Қоронғи режим
Image
Logo
КАСБУ-ХУНАР ФАЗИЛАТИ

КАСБУ-ХУНАР ФАЗИЛАТИ

Ҳар бир Мусулмон учун ҳалол ризқ талаб қилиш қайси йўл билан бўлмасин, хоҳ тижорат бўлсин, деҳқончилик бўлсин, корхона-заводда ишлаш, бирор даргоҳда муаллимлик қилиш билан бўлсин – барчаси диннинг бир бўлаги экани, намоз, рўза каби фарзлардан кейинги фарз экани; берса ейман, бермаса ўламан деб қўл қовуштириб ўтириш,  кўчама-кўча тиланиб, дуч келганга қўл чўзиш Исломга зид экани, мусулмонга хос ишлардан эмаслиги маълум бўлади. Инсон ҳаёти учун зарур бўлган уй-жой, улов, озиқ-овқатлар ва бошқа рўзғор анжомлари, поклик воситаларига, либосга муҳтож бўлинади. Буларнинг барчаси касб-ҳунар орқали вужудга келади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Ҳеч бир киши ўзи қўли билан ишлаб топиб еган таомидан ҳам яхшироқ таомни асло емайди”. Ҳадисда қўл меҳнати билан топилган таомга эътибор қаратилмокда. Айтиш зарурки, мазкур хадиси шариф кийиниш, еб-ичиш каби инсоннинг барча эҳтиёжларини қамраб олади. “Қўл меҳнати” ибораси тижорат, ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш, деҳқончилик, чорвачилик каби ҳалол касбларни ўзида жамлайди. Демак, Аллоҳ таолонинг фазлу карамига эришмоқчи бўлган инсон меҳнат қилиши, ҳалол касб-ҳунар билан машғул бўлиши керак. Бу эса унга нажот ва бахт келтиради ва Аллоҳ розилигини топишида васила бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳалол ризқ талаб қилиш иккинчи даражадаги фарздир” деганлар, аслида дунёга қанча Пайғамбар ва расуллар юборилган бўлса, барчалари ҳалол ризқ талаб қилиш учун қайсидир касбнинг соҳиби бўлдилар. Бирлари деҳқончилик, бирлари чўпонлик, бирлари темирчилик, бирлари дурадгорлик  билан ҳаёт кечирдилар. Агар у зот бўлмаганларида, дунё яралмаган бўлар эди, деган сифат соҳиби, дунё ва охират саййиди Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ёшликларида қўй боққанлар, кейинчалик тижорат қилганлар, Мадинаи Мунавварадан бир неча мил узоқликдаги Журф деган жойда деҳқончилик қилганлар, муаллим бўлганлар. 
Касбу-ҳунарли кишининг бировга эҳтиёжи бўлмайди ҳам шунингдек “Ҳунарли киши хор бўлмас”, деган ҳикмат бор. Ҳунар туганмас бойликдирки, у қанча сарф қилинмасин камайиб қолмайди. Ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал эгаллаш зарур. Шунинг учун ёшларимиз вақтидан унумли фойдаланиб, бирор касб ўрганишга ҳаракат қилмоғи, илм ўрганмоғи ва ҳалол меҳнат қилмоғи даркор. Чунки ёшликда ўрганган илму ҳунар тошга ўйилган нақш кабидир.

Хулоса шуки, Аллоҳ таборака ва таоло бандаларига ҳалол ризқ-рўз сабабларини эгаллашга, уни эгаллаш учун саъй-ҳаракат қилишга амр этган.  Ризқни берувчи Аллоҳнинг ягона ўзидир.Аллоҳ таоло барчамизни ҳалол касб ила топган ризқига қаноатли, шукрли, фақат ўзига суянадиган саодатли бандаларидан қилсин!


Акбарали Юсуфжонов,
 Учқўрғон туман “Саидхон эшон” жоме
 масжиди имом-хатиби
.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг