бор илтимос қилинса ҳам унамади. Шунда Ҳазрати Расули акрам алайҳиссалом Жобир розияллоҳу анҳунинг боғига бордилар. Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: "Бир нечта хурмо олиб келиб бердим, ундан едилар". Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Супачанг қани, эй Жобир", деб сўрадилар. Чунки хурмозорларда сўрига ўхшаш, ердан бироз баландроқ, тошлар билан кўтарилган, дам оладиган жойлар бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша супачага бориб Жобир розияллоҳу анҳуга қараб: "Менга тўшак солиб бер", дедилар. Бироз ором олиб: "Эй Жобир, бор, хурмони кесиб, қарзингни адо қил", дедилар. Кесишдан мурод, таги билан кесиб ташлаш эмас, балки, ўша хурмони шодасини кесишни айтдилар. Шунда Жобир розияллоҳу анҳу "хўп", деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига мувофиқ, хурмоларни узди, бир қанча ҳосил бўлди. Натижада, қарзи ҳам узилди, ҳосилдан бир қанчаси ортиб ҳам қолди. Расули акрам алайҳиссалом ҳузурларига бориб, хурсандчилик хабарини берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: "Ашҳаду анни Муҳаммадур Расулуллоҳ", дедилар. Маъноси: "Мен Аллоҳнинг пайғамбари эканимга гувоҳлик бераман".
Аллоҳ таоло Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан рози бўлсин!
Манбалар асосида тайёрланди
Қодиржон Умурзаков
Поп тумани "Муҳаммаджон қори"
жоме масжидининг имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022