
МАЪРИФАТ САРИ ИНТИЛИШ.....
Ислом дини илмга қанчалик эътибор беришини, иймон ва ихлосдан кейин илм ҳамма нарсадан устун туришини кўрсатади. Чунки илм бўлмаса, намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа амалларни ўрганиш, адо этиш ҳам мумкин эмас. “Илм” сўзи луғатда бир нарсани воқеъликдагидек идрок этишни билдиради. Шаръий истилоҳда эса, маънавий ишларда нарсаларни тескариси йўқ даражада аниқ билиш сифатига “илм” дейилади. Мамлакатимизда ёшлар тарбиясига катта аҳамият бериб келинмоқда. Уларнинг илмли, маърифатли, ақлан комил, жисмонан етук бўлишлари учун кенг имкониятлар, шарт-шароитлар яратилмоқда. Ҳозирги кунимизда одамлар тилида энг кўп такрорланадиган сўзлардан бири илм десак, муболаға қилмаган бўламиз. Аллоҳ таоло илмни қиёмат кунига қадар бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Буни теран англаган улуғ аждодларимиз илмда улкан муваффақиятларга эришдилар, асрлар мобайнида нафақат диний, балки дунёвий илмларда инсониятга устозлик қилдилар. Улуғ зотларнинг ҳаётида китобни севиш, илмни қадрлаш, илм эгасини иззат – икром қилиш урф тусини олган. У зотлар ўз фарзандларини ҳам шундай руҳда тарбиялашган. Жоҳилликдан маърифат сари интилиш бу динимиз кўрсатмасидир.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “...Агар билмасалар, сўрасалар бўлмасмиди?! Албатта, жоҳилликнинг шифоси саволдир...” дедилар” (Абу Довуд ривоят қилган). Илм осонликча эгалланмайди. Унинг ҳам ўзига яраша машаққати, оғирлиги ва жабр-ситамлари бор. Чинакам хазина саналмиш илмга эътибор сусайган бугунги кунда илм йўлида машаққат чекиб, фидойилик билан таҳсил олаётган ва илмини ошириб, мустаҳкамлашга интилаётган ёшлар ҳам йўқ эмас. Бундай иқтидор эгаларини қўллаб қувватласак, эртанги кунимиз янада ёрқинлашиши, илм нури қалбларни ёритиб, жоҳиллик ва мутаассиблик каби иллатлар ҳалқимиз онг-тасаввуридан чекиниши шубҳасиз.
Аллоҳ таоло бандаларини сўзларнинг энг гўзалига, фойдалисига эргашишга чақириб шундай марҳамат қилади: “Бас, (эй Муҳаммад) Менинг шундай бандаларимга хушхабар беринг, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир” (Зумар, 17-18). Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадиси шарифларда ҳам инсонлар яхши амаллар қилишга, ёмонликлардан қочишга чақирилади: “Мусулмон – қўли ва тилидан ҳеч ким зиён кўрмаган киши. Мўмин – бошқаларнинг моли ва жонига тажовуз этмайдиган киши. Муҳожир – гуноҳ ва маъсиятларни тарк этган киши. Аллоҳ ёўлида мужоҳид – нафсига қарши курашишга киришган киши”; “Умматим ҳеч қачон залолатда бирлашмайди”; “Инсонларга яхшиликни ўргатувчи кишига Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмон ва Ер аҳллари, ҳатто уялардаги чумолию денгиздаги балиқлар ҳам салавот айтади”. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолобарчаларимизни хусусан ёшларимизни илм ўрганишда собитқадам қилсин!
Обидхон Икрамов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакили ўринбосари
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022