Қоронғи режим
Image
Logo

КИТОБ ЎҚИШНИНГ АҲАМИЯТИ

КИТОБ ЎҚИШНИНГ АҲАМИЯТИ

Киши билмаганларини асосан ўқиш билан ўрганади. Биз умр бўйи, бешикдан қабргача, билмаганларимизни ўрганишга буюрилганмиз. Зеро, билим қалбимиз ҳаётидир. Шунинг учун динимиз илк босқичдаёқ ўқишга, илм олишга катта аҳамият берган. Биргина мисол: Бадрда асир тушганларнинг саводлилари ўнта мусулмон болага ўқиш-ёзишни ўргатиш эвазига озод этилган. Қурьони карим мусҳаф ҳолига келтирилишида катта хизмат қилган саҳобий Зайд ибн Собит розийаллоҳу анҳу шундай савод чиқарган болалардан эди. Озодликка эришиш учун бундай эваз тўлаш урушлар тарихида ўша вақттача кузатилмаган эди.

Ўрганилаётган илм фойдали бўлиши, Аллоҳ таоло рози бўлган тўғри йўлга бошлаши, эзгуликка ва элга хизмат қилиши зарур. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фойда бермайдиган илмдан ва қабул бўлмайдиган дуодан Ўзингдан паноҳ сўрайман”, деб Аллоҳ таолога илтижо қилганлар (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган янги илм ўрганмаганим кунда мен учун яхшилик йўқдир”, деб марҳамат қилганлар.

Биз охирги марта қачон китоб ўқидик? Китоб мутолаа этишни қачон кун тартибимизга қатъий қилиб киритамиз? Ўқишга вақт йўқ, дейсизми? Сўровлар, таҳлиллар натижаларига кўра, ўртача олтмиш йиллик умрнинг ўн йилдан кўпроғи телевизор қаршисида ўтаркан. Ҳолбуки, биз биринчи буйруғи “Ўқи!” бўлган динга мансуб инсонлармиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога энг мақбул амал оз бўлсаҳам, давомлисидир” (Имом Бухорий ривояти), деганларига мувофиқ, фойдали китоблардан ҳар куни бир неча бет ўқисак, билим, фикримиз теранлашади, кўнглимиз ёришади, икки дунёмиз обод бўлади, Иншааллоҳ!

Нурулло Маҳкамов,
Чуст туман “Саид Насимхон тўра” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг