КИЙИМ – ОВРА, МАЪНАВИЯТ БЕЛГИСИ ЁЗУВЛИ КИЙИМ-ЧИ?

Кейинги пайтларда кийим-кечак ва автомашиналарга турли ёзув ва шаклларни ёзиб-чизиб олиш урфга кирди. Таъкидлаш керакки, Ислом тарихининг узоқ даврларида бундай ишларга қизиқиш бўлмаган. Ўша ёзувлар турли тилларда ва маъноларда бўлиб, уятсиз сўзлардан бошлаб муқаддас динимизга тааллуқли бўлганлари ҳам топилади. Буларнинг ичида энг номаъқуллари кийимларга ёзиб олинганидир.
Хусусан кийимнинг кўкрак ва орқа қисмига ёзилган, турли маъноли шакллар ва сўзлар эътиборни тортувчи бўлади. Айниқса, бу аёлларнинг кийимида бўлса, бизнинг диний тарбиямизга мутлақо зиддир. Кийимга ёзилган диний маънодаги сўзларга келсак, хусусан: “Аллоҳ”, “Муҳаммад”, “Машааллоҳ”, “Ла илаҳа иллаллоҳ” каби муборак калималарни ёзаётган пайтда уларни оёқости бўлиши ёки вақти келиб қадрсизланишини эътиборга олиш зарур.
Зеро, фиқҳий манбаларимизда Аллоҳ таоло ва унинг сифатлари, ояти карималар, пайғамбарларнинг исмлари ёзилган нарсалар билан ҳожатга кириш макруҳ эканлиги, уларни ташқарида қолдириш мустаҳаблиги таъкидланган. Қазои ҳожат қилмоқчи бўлган шахс ўзи билан Аллоҳ таолонинг исми ёзилган, шунингдек, малоикалар, Азиз, Карим, Муҳаммад, Аҳмадга ўхшаш улуғ исмларни бирга олмаслиги керак.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки хожатга кирсалар, узукларини ечиб қўяр эдилар” Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. Маълумки, Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васалламнинг узукларида “Муҳаммадур-Расулуллоҳ” деган ёзув бор эди. Подшоҳларга мактуб юборсалар, ўша узукни муҳр қилиб босар эдилар. Узукда Аллоҳнинг исми ёзилган бўлгани учун ҳам хожатга кирганларида уни ечиб қўяр эдилар.
Шунга биноан, Аллоҳнинг исми ёзилган нарса билан, айниқса, Қуръон билан хожатга кириб бўлмайди. Яна бир ҳолат машиналарга турли сўзларни ёзиб олишдир. Маълумки, кўчада юриш кўпчиликнинг ҳаққи ҳисобланади. Шунинг учун машиналарга турли туман маъноли-маъносиз, ўзгаларнинг жиғига тегадиган сўзларни ёзиб олиш, кўчанинг ҳаққига риоя қилмаслик ва маданиятсизлик белгисидир. Бу сўзлар динимизга тааллуқли сўзлар (Аллоҳ, Муҳаммад, Машааллоҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ) бўлса, кўпчилик уламолар буларни ёзишни мубоҳ деб билганлар. Фақат Саудия “Кибор уламолари ҳайъати” бу ишлар: “Қуръон ва Суннатда асли йўқ, бидъат ишлар”, деган иллатни келтириб, жоиз эмас дейишган.
Хулоса шуки, (динимизда алоҳида таъкидлаган ўринлардан ташқари) ташқи кўриниш, мубоҳ ишлар ва турли ёзув-аломатларга берилиб кетиш фойдаси йўқ ишлардандир. Динимизда ихлос, ниятни холис қилишнинг ўрни катта бўлиб, бугунги кунда уларга эътибор қаратишга кўпроқ муҳтожмиз. Ҳар қанча атрофимизни ёзув ва аломатлар билан тўлдирмайлик, бу бизга савоб келтирмайди. Балки энг катта савоб имон ва ихлос билан қилинган фарз, вожиб, суннат ва бошқа савоб амаллардан, ҳамда ҳаром ишлардан тийилишдан келади.
Аҳмадали УБАЙДУЛЛАЕВ,
Наманган шаҳридаги “Шодибек” жоме
масжиди имом-ноиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022