МОҲИ РАМАЗОН ОЙИ СОЯ СОЛИБ ТУРИБТИ

Рамазон билан хушхабар берилади, табрикланади, унга ошиқилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойини интиқлик билан кутар, унинг яқинлашганини кишиларга эслатиб турар ва саҳобаи киромларни у билан табриклаб, муносиб тайёргарлик кўришга чорлар эдилар.
Рамазонда Аллоҳ таолонинг раҳмати жўш уради. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда: «Рамазон бўлганда раҳмат эшиклари очилади», дейилган. Рамазоннинг аввалги ўн кунлиги нафақат ойнинг, балки йилнинг «раҳмат кунлари» ҳисобланади.
Рамазон ойи Аллоҳ ва Расулининг буйруқларини бажаришда, қайтариқларидан қайтишда ва синов-имтиҳонга учраганда сабр-тоқатли ва чидамли бўлишни ўрганадиган ойдир.
Рамазон ойи ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик кўрсатиладиган, инсонлар бир-бирлари ҳақида қайғуриб, хато-камчиликларини кечирадиган ойдир.
Рамазон ойи хайрли ишларда ҳамкорлик қилинадиган, мусулмонлар бир-бирини қўллайдиган ойдир.
Рамазон тенглик ойи бўлиб, бу ойда қариялар зиёрат қилинади, беморлардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, мусибатзада инсонлардан кўнгил сўралади ва етимлар овутилиб, юпатилади.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига хушхабар қилиб, айтардилар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, демак у маҳрум бўлибди”
Уламоларимиз бу ҳадисни инсонлар бир-бирларини Рамазон ойи билан муборакбод этишларига асос бўлади, дейишади. Нима учун бир-бирларини табриклашмасин, ахир бу ойда жаннат дарвозалари очилса, жаҳаннам қопқалари ёпилса, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинса, минг ойдан яхшироқ Қадр кечаси бўлса ва ҳоказо...
Ўтган баъзи азизларимиз Рамазондан олдин олти ой давомида Аллоҳдан Рамазон ойига етказишини сўраб дуо қилардилар, сўнг яна олти ой давомида ҳусни қабул қилишини сўраб, дуо қилардилар. Зеро улар Рамазон ойидаги хайр-барака, улкан савоб, мўл-кўл ажр-мукофот, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш каби имтиёзлардан хабардор эдилар.
Аллоҳ бизларга ҳам уларнинг йўлларини берсин, омийн.
Муҳаммад Аюб Фахриддинов,
Тўрақўрғон тумани "Исфаҳон" жоме
масжиди имом ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022