Қоронғи режим
Image
Logo

КАСБ-ХУНАР ЭГАЛЛАШ ФАРЗДИР

КАСБ-ХУНАР ЭГАЛЛАШ ФАРЗДИР

Илм ва покиза касб-ҳунар инсонларга дунёда ҳам, охиратда ҳам энг тўғри йўлни кўрсатади. Унинг соҳиби барча яхши хулқларга эришади. У сахий, жувонмард, камтар, шикастадил, иффатли ҳамда бошқа юксак инсоний хислатларнинг файзу баракотларидан баҳраманд бўлади. Бахиллик, қўрқоқлик, журъатсизлик, манманлик, исрофгарлик, зиқналик каби ёмон хулқлардан ўзини сақлаб, гўзал хулқ эгаси бўлиб камол топади. Зеро, илм ва касб хунар воситасида инсон нима фойда-ю, нима зарар эканини билади ва ҳаётда олдига қўйган орзу-мақсадлари рўёбини кўради.

Илм ва касб-ҳунар олиш билан инсон Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр этишни ният қилади. Чунки шокир бандаларига неъматларини зиёда ва баракотли қилиб беришга Аллоҳ таолонинг ваъдаси бор.

Илмга жонфидолик ҳақида имом Муҳаммад ибн Ҳасан (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар: “Агар одамлар менга қул бўлганида эди, уларнинг ҳар бирини қулликдан озод этардим. Уларни хўжайинларидан халос қилардим. Ягона мақсадим, уларнинг илм олишлари ва билимларини камолга етказишларидир”.

Улуғ донишманд айтади: “Ким илм лаззатини, унинг ҳаловатини изласа ва амал қилиш мазасию роҳатини топса, одамларнинг қўлидаги нарсаларга қизиқмай қўяди. Тамаъни ўзига яқин йўлатмайди”.

Ҳар бир инсон, айниқса, илму ҳунар ўрганаётган ёшлар, ёмон ниятлардан кўнгилларини поклашлари, илму ҳунар билан ўзларига фақат дунёвий эришиладиган орзу-ҳавасларни мақсад қилмасликлари керак.

Пайғамбаримиз Мухаммад солаллоҳу алайҳи васаллам:

“Касб ўрганиш ҳар бир мусилмон эркак ва аёлга фарздир” – деганлар.

Яна бир хадисда 

“Таомларингизни энг яхшиси ўз касбларингиз орқали еган таомларингиздир” – деб айтганлар.

Ҳар бир инсон хаётда бирор касб хунар билан яшайди. Аллоҳ таоло мўминларга улуғ ибодат намоздан сўнг касб хунарни фарз қилган. Пайғамбарлар ҳам ўз касби орқали ризқларини топганлар. 

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаймизки: Биз ота-оналар ўз фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга илму-фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб боришимиз даркор. Уларнинг мактаб ва ўқув юртларида яхши ўқиб, турли касб ҳунарларни тўла эгаллашга тайёрлаш ҳам ўзимизга боғлиқ. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятли бурчларидан эканини чуқур англаб, бор куч-ғайратимизни шунга сарф қилмоғимиз лозим бўлади. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйиб, қаерда юргани, кимлар билан ўртоқлашаётгани, нималарга қизиқаётганидан огоҳ бўлмасак, бунинг оқибати яхши бўлмайди.

 

Муҳаммад Аюб Фахриддинов,
 Тўрақўрғон тумани "Абдулваҳҳоб қори" жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг