Қоронғи режим
Image
Logo

Мўъжизанинг луғавий ва истилоҳий маъноси

Мўъжизанинг луғавий ва истилоҳий маъноси

 “Мўъжиза” (المعجزة)(ожиз қолдирувчи), “иъжоз” (الإعجاز)(ожиз қолдириш) – ўтимлик феъл бўлиб, луғатда “ожиз қолдирувчи” маъносидадир. Ўтимсиз ҳолда “ العجز” (ал-ажз) ҳолда келади ва “заифлик”, “бирор ишни қилишга қодир бўлмаслик” маъносини англатади.

Истилоҳда: “Мўъжиза Аллоҳ таоло Ўзи юборган пайғамбарини тасдиғи ва исботи ўлароқ беллашувга чақиришлик хусусиятига эга бўлган, табиий қонун-қоидалар чегараларидан ташқарига чиқувчи (ноодатий) ва унга қарши чиқиб бўлмайдиган ишдир”. 

Оят ва мўъжиза одатдан ташқари ҳар бир ишга ишлатилади. Уларни бурҳон деб ҳам айтилади. Юқорида келтирганимиз уламолар томонидан мўъжизага берилган таърифни батафсил кўриб чиқамиз:

“Мўъжиза Аллоҳ таоло Ўзи юборган пайғамбарини тасдиқи ва исботидир...” яъни, борлиқда бузишнинг имкони бўлмаган табиий қонун-қоидалар мавжуд. Қанақа инсон бўлишидан қатъий назар, у куч-қудрат ёки илм эгаси бўладими, ўша табиий қонунлар асосида яшайди, бир қадам ҳам у қонунлар чегарасидан чиқа олмайди. Агар бир инсон келиб ўзини пайғамбар эканини айтса ва Аллоҳ таолонинг изни билангина уларнинг чегарасидан чиқиш мумкин бўлган табиий қонуният чегарасидан чиқа олишга қодир эканини даъво қилса ва ҳақиқатдан ҳам табиий қонун-қоидалар чегараларидан ташқарига чиқса, уни бу даъвосида ҳақ эканига ишонч комил бўлиб, ҳақиқий пайғамбар эканига имон келтирилади. Худди мана шу нарса пайғамбарнинг ҳақиқатдан Аллоҳ таолонинг ҳузуридан юборилган пайғамбар эканининг тасдиғи ўлароқ ҳужжат бўлади. Зеро, табиий қонун-қоидалар чегараларидан ташқарига чиқиш башарнинг қудрати билан эмас, балки Холиқнинг қудрати билангина бўлади. Чунки, бу иш Аллоҳ яратган табиий қонун-қоидалар борасида ақл бовар қилмайдиган ишдир. Бу инсон Аллоҳ таоло томонидан қўллаб-қувватланмаганида эди, ҳеч ҳам бу ишга қодир бўлмаган бўлар эди. Демак, Аллоҳ таолонинг Ўзи ўша табиий қонун-қоидаларни яратди ва Унинг Ўзи пайғамбар юборди ҳамда пайғамбарининг тасдиғи ўлароқ, Унинг Ўзи яратган табиий қонун-қоидалар чегараларидан ташқарига чиқишликка изн берди.

“...беллашувга чақиришлик хусусиятига эга бўлган...”. Юқорида айтиб ўтилган пайғамбарларга ато этилган мўъжизалар “беллашувга чақира олишлик” хусусиятига эга бўлиши даркор яъни, Пайғамбар ҳар сафар ўша мўъжизани кўрсатишга эҳтиёж туғилганда, уни кўрсатиб, пайғамбарлигининг ҳақ эканини билдириб, ҳамда шаккокларни у мўъжизага ўхшашини келтиришдан ожиз эканларини ошкор қилиш учун ўзи келтирган мўъжизага ўхшашини келтиришларига чорлаши лозим. Зеро, агар инсонлар пайғамбарлар келтирган мўъжизаларга қарши чиқиш ёки унга ўхшашини келтиришга имкон топганларида, пайғамбарлар мўъжиза сифатида кўрсатган ишлари табиий қонунларни бузиб, ғайриоддийлик сифатига эга бўлмаганида, мўъжиза ҳисобланмас эди. Шу маънода Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: 

“Ва агар бандамизга (Муҳаммадга) туширгaн нарсамиздан (Қуръондан) шубҳада бўлсангиз, бас, сиз ҳам унга ўхшаш (биргина) сура (ёзиб) келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг – агар ростгўй бўлсангиз”. Бу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берилган энг улкан мўъжиза – Қуръони карим сураларининг энг кичигича бир сура келтиришга чорланаяпти. Табиийки, бу чорлов янграган замондан токи бугунги кунгача унга қарши бирор жавоб айтилмади ва қиёматгача айтилмайди ҳам. 

“...табиий қонун-қоидалар чегараларидан ташқарига чиқувчи (ноодатий) ишдир...”. Мўъжиза башар қила олмайдиган ғайриоддий нарсадир. Зеро, уни одамлар қила олганларида эди, мўъжиза ҳисобланмас эди. Чунки, Аллоҳ таоло оламда маълум қонун-қоидалар тузиб қўйганки, башарият мана шу қонун-қоидалар асосида яшайди. Шундай экан, Аллоҳ таолонинг Ўзи тузган қонун-қоидалари чегарасидан чиқишлик ҳуқуқи бўлмиш мўъжизани Унинг Ўзи хоҳлаган бандасига ато қилади. Шу маънода Аллоҳ таоло шундай дейди:

 “Бирор пайғамбар Аллоҳнинг изнисиз бирор мўъжиза келтириши жоиз эмас...”.

  Ватандош бобокалонимиз Имом Бухорий ўз “Саҳиҳ”ларида ушбу ҳадиси шарифни ривоят қиладилар:

عن أبي هريرة عن النبي صلى الله عليه و سلم قال: ( ما من الأنبياء نبي إلا أعطي من الآيات ما مثله أومن أو آمن عليه البشر وإنما كان الذي أوتيته وحيا أوحاه الله إلي فأرجو أني أكثرهم تابعا يوم القيامة ) 

Яъни: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлари ривоят қилинади: “Пайғамбарларнинг ҳар бирига унга инсонлар имон келтирган оятлар (мўъжизалар) берилди. Менга берилган нарса (мўъжиза) Аллоҳ уни (яъни, Қуръонни) менга ваҳий қилган бир ваҳийдур. Шундай экан мен қиёмат куни уларнинг (пайғамбарларнинг) эргашувчилари энг кўп бўлгани бўламан, деб умид қиламан”. 

Мўъжиза Аллоҳ таолонинг улуғ санъатидан бир намунадир. Мўъжиза пайғамбарнинг санъати ҳам, касби ҳам эмас.

“...ва унга қарши чиқиб бўлмайдиган ишдир...”. Яъни, пок динимиз душманлари Аллоҳ таоло томонидан пайғамбарларга туҳфа қилинган мўъжизаларга ҳеч бир замон ва маконда у мўъжизани ўхшашини келтириш ёки уни синдириш орқали жавоб қайтара олмаганлар. Аллоҳ таоло ҳам бунинг хабарини бериб ўтган:

“Борди-ю (Қуръонга ўхшаш биргина сура келтиришни) қилмасангиз – зинҳор қила олмайсиз ҳам – у ҳолда ёнилғиси одамлар ва тош (бут-санам)лардан иборат, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқинг”.

Пайғамбарларга мўъжизалар ўзларининг қавмларигагина нисбатан берилган. Масалан, Мусо алайҳиссаломнинг “асо” мўъжизалари вафот этишлари билан тўхтаган. Исо алайҳиссаломга берилган – Аллоҳ таолонинг изни ила – ўликларни тирилтириш, махов ва кўрларни тузатиш каби мўъжизалари Аллоҳ таоло у зотни иккинчи осмонга кўтариши билан тугаган. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизалари Аллоҳ таолонинг амри ила қиёмат кунигача мукаммал давом этади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мўъжизалари Аллоҳ таолонинг абадий китоби Қуръони каримдир.

Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом

билим юрти мудири

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг